platina.uz
Жамият

44 та туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари ишдан олинди

Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигида танқидий йиғилиш ўтказилди. 

44 та туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари ишдан олинди

44 та туман электр тармоқлари корхонаси раҳбари ишдан олинди. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.

Жорий йилнинг 24 апрел куни Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари энергия самарадорлиги масалаларига алоҳида тўхталиб, электр энергияси йўқотишлари 20 фоиздан юқори бўлган 44 та туман электр тармоқлари корхоналаридаги ҳолатни танқид қилган эди.

Шу муносабат билан, хулоса чиқармаган раҳбарларни зудлик билан ишдан олиш, уларнинг ўрнига ёш кадрларни тайинлаш ҳамда йўқотишларни камида икки баробар қисқартириш бўйича аниқ КПИ белгилаш зарурлиги таъкидланган эди.

Мазкур топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов бошчилигида танқидий йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда тармоқ раҳбарлари, ҳудудий электр ва газ корхоналари мутасаддилари иштирок этиб, энергия самарадорлиги ва энергия ресурслари йўқотишларини камайтириш бўйича олиб борилаётган ишлар танқидий таҳлил қилинди. Шунингдек, кечиктириб бўлмайдиган устувор вазифалар белгилаб олинди.

Хусусан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Электр энергияси, нефть маҳсулотлари ва газдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликларни бартараф этиш мақсадида ҳудудларда ишчи гуруҳлар ташкил этилди. Улар томонидан жами 106 140 та трансформатор пунктининг техник ҳолати ўрганилиб, 25 668 таси таъмирталаб экани аниқланди ва айни пайтда уларни таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, юқори юкламага эга тармоқларда симларни алмаштириш, зарур ҳудудларда тармоқларни тезкор модернизатсия ва реконструксия қилиш, шунингдек, ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш чораларини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Йиғилишда, шунингдек, электр энергияси йўқотишларини камайтиришда сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш лойиҳасини жадаллаштириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Газ таъминоти масалалари бўйича олиб борилаётган ишлар ҳам танқидий кўриб чиқилиб, бу борада жиддий камчиликларга йўл қўйгани учун “Ҳудудгаз Хоразм” газ таъминоти филиали раҳбарини ишдан олиш бўйича топшириқ берилди.

Йиғилиш якунида электр энергияси йўқотишлари 20 фоиздан юқори бўлган ҳудудлар кесимида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг Андижон филиалидаги 14 та, Жиззах филиалидаги 7 та, Самарқанд филиалидаги 10 та, Қашқадарё филиалидаги 4 та, шунингдек Сирдарё, Тошкент ва Фарғона филиалларидаги 2 тадан туман (шаҳар) электр корхоналари раҳбарлари лавозимидан озод этилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid