Хориждан онлайн тарзда смартфон ва ноутбук харид қилинганда 5 фоиз ягона божхона тўлови ундирилади
Бу планшет, миксер, шарбат чиқаргич, соч қуритиш ускунаси, электр чойнак, мултипиширгичлар, дазмоллар учун ҳам амал қилади. Ушбу тартиб 2026 йил 1 июлдан жорий этилади.

Айрим товарларни хориждан онлайн харид қилганда ягона божхона тўлови ундирилади. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
2026 йил 1 июлдан 5 та позициядаги товарлар, жумладан, смартфон, ноутбук, планшет, колонка, миксер, шарбат чиқаргич, соч қуритиш ускунаси, электр чойнак, мултипиширгичлар, дазмол ва бошқа товарлар хориждан онлайн харид қилинганда, 5 фоиз миқдорида ягона божхона тўлови тўланади.
Шунингдек, 30 та позициядаги товарлар, жумладан, кийим-кечаклар, поябзал, соатлар, хотира қурилмалари, қувватлагич, фонарь, қулоқчин, монитор ва проекторлар, видеоўйин аппаратлари каби товарлар учун эса қўшилган қиймат солиғи ва 3 фоиз миқдорида божхона божи тўланади.
Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилотининг Глобал бренд маълумотлар базасида рўйхатдан ўтган халқаро бренд ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида халқаро бренд товарлари реестрига киритилган чет эл товарларини бонд омборига жойлаштириш ва махсус электрон савдо платформалари орқали реализация қилиш тақиқланади.
Бошқа товарлар учун эса амалдаги халқаро курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар номига олиб келинадиган товарларга нисбатан божсиз олиб киришнинг белгиланган ойига 200 АҚШ доллари нормаси сақланиб қолади.
