Эрон АҚШ ва Исроилга жосуслик қилишда айбланган шахсни қатл этди
У сунъий йўлдошларни ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган илмий ташкилотда ишлаган, шундан сўнг у хорижий разведка агентликлари билан алоқа ўрнатган.

Эрон расмийлари АҚШ ва Исроил разведка агентликлари билан ҳамкорлик қилганликда айбланган Ирфан Шакурзадеҳнинг қатл этилганини эълон қилишди.
Бу ҳақда Fars хабар берди.
Эрон манбаларига кўра, у сунъий йўлдошларни ишлаб чиқиш билан шуғулланадиган илмий ташкилотда ишлаган, шундан сўнг у хорижий разведка агентликлари билан алоқа ўрнатган. Унинг махфий маълумотларни узатишга урингани айтилмоқда.
Иш материалларида АҚШ Марказий разведка бошқармаси (CIA) ва Исроил разведка бошқармаси "Моссад" билан ҳамкорлик қилгани ҳақида батафсил маълумотлар келтирилган.
"Алоқанинг дастлабки босқичларида, "Моссад" билан ҳамкорлик шаклини тўлдиргандан сўнг, Ирфан Шакурзадеҳ электрон почта орқали шахсий ва оилавий маълумотлар, иш жойи, кириш даражаси, вазифалар ва мажбуриятлар ва бошқалар каби маълумотларни алмашган", деб хабар берди нашр.
Аввалроқ Доналд Трамп Хитойга бориши ва Си Цзинпин билан Эрон масаласида гаплашиши айтилганди.
