platina.uz
Жамият

Тошкент шаҳар ҳокимига икки ўринбосар тайинланди

Даулетияр Худайбергенов ҳокимнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари бўлди. У аввал Президент Администрациясида фаолият юритган. 

Тошкент шаҳар ҳокимига икки ўринбосар тайинланди

Тошкент шаҳар ҳокимига икки нафар ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Худайбергенов Даулетияр Бахтиярович Тошкент шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Даулетияр Худайбергенов 1990 йилда Нукус шаҳрида туғилган. 2013 йилда Тошкент давлат юридик институтини бакалавриат, 2015 йилда магистратура босқичларини тамомлаган. 2024 йилда Санкт-Петербург давлат иқтисодиёт университетини қайта тайёрлаш йўналиши бўйича тугатган.

2025 йилда Ўзбекистон Банк-молия академиясининг магистратура босқичини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2014 йилда бошлаб, қатор масъулиятли вазифаларни бажариб келган.

Президент Администрациясида ишлаган даврида халқаро молия институтлари иштирокидаги лойиҳаларни амалга ошириш ва молиялаштириш механизмларини такомиллаштириш, юқори ликвидли ва монопол товарларни сотиш жараёнларига бозор механизмларини жорий этиш, саноат корхоналарининг экспорт салоҳиятини ошириш, қурилиш ва коммунал соҳани ҳамда ҳудудларни ривожлантириш бўйича ислоҳотларда бевосита иштирок этган.

Шу кунга қадар Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти бошқарма бошлиғи лавозимида ишлаган.

Дусмуҳамедов Алишер Исматиллаэвич Тошкент шаҳар ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари — Рақамли ривожланиш департаменти раҳбари лавозимига тайинланди.

Алишер Дусмуҳамедов 1981 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 2002 йилда Тошкент электротехника алоқа институтини, 2006 йилда Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2013 йилда Ўзбекистон Республикаси Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини, 2021 йилда Тошкент ахборот технологиялари университетини тамомлаган.

Меҳнат фаолиятини 2003 йилда бошлаб, қатор масъулиятли вазифаларда ишлаган. 2023 йил 29 мартдан буён Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона қўмитаси Ахборот-коммуникация технологиялари ва киберхавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid