platina.uz
Таҳлил

Ҳормуз бўғози: муқобил йўллар

Муаммони ҳал қилишга уриниш кучайган бўлса-да, асосий савол очиқ қолмоқда: дунё бу хавфни назорат остида ушлаб тура оладими ёки янги беқарорлик даври бошланадими?

Ҳормуз бўғози: муқобил йўллар
Фотоколлаж: Platina.uz

Сўнгги пайтларда Ҳормуз бўғози нафақат транспорт артерияси, балки сиёсий босим воситаси сифатида ҳам кўрилмоқда. Эрон атрофидаги кескинлик кучайган шароитда унинг аҳамияти янги сифат касб этмоқда. Ҳормуз эҳтимолий инқироз триггерига айланмоқда, унинг очилиши бутун минтақа чегарасидан анча узоқ оқибатларга олиб келиши мумкин.

Энергетик қарамлик ва заифлик

Ҳормуз бўғози орқали кунига тахминан 17-20 миллион баррел нефт ўтади, бу эса жаҳон истеъмолининг қарийб бешдан бир қисмини ташкил этади. Шунингдек, ушбу йўналиш орқали, айниқса Қатардан, суюлтирилган табиий газнинг катта қисми ташилади.

Ўтган 2 ой давомида Эрон ва АҚШ-Исроил ўртасидаги қуролли можаро ортидан Эрон охирги ва энг самарали “қарта”сини ўртага ташлади: бўғозни ёпиб қўйди. Бу жаҳондаги сиёсий ва иқтисодий манзарага улкан салбий таъсир кўрсатди.

Хусусан, Абу-Даби нефт компанияси ADNOC раҳбари таъкидлаганидек, Ҳормуз бўғозининг 50 кунга ёпилиши жаҳон бозорларига тахминан 600 миллион баррел нефт етказиб беришнинг бузилишига олиб келган.

Эроннинг Ҳормуз бўғозини ёпиб қўйиши нефт нархларини ошириб юборди. Маълумот ўрнида, бу фақат Россия учун фойда келтирди. Москва нефт сафдосидан қарийб 100 миллирд доллар қўшимча даромад кўргани айтиляпти. Бу эса Россия армияси янада кучайишига ва Украина мустақиллиги учун хавф туғдириши аниқ.

Бўғознинг ҳатто қисман блокада қилиниши ҳам жаҳон иқтисодиётида занжирли реакцияга сабаб бўляпти. Биринчи навбатда, нефт нархи кескин ошиб кетди. Айрим баҳолашларга кўра, шу кетишда баррел нархи 120-150 доллар, экстремал ҳолатларда эса 200 долларгача чиқиши мумкин.

Иккинчидан, энг кўп зарар кўрадиган давлатлар – Хитой, Ҳиндистон ва Япония бўлиб, уларнинг энергия импортининг катта қисми шу йўлдан ўтади. Ҳатто АҚШ бўғоздаги вазиятдан Хитойга босим ўтказиш учун фойдаланмоқда, деган қарашлар ҳам мавжуд.

Учинчидан, энергия нархининг ўсиши глобал инфляцияга олиб келади – транспорт харажатлари, озиқ-овқат нархлари ва ишлаб чиқариш қиймати ошади. Молиявий бозорларда беқарорлик кучаяди.

Самарасиз музокаралар

Албатта, томонлар уруш ҳал қила олмаган жиҳатларни дипломатик йўл билан ҳал қилишга интилмоқда.

Лекин Покистонда 11-12 апрел кунлари ўтказилган музокаралар натижа бермади. Эрон ўз ядровий дастуридан воз кечмаслигини ва бўғоз устидан монопол назоратни қўлдан бермаслигини маълум қилди. Бунга жавобан АҚШ ҳам бўғозни блокада қилди. Ҳатто Трамп бўғоздан ўтадиган кемалар мансуб давлатларга 50 фоизлик бож киритиш билан таҳдид қилди.

АҚШ блокадаси Эрон иқтисодиёти учун ҳам хавф туғдириши боис, Теҳрон томони талабларини юмшатиб, яна бўғозни очишга мажбур бўлди. Лекин тузилган муваққат сулҳ талаблари АҚШ томонидан бузилаётганини, хусусан Эрон яратган ва молиялаштирувчи “Ҳизбуллоҳ” жангариларига қарши ҳужумларни баҳона қилиб, яна бўғозни ёпди. Кейинчалик кемаларга сув йўлагининг Уммон тарафидан ўтишига рухсат бериши ва хавфсизлик учун масъулиятни ушбу давлатга юклаш талаби билан чиқди. Бироқ шунда ҳам ҳарбий кемаларни ўтказмаслигини маълум қилди.

Айни пайтда музокаралар учун дипломатик эшиклар очиқ. Лекин Теҳрон Исломободда музокараларнинг иккинчи раунди ўтказилиши ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирди. Эрон томонининг фикрича, АҚШнинг ортиқча талаблари, нореал ва асоссиз шартлари, позицияларининг доимий ўзгариши, зиддиятли баёнотлари, шунингдек, келишилган ўт очишни тўхтатиш шартларининг бузилиши сифатида баҳоланаётган давом этаётган денгиз блокадаси ва таҳдидли риторика ҳозиргача музокаралар тараққиётига тўсқинлик қилиб келмоқда. Бундай шароитда самарали музокаралар учун аниқ истиқбол кўринмаяпти.

Эрон омили: асимметрик таъсир стратегияси

Эронга бўғознинг шимолий соҳилини назорат қилиш имкониятидан асимметрик тийиб туриш стратегияси доирасида фаол қўллаяпти. Қизиқ жиҳати шундаки, Эрон бўғозни амалда ёпишга интилмайди. Аксинча, у назорат қилинувчи ноаниқлик ҳолатини сақлаб туради. Блокада эҳтимоли санкциялар ва ядровий дастур атрофидаги музокараларда босим воситаси сифатида қўлланилади. Бу стратегия Эронга очиқ тўқнашув чегарасидан ўтмасдан туриб глобал бозорларга таъсир кўрсатиш имконини беради.

Зеро, Ҳормуз устидан назорат Теҳрон учун имконият билан бирга хавф ҳамдир. Эрон иқтисодиёти нефт экспортига боғлиқ бўлиб, унинг катта қисми шу йўл орқали ўтади. АҚШ блокадаси Теҳронни ташвишга солиб қўйгани бунинг исботидир.

Лекин Ҳормуздаги хавфсизлик масаласи ташқи кучлар иштирокисиз ҳал қилинмайди. АҚШ бу ҳудудда навигация эркинлигини таъминлашга интилади. Асосий муаммо эса Эроннинг қайсарлиги ҳам эмас, балки у жойлаштириб ташлаган мингдан зиёд денгиз миналарининг мавжудлигидир. Уларни зарарсизлантиришга ҳатто Теҳроннинг ҳам қурби етмайди. Ҳозирда америкалик ҳарбийлар минадан тозалаш ишларида ҳам кемалардан, ҳам дронлардан фойдаланмоқда.

Ҳуқуқий меъёрлар ва муқобил йўллар

Эрон томонидан бўғознинг ёпилиши 1994 йилда кучга кирган, 168 та давлат ҳамда Европа Иттифоқи аъзолари имзолаб, ратификация қилган “Денгиз ҳуқуқи бўйича БМТ конвенцияси” талабларини бузмоқда. Бундай қадамлар хавфли перецендент яратиши ҳам мумкин. Масалан, Туркия назоратидаги Босфор ва Дарданелл бўғозларидан эркин ўтишни кафолатловчи Монтре шартномасининг амал қилиш муддати 2023 йилда тугаган эди. Эроннинг халқаро ҳуқуқ қоидаларини бузиши, Ҳормузни ёпиб, ўтадиган кемалардан пул ундиришга уриниши Туркия учун ҳам “юқумли” триггер бўлиши мумкин.

Албатта, вазиятни енгиллаштириш йўллари мавжуд. Дипломатик музокаралар, энергетик диверсификация ҳамда халқаро ҳамкорлик шулар жумласидандир.

Аммо муқобил ташув йўлларини яратишга устуворлик берилмоқда. Бу режалар амалга ошса, Эрон режимининг сиёсий шантаж қуроли таъсири камайиши мумкин.

Масалан, Трамп ҳукумати ядро қуролини ишга солиб, Арабистон ярим ороли саҳнида янги йўлакни қазишни таклиф қилди. Шунингдек, Қизил денгиз орқали ташувларни кучайтириш масаласи ҳам кўрилмоқда.

Шу билан бирга, Туркия ҳукумати асосан қуруқлик орқали ўтувчи иккита савдо йўлагини фаол тарзда илгари сурмоқда. Улардан бири бевосита Форс кўрфази давлатларининг энергия ресурслари ва ўғитларини Ҳормузни айланиб ўтган ҳолда экспорт қилишга мўлжалланган.

Биринчи йўлак – “Ўрта йўлак” бўлиб, у трансевроосиё транспорт артерияси ҳисобланади. У Европа ва Осиё ўртасидаги ҳар йили 3 триллион долларлик савдонинг бир қисмини қамраб олиши мумкин (бу савдонинг 90 фоизи ҳозирда денгиз орқали амалга оширилади) ҳамда етказиб бериш муддатини 40 кундан 12-15 кунгача қисқартириш имконини беради.

Иккинчи лойиҳа – “Тараққиёт йўли” бўлиб, у қиймати 17-25 миллиард долларлик инфратузилма қурилишини назарда тутади. Ушбу лойиҳа Ироқнинг Басра портини Туркия ва Европа билан 1200 километрлик автомобил йўллари, темир йўллар ва қувурлар тармоғи орқали боғлашни кўзда тутади. Бу эса Форс кўрфази давлатларига Ҳормуз бўғозини ва амалда эронпараст хусийлар назоратида бўлган Қизил денгизни айланиб ўтиш имконини беради.

Ҳозирча “Тараққиёт йўли” лойиҳаси концепция босқичида қолмоқда, бироқ Ўрта йўлак қурилиши Туркия ва Озарбайжонда аллақачон фаол давом этмоқда. Унинг ўтказувчанлик қувватини 5 миллион тоннагача бўлган ҳажмдан 20 миллион тоннагача ошириш режалаштирилган.

Шунингдек, Озарбайжон президенти БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва ижтимоий комиссиясининг 82-сессияси иштирокчиларига йўллаган мурожаатида ҳозирги геосиёсий шароитда “Ўрта йўлак”нинг аҳамияти ортиб бораётганини таъкидлади. У Зангезур йўлаги Осиёни Европа билан боғлаб, минтақавий алоқаларнинг янада ривожланишига хизмат қилишини таъкидлади. Таъкидлаш керак, Эрон қарши чиқаётган бу йўлак Марказий Осиё давлатлари, жумладан, Ўзбекистон учун ҳам Европага чиқиш йўли ҳисобланади.

Хулоса

Ҳормуз бўғози замонавий дунё тизимининг энг нозик нуқталаридан бири бўлиб қолмоқда. У нафақат ресурслар йўли, балки сиёсий босим воситасига ҳам айланмоқда. Муаммони ҳал қилишга уриниш кучайган бўлса-да, асосий савол очиқ қолмоқда: дунё бу хавфни назорат остида ушлаб тура оладими ёки янги беқарорлик даври бошланадими?..

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid