Бухоронинг тарихий юбилей санаси аниқланади
Тарихий манбаларни ўрганиш ва изланишларга кўра, шаҳар тарихи амалда қайд этилган 2500 йилдан кўпроқ даврни ташкил этишини айтилган.

Бухоро шаҳрининг тарихий юбилей санасини аниқлаш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу ҳақда вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг фармойиши эълон қилинди. Ҳужжат 2026 йил 6 майда қабул қилинган.
Унга кўра, Бухоро давлат университети, Бухоро техника университети, вилоят маданий мерос бошқармаси, Бухоро давлат музей қўриқхонаси, тарихчи ва экспертларнинг Бухоро ҳудудида олиб борилаётган илмий-археологик тадқиқотлар, тарихий манбаларни ўрганишлари ва изланишлар натижаларига асосланган ҳолда амалда қайд этилган шаҳар тарихи 2500 йилдан кўпроқ даврни ташкил этишини этиборга олиб, ҳақиқий қадимий даври (юбилей санаси)ни аниқлаштириш ишларини белгиланган тартибда қайта кўриб чиқиш ҳақидаги таклифи маъқулланди.
Фармойиш билан вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, етакчи тарихчи олимлар, археологлар ва ЮНЕСКО бўйича мутахассислардан иборат нуфузли ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.
Эндиликда Бухоронинг "уч минг йиллик тарихини" илмий асослаш ва ЮНЕСКОга тегишли номинация ҳужжатларини тайёрлаш вазифаси қўйилди.
Шаҳарнинг қадимий ёшини тарғиб қилувчи ҳужжатли фильмлар ва йирик маданий тадбирлар ташкил этилади.
