platina.uz
Жамият

Хоразмда ИИБ инспектори ушланди

У танишини ички ишлар органларига ишга киритиб қўйиш эвазига 4500 АҚШ доллари талаб қилган. Тошкент вилоятида эса Мактабгача ва мактаб таълими бўлими методисти қўлга олинди. 

Хоразмда ИИБ инспектори ушланди

Ишга киритиш, рухсатнома олиш ва нафақа тайинлаш билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди.

Коррупцияга қарши курашиш йўналишида Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ва Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ҳудудларда бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.

Хусусан, Хоразм вилояти ИИБ Жамоат тартибини сақлаш бошқармаси кичик инспектори ўз хизмат мавқеидан фойдаланиб, Хонқа туманида яшовчи, 1973 й.т. фуқаронинг ишончига киради ва унинг 2001 й.т. танишини ички ишлар органларига ишга киритиб қўйиш эвазига 4500 АҚШ доллари талаб қилади.

Ўтказилган тезкор тадбирда, инспектор олдиндан 1800 АҚШ доллари ва 2,4 млн сўм олган вақтида ушланди.

Тошкент вилоятида қайд этилган ҳолатда эса туман Мактабгача ва мактаб таълими бўлими методисти хусусий оилавий боғча ташкил қилмоқчи бўлган фуқародан хонадоннинг санитария талабларига мослиги бўйича рухсатнома тайёрлатиб бериш эвазига 1,5 млн сўм ҳамда ёнғин хавфсизлиги талабларига мувофиқлиги юзасидан ижобий хулоса олиб бериш учун 200 АҚШ доллари талаб қилади. У сўралган пул маблағини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, методистдан 200 АҚШ долларини олган вақтида туман Фавқулодда вазиятлар бўлими катта инспекторининг ҳам ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.

Бу каби қонунбузилиши Қорақалпоғистон Республикасида ҳам қайд этилди.

Жумладан, Чимбой туманида яшовчи, 1970 й.т. аёл Кегейли туманида истиқомат қилувчи, 1969 й.т. фуқарога ёшга доир нафақа тайинланишида унинг иш стажини кўпайтириб бериш эвазига 7 млн сўм олган вақтида ушланди.

Аниқланишича, аёл бу ишни Қорақалпоғистон Республикаси Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида масъул лавозимда фаолият юритувчи ўғли орқали амалга оширишни режалаштирган.

Ҳозирда учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid