Кинотавсия: “Отто”, “Жанго”, Аватар-3” ва бошқалар
Platina.uz мазкур лойиҳанинг яна бир сонида яхши филмларни саралаб чиқди.

“Кинотавсия” лойиҳасининг навбатдаги сонида янги премьера ва ретро филмлар ўрин олди. Марҳамат, улар билан танишинг.
5. “Кичкина табиб”, 1998
1998 йилда суратга олинган машҳур ўзбек бадиий филми. Ушбу кино комедия ва драма жанрларини ўзида жамлаган бўлиб, ўзбек киносининг классик намуналаридан бири ҳисобланади. Режиссёр ва сценарий муаллифи: Зулфиқор Мусоқов. бош ролларда Дилшодбек Каттабеков, Мурод Ражабов, Карим Мирҳодиев, Ҳожиакбар Нурматов, Фотима Режаметова ва Ражаб Адашев.
Сюжет
Филм тоғли қишлоқда яшовчи кичкина Дониёр исмли болакай ҳақида. У атрофидагиларга ноодатий усуллар билан шифо бериш қобилиятига эга. Дониёрнинг шуҳрати тез орада бутун мамлакатга тарқалади ва унинг олдига турли инсонлар шифо истаб кела бошлайди. Филмда кичкина табибнинг бошидан кечирган қизиқарли ва гоҳида ғамгин саргузаштлари, инсонийлик ва меҳр-оқибат мавзулари маҳорат билан очиб берилган.
4. “Отто”, 2022 (АҚШ)
Комедия ва драма жанрларини ўзида мужассам этган машҳур филм. У швед ёзувчиси Фредрик Бакманнинг “Уве исмли киши” бестселлери асосида ишланган. Режиссёр: Марк Форстер. Бош ролда Том Хенкс.
Филмда Оттонинг ёшлигини Том Хенкснинг ўғли Труман Хенкс ижро этган. Бу кино 2015 йилдаги “Уве исмли киши” номли Швеция филмининг Ҳолливуд версияси (римейки) ҳисобланади.
Сюжет
Филм Отто Андерсон исмли кекса, жаҳлдор ва ҳар бир нарсадан айб қидирадиган ёлғиз эркак ҳақида. Хотини вафот этгач, у ҳаётдан мазмун тополмай, ўз жонига қасд қилишга уринади. Бироқ қўшни уйга кўчиб келган серғайрат ва қувноқ оила, айниқса, Марисол исмли аёл унинг режаларини бузиб юборади.
Кутилмаган дўстлик Оттонинг дунёқарашини ўзгартиради ва унга ҳаётни қайтадан севишга ёрдам беради. Бу филм инсонийлик, меҳр-оқибат ва оғир дамларда бир-бирини қўллаб-қувватлаш нақадар муҳимлиги ҳақидадир.
3. “Музокара устаси”, 1998 (АҚШ)
Психологик триллер ва жангари кинонинг энг сара намуналаридан бири ҳисобланади. Режиссёр: Ф.Гэри Грей. Бош ролларда: Сэмюэл Л.Жексон ва Кевин Спейси.
Сэмюэл Л.Жексон ва Кевин Спейсининг экрандаги қарама-қаршилиги жуда кучли ишланган. Бу уларнинг фаолиятидаги энг яхши роллардан бири ҳисобланади. Кинода 90-йилларнинг жангари филмларига хос бўлган ҳақиқийлик ва шиддат мужассам.
Сюжет
Филм марказида Чикаго полициясининг моҳир музокара устаси Дэнни Роуман (Сэмюэл Л.Жексон) туради. Унинг ҳаёти бир кечада остин-устун бўлиб кетади: шериги ўлдирилади ва Роуман полиция нафақа жамғармасидан пул ўғирлаганликда ноҳақ айбланади.
Ҳеч ким унга ишонмаётганини кўрган Дэнни чорасизликдан полиция бошлиғи ва бошқа ходимларни гаровга олади. У ўзини оқлаш учун фақат бир киши – бошқа тумандан бўлган ва коррупцияга алоқаси йўқ музокарачи Крис Сэбиан (Кевин Спейси) билан гаплашишни талаб қилади. Икки профессионал ўртасидаги ақл ва сўз жанги филмнинг асосий қисмини ташкил этади.
2. “Озод Жанго”, 2012 (АҚШ)
Машҳур режиссёр Квентин Тарантино томонидан суратга олинган, вестерн ва драма жанридаги шов-шувли филм. Ушбу кино Америкадаги қуллик даври ҳақида бўлиб, ўзига хос услуби ва ўткир сюжетлари билан ажралиб туради.Бош ролларда: Жейми Фокс, Кристоф Валц, Леонардо Ди Каприо ва Сэмюэл Л.Жексон.
Филм 2 та “Оскар” (Энг яхши сценарий ва Кристоф Валц учун энг яхши иккинчи пландаги эркак роли) мукофотини олган.
Леонардо Ди Каприо ва Сэмюэл Л.Жексоннинг салбий роллари филмнинг энг кучли томонларидан бири. Тарантинога хос бўлган узун, қизиқарли ва кутилмаган мазмундаги суҳбатлар филмга безак берган. Филмда классик вестерн мусиқалари ва замонавий хип-хоп йўналиши маҳорат билан уйғунлаштирилган.
Сюжет
Воқеалар АҚШда фуқаролар уруши бошланишидан икки йил олдин содир бўлади. Немис тиш шифокори ва айни пайтда “бош каллакесар” (жиноятчиларни тутиб пул ишловчи) доктор Кинг Шулц исмли киши Жанго исмли қулни озод қилади.
Шулцга хавфли жиноятчиларни топишда Жангонинг ёрдами керак бўлади. Эвазига у Жангога тўлиқ озодлик ва унинг шафқатсиз плантатор қўлида қолиб кетган рафиқаси Брумхилдани топишда ёрдам беришни ваъда қилади. Уларнинг йўли ёвуз ва маккор плантация эгаси Кэлвин Кэнди (Леонардо Ди Каприо) ҳузурига етаклайди.
1. “Аватар-3: олов ва кул”, 2025 (АҚШ)
Таниқли режиссёр Жеймс Кэмероннинг машҳур франшизасининг учинчи қисми. Эски қаҳрамонлар (Жейк Салли, Нейтири) билан бир қаторда янги юлдузларни ҳам кўриш мумкин. Мишел Йео (доктор Карина Моуг ролида, аммо унинг асосий иштироки 4-қисмга тўғри келиши айтилмоқда). Дэвид Тюлис ва Кейт Уинслет ҳам ўз ролларига қайтган.
Филм “Аватар: Сув йўли” билан параллел равишда суратга олинган. Филмнинг бюджети 350-400 миллион доллар атрофида баҳоланган.
Сюжет
Учинчи қисмда Пандора дунёси янада кенгаяди. Кул қавми – филмда олов унсурига асосланган ва аввалгиларидан фарқли равишда агрессив бўлган янги қабила. Режиссёр бу гал навиларнинг фақат ижобий эмас, балки салбий томонларини ҳам кўрсатиб, “яхши” ва “ёмон” тушунчалари ўртасидаги чегарани хиралаштиришини таъкидлаган. Кул қавми раҳбари – Варанг исмли қаҳрамон бўлиб, уни “Тахтлар ўйини” юлдузи Уна Чаплин ижро этган.
