ЖССТ раҳбари: "Зироат Мирзиёева болалар саратонига қарши курашда чинакам етакчи"
Тедрос Гебрейесус Зироат Мирзиёева билан Республика ихтисослаштирилган болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюрди.

ЖССТ раҳбари Тедрос Гебрейесус Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёеванинг болалар саратонига қарши кураш ва уларнинг ҳаётини яхшилашдаги ролини эътироф этди.

Тедрос Гебрейесус “Замин” фонди Васийлик кенгаши раиси Зироат Мирзиёева билан Республика ихтисослаштирилган болалар онкологияси, гематологияси ва иммунологияси илмий-амалий тиббиёт марказига ташриф буюрди.
ЖССТ раҳбари Биринчи хоним раислигидаги “Zamin” фондининг болалар онкологияси хизматларини ривожлантиришдаги муҳим ўрнини алоҳида қайд этди.

Хусусан, Тошкент шаҳридаги Республика болалар онкологияси ва гематологияси маркази ҳамда унинг негизида ва бутун мамлакат бўйлаб фаолият юритаётган “Mehrli maktab” лойиҳаси орқали шифохоналарда бемор болаларга узлуксиз таълим бериш тизими йўлга қўйилганини юқори баҳолади.

Тедрос Гебрейесус имкон қадар кўпроқ болалар шифо топишига – саратон касаллигини енгиб ўтишига кўмаклашиш мақсадида минтақавий ва халқаро шериклар билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини, бу борадаги ташаббусларни доимий қўллаб-қувватлашда давом этишини билдирди.
