Угом дарёси давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилинади
Дарёнинг давлат гидрологик табиат ёдгорлиги ҳудудида қурилиш ишлари учун ер участкалари ажратилишига йўл қўйилмайди.

Угом дарёси давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилинади.
Президентнинг 2026 йил 4 майдаги ПҚ-164-сонли қарорига мувофиқ, Угом дарёсининг табиий экотизимини сақлаб қолиш ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш мақсадида муҳим чора-тадбирлар белгиланди.
Қарорга кўра, Угом дарёси давлат гидрологик табиат ёдгорлиги деб эълон қилинади. Дарёнинг Тошкент вилояти ҳудудидан оқиб ўтувчи 13,3 км қисмига “Давлат гидрологик табиат ёдгорлиги” мақоми берилади.
2026 йил 1 июндан дарёнинг соҳил бўйи минтақалари ҳамда сувни муҳофаза қилиш зоналарида табиий гидрологик тизим ва экологик мувозанатга салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай қурилиш, ер ишлари ва сунъий иншоотларни барпо этиш қатъиян ман этилади.
Бунда:
- дарё ҳавзаси ва унинг ирмоқлари доирасида гидротехник, гидромелиоратив ишлар, бино ва иншоотлар, гидроэнергетика, сувни тартибга солиш ва деривация иншоотларини қуриш тўлиқ тақиқланади (фаолият юритаётган гидроэнергетика объектларини реконструкция қилиш бундан мустасно);
- дарёнинг давлат гидрологик табиат ёдгорлиги ҳудудида қурилиш ишлари учун ер участкалари ажратилишига йўл қўйилмайди.
Угом дарёсининг соҳил бўйи минтақалари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида жойлашган объектларнинг атроф-муҳитга салбий таъсири ва экологик талабларга мувофиқлигини ўрганиш юзасидан Ҳукумат комиссияси таркиби тасдиқланди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди. Ҳукумат комиссияси 2026 йил 1 августга қадар дарё бўйидаги барча бино ва иншоотларни хатловдан ўтказади. Экологик талабларга жавоб бермайдиган объектларнинг фаолияти тўхтатилади ёки кўчирилади.
2026 йил 1 октябрга қадар Угом дарёси экотизимини яхшилаш бўйича комплекс Мастер режа тасдиқланиши белгиланган.
