Марғилон шаҳар ҳокими ҳам ишдан кетди
Шукуруллохон Нисбатхонов ҳоким бўлиб тайинлангандан 3 ой ўтиб ҳайфсан олганди.

Марғилон шаҳар ҳокими Нисбатхонов Шукуруллохон Холматхонович лавозимидан озод этилди.
Унинг ўрнига Рустамов Элбек Рустамович тайинланди. Бунгача у Марказий банк Фарғона вилояти бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари бўлиб ишлаган.
Нисбатхонов 2023 йил августда тайинланганди. Шу йил ноябрда эса “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида ва 2023/2024 йилги куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бўйича амалга оширилиши лозим бўлган ишларга бефарқлик билан ёндашиб, ўзига юклатилган вазифаларга масъулиятсизлик билан қарагани учун ҳайфсан жазосини олган.
Эслатиб ўтиш керак, Президент Шавкат Мирзиёев икки кунлик ташриф билан Фарғона вилоятида бўлиб қайтди.
Ташриф пайтида Бешариқ ва Ўзбекистон туманларида ҳам ҳокимлар ўзгарди.
Бешариқ тумани ҳокими бўлиб ишлаган Расул Жўраев Ўзбекистон туманига, аввал Қўштепа ҳокими сифатида ишлаб, президент танқиди билан ишдан олинган Илёс Новиков эса Бешариқ туманига ҳоким бўлди.
