Сурхондарёда “Медиа ҳафталик” 1000 га яқин иштирокчини жамлади
Сурхондарё вилоятида юқори даражада ўтказилган “Медиа ҳафталик”да 1000 га яқин иштирокчи, хусусан, матбуот котиблари, давлат ва нодавлат телеканаллар ходимлари, босма ва электрон нашрлар журналистлари, блогерлар, мобилографлар, SMM мутахассислари ҳамда контент яратишга қизиқувчи ёшлар фаол иштирок этишди.

Сурхондарё вилоятида беш кун давомида медиа соҳасининг фаол ва изланувчан вакилларини бирлаштирган “Медиа ҳафталик” ўз ишини якунлади. Қорақалпоғистон ва Хоразмдан бошланган маҳорат дарслари Термиз шаҳрида янгича шижоат ва бой таассуротлар билан давом этди. Лойиҳанинг асосий мақсади – маҳаллий ижодкорларни глобал ахборот маконида рақобатбардош қила оладиган замонавий билимлар билан қуроллантириш ва ҳудудий медиани сифатли контент яратишнинг янги босқичига олиб чиқишдан иборат.
Ҳафталик доирасида соҳанинг кўплаб вакиллари қамраб олинди. Турли тематик йўналишларда ташкил этилган машғулотларда жами 1000 га яқин иштирокчи, хусусан, 58 нафар матбуот котиби, 66 нафар давлат ва нодавлат телеканаллар ходими, 41 нафар босма ва электрон нашрлар журналисти жалб этилди. Шунингдек, янги медиа трендларига мос равишда 35 нафар фаол блогер, 250 нафар мобилограф, 250 нафар SMM устаси ҳамда 300 нафардан зиёд контент яратишга қизиқувчи ёшлар ушбу ўқув семинарларида қатнашди.

Беш кунлик дастур назарий тушунчалар бериш билан бирга, мутахассисларда амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилди. Воҳа медиа вакиллари нафақат тажриба алмашдилар, балки маҳаллий ОАВ фаолиятини таҳлил қилиб, мавжуд муаммоларга биргаликда ечим изладилар. Бу ерда сунъий интеллект имкониятлари, фактчекинг орқали ёлғон хабарларга қарши туриш ва ахборот хавфсизлик каби долзарб мавзулар муҳокама марказида бўлди.

Машғулотларни соҳанинг тан олинган экспертлари ва тажрибали амалиётчилари олиб борди. Айниқса, тасвир сифати ва операторлик маҳоратига бағишланган тренинглар қатнашчиларда катта қизиқиш уйғотди.

Лойиҳа давомида соҳа вакиллари ўз йўналишлари бўйича алоҳида гуруҳларга бўлинган ҳолда билимларини оширди. Газета ва журналлар бош муҳаррирлари ҳамда интернет нашрлари ходимлари, вилоят телеканалларининг мухбир, тасвирчи ва монтажчилари, давлат идораларининг ахборот хизмати раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий блогерлар, мобилографлар, SMM мутахассислари ҳамда медиа соҳасига энди қадам қўяётган ёш ижодкорлар учун махсус сессиялар ташкил этилди.

Ҳафталик доирасида ахборот соҳаси вакиллари учун иккита муҳим методик нашр тақдим этилди. Давлат органларининг ОАВ ва блогерлар билан муносабатларини ҳуқуқий тартибга солувчи қўлланма ҳамда ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларни верификация қилиш бўйича йўриқнома мутахассислар учун кундалик иш жараёнида асосий кўмакчи бўлади.

Сурхондарёдаги мазкур ижодий мулоқотлар кенг қамровли Медиа форум билан ўз якунига етди. Эътиборлиси, якуний Форумда 500 дан зиёд фаол иштирокчи жам бўлиб, ҳафталик давомида олинган билимлар ва келгуси режаларни муҳокама қилди. Лойиҳанинг кейинги босқичи жорий йилнинг 20-24 апрель кунлари Қашқадарё вилоятида давом этади.
