platina.uz
Жамият

2026 йил охирига қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари малакаси баҳоланади

Баҳолаш натижаларига кўра уларни лавозимда қолдириш, ротация қилиш, қайта тайёрлаш ёки меҳнат шартномаларини белгиланган тартибда бекор қилиш чоралари кўрилиши мумкин. 

2026 йил охирига қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ходимлари малакаси баҳоланади

"Соғлиқни сақлаш тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида" Президент фармони имзоланди.

Соғлиқни сақлаш вазирига тиббиёт соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича қуйидаги қўшимча ҳуқуқ ва ваколатлар берилади:

(а) соҳадаги устувор дастур ва лойиҳаларни амалга оширишни самарали ташкил этиш мақсадида вазирликнинг бюджетдан ташқари маблағлари, шу жумладан, Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси маблағлари ҳисобидан лойиҳа офисларини ташкил этиш, уларнинг вазифалари ва тузилмасини белгилаш;

(б) соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш билан боғлиқ тажриба-синов лойиҳаларини амалга ошириш;

(в) маҳаллий ва хорижий мутахассисларни фуқаролик-ҳуқуқий тусдаги шартномалар асосида жалб қилиш, шунингдек, консалтинг, экспертлик, таҳлилий ҳамда тиббиёт менежменти ва молиявий бошқарув бўйича малака ошириш хизматларини “таклиф сўрови” харид қилиш тартиб-таомили асосида харид қилиш ҳамда уларга бозор конъюнктурасини ҳисобга олган ҳолда миллий ёки чет эл валютасида, шу жумладан, маблағларни уларнинг хориждаги ҳисобварақларига ўтказиш орқали ҳақ тўлаш;

(г) соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш, ахборот тизимларини жорий этиш ва ягона рақамли экотизимни шакллантириш бўйича талаблар, стандартлар ва техник регламентларни белгилаш;

(д) вазирликка юклатилган вазифаларни амалга оширишда айрим функциялар ва хизматларни, шу жумладан, ходимларнинг лавозим йўриқномасида белгиланган вазифаларни шартнома асосида ва аутсорсинг хизматидан фойдаланиб амалга ошириш.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузурида қуйидагилар ташкил этилади:

-соғлиқни сақлаш соҳасида давлат сиёсатининг самарадорлигини баҳолаш, аҳоли саломатлиги кўрсаткичларини таҳлил қилиш ва прогнозлаш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш ҳамда стратегик қарорлар қабул қилиш учун таҳлилий маълумотлар тайёрлаш мақсадида Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти негизида Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази;

- тиббий хизматлар сифати, беморлар хавфсизлиги, клиник протокол ва стандартларга риоя этилишини баҳолаш, тиббиёт муассасалари фаолиятини таҳлил қилиш ҳамда клиник назорат тизимини жорий этиш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлган Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари;

- соғлиқни сақлаш соҳасидаги янгиликлар, тиббий хизматлар ва давлат сиёсатини жамоатчиликка холис ва тезкор етказиш, шунингдек, жамоатчилик фикр-мулоҳазаларини тизимли равишда йиғиш ҳамда таҳлил қилиш ва ахборот сиёсатини самарали ташкил қилиш мақсадида юридик шахс мақомига эга бўлган давлат муассасаси шаклида Контент медиамаркази.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги, унинг ҳудудий бўлинмалари ва идоравий бўйсунувидаги ташкилотларнинг Давлат бюджетидан молиялаштириладиган бошқарув ходимларининг штат бирликлари сони қуйидагича белгиланади:

- Соғлиқни сақлаш вазирлиги марказий аппарати – 298 та (шу жумладан, 1 та вазирнинг биринчи ўринбосари ва 5 та вазир ўринбосари);

- Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси – 68 та;

- Тиббиёт ва фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги – 42 та;

- Клиник аудит инспекцияси ва унинг ҳудудий бўлинмалари – 128 та;

-Аҳоли саломатлигини таҳлил қилиш илмий-тадқиқот маркази – 30 та;

-Қорақалпоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳри соғлиқни сақлаш бошқармалари жами – 602 та, туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш бўлимлари – 18 тадан.

Бунда соҳа учун қўшимча ажратиладиган штат бирликлари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси тизимидаги ташкилотлардан 880 та штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан шакллантирилади.

2026 йил якунига қадар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг малакаси эгаллаб турган лавозими бўйича баҳоланади.

Баҳолаш натижаларига кўра ҳамда меҳнат қонунчилиги талабларига мувофиқ ходимларнинг лавозимга мувофиқлигини таъминлаш, шу жумладан, уларни лавозимда қолдириш, ротация қилиш, қайта тайёрлаш ёки меҳнат шартномаларини белгиланган тартибда бекор қилиш чораларини кўрилади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid