platina.uz
Мақола

Ядро қуроли нега бошқаларга мумкину, Эронга мумкин эмас?

Шимолий Корея, Исроил, Ҳиндистон ва Покистон ядро бомбасига эга. Нега уларга чора кўрилмайди? Нега қуролли ҳужум қилишмайди?

Ядро қуроли нега бошқаларга мумкину, Эронга мумкин эмас?
Фотоколлаж: Platina.uz

Бугунги кунда Эрон ва АҚШ-Исроил коалицияси ўртасидаги қуролли можаро дунё медиаси фокусида турибди. АҚШ ва Исроил ўз ракета зарбаларининг асосий сабаби сифатида Эроннинг ўз ядровий қуролига эга бўлишига йўл қўймасликни кўрсатади.

Хўш, дунёнинг бошқа саноқли давлатлари каби Эрон ҳам ўз ядровий қуролига эга бўлса, нима қилибди? Теҳрон доимо ўз ядровий дастури қурол ясашга қаратилмаганини таъкидлаб келган. Ҳатто Оятулло ҳам буни тақиқлаб фатво берган. Лекин Шимолий Корея ядро бомбасига эгалигини ошкора айтиб келади. Нега унга санкциялардан бошқа чора кўрилмайди? Нега Шимолий Кореяга қуролли ҳужум қилишмайди? Ҳозир шу саволларга жавоб топишга уринамиз.

Ядро қуролининг пайдо бўлиши

XX аср ўрталарида ядровий қурол пайдо бўлганидан сўнг, халқаро ҳамжамият инсоният учун мислсиз хавф билан тўқнаш келди. Ядровий қурол бутун цивилизацияни йўқ қилишга қодир бўлгани сабабли, нафақат ҳарбий, балки сиёсий куч воситасига айланди.

Зеро, ядровий қуролни тарқатмаслик тизими давлатлар ўртасидаги тенглик тамойилига эмас, балки тарихан шаклланган кучлар мувозанатини сақлашга асосланган бўлиб, у глобал барқарорликни таъминлаш билан бирга етакчи давлатлар манфаатларини ҳам акс эттиради.

1945 йилда ядровий қурол илк бор қўлланилиши унинг ҳалокатли кучини намоён қилди ва қуролланиш пойгасига старт берди. Кейинчалик СССР, Буюк Британия, Франция ва Хитой ҳам ядровий қурол яратди.

1960-йиллар ўрталарига келиб, ядровий қурол тарқалиши назорат қилинмаса, халқаро хавфсизликка жиддий таҳдид солиши аён бўлди. Бу эса халқаро назорат механизмларини яратиш зарурлигини туғдирди.

Вазият шундай тус олдики, Иккинчи жаҳон урушининг асосий ғолиб давлатлари – фақатгина АҚШ, СССР, Буюк Британия, Франция ва Хитойда ядровий қурол бўлишига рухсат берилди. Бу давлатлар БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий, яъни вето ҳуқуқига эга аъзоларига ҳам айланишди. Де-факто, уларнинг рухсатисиз ҳеч бир давлат ядро қуролига эга бўлиши тақиқланди.

Ядровий қуролни чеклаш сабаблари

1968 йилда қабул қилинган Ядровий қуролни тарқатмаслик тўғрисидаги шартнома глобал назорат тизимининг асосига айланди. Унга кўра, 1967 йилгача ядровий синов ўтказган давлатлар ядровий давлат сифатида тан олинади. Бошқа давлатлар эса ядровий қурол яратмаслик мажбуриятини ўз зиммасига олади. Шу тариқа, мазкур шартнома юқорида зикр этилган бешта қудратли давлатнинг устун ва мумтоз мақомини мустаҳкамлади.

Чунки ядровий давлатлар сони кўпайиши қурол қўлланиш эҳтимолини кучайтиради. Бу эса глобал ҳалокат хавфини каррасига оширади.

Қолаверса, ядровий технологиялар тарқалиши ядровий қурол ноқонуний қўлларга тушиш хавфини оширади.

“Ўйин қоидаларини” бузган янги ядровий давлатлар

Бироқ шу ўринда ҳақли савол туғилади. Фақат 1967 йилгача ядровий синовлар ўтказган 5 та қудратли давлатга ядро бомбасига эга бўлишга рухсат берилган экан, нега Ҳиндистон, Покистон ва Исроилда ҳам ядро каллаклари пайдо бўлиб қолди?

Гапни Ҳиндистондан бошласак, бу давлат ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномани адолатсиз деб ҳисоблаб, уни имзоламади ва 1974 йилда ядровий синов ўтказди.

Қолаверса, Ҳиндистон 1974 йилга келиб, Хитой ва Покистон билан келиб чиққан қуролли тўқнашувлар ва тарихий геосиёсий адоват боис ядровий қурол яратди. Жаҳон ҳамжамияти бунга тўсқинлик қила олмади, чунки Ҳиндистон дастурни мустақил равишда ривожлантирди. Илк босқичларда Канада тадқиқот реакторини етказиб бериб, катта ёрдам кўрсатди, АҚШ эса билвосита кадрлар тайёрлашга кўмаклашди.

Ўша пайтда Ҳиндистон дунёдаги энг йирик демократиялардан бири бўлгани сабабли, Ғарб томонидан қаттиқ босим кўрсатилмади. СССР ва АҚШ эса биргаликда кескин чоралар кўра олмади. Ҳиндистон СССР билан дўстона алоқаларга эга эди. АҚШ эса Осиёда Хитойнинг ошиб бораётган қудратини чеклаш учун Ҳиндистонинг бу қадамларига тўсқинлик қилмади.

Покистон қандай қилиб ядро бомбаси яратди?

Покистон 1990-йиллар охирига келиб ядровий қурол яратди, асосий мақсад – Ҳиндистонга қарши хавфсизликни таъминлаш эди. Айниқса, 1971 йилги урушдаги мағлубиятдан сўнг, Бангладешнинг Покистондан ажралиб чиққани катта руҳий зарба бўлди ва кескин қадамларга ундади. Ўша пайтдаги Покистон бош вазири Зулфиқор Али Бхутто: “Биз ўт ейишга мажбур бўлсак ҳам, ўз атом бомбамизни яратамиз”, дея баёнот берди.

Покистонга энг муҳим ташқи ёрдамни Хитой кўрсатди. Пекин Покистонга технологиялар, чизмалар ва материаллар етказиб берди. Чунки Хитой ўз рақиби Ҳиндистоннинг ядро қуролини яратганига мувозанат яратиш, Деҳлини тийиб туриш мақсадида Покистонга кўмак берди.

Жаҳон ҳамжамияти буни тўхтата олмади, чунки дастур махфий олиб борилди, Хитойдан технологик ёрдам олинди. Бунинг устига Покистон геосиёсий жиҳатдан муҳим давлат ҳисобланар эди. Айниқса, 1979 йилда СССР Афғонистонга бостириб кирганида, Ғарб давлатлари Москвага қарши курашда Покистон ҳудуди ва ҳарбий имкониятларидан фойдаланаётгани боис унга қаршилик кўрсатмади. Айни пайтда Покистонда тахминан 170 та ядровий каллак борлиги айтилади. Ҳиндистонда ҳам бироз кўпроқ ёки шу рақамга яқин.

Исроил қандай қилиб атом бомбасига эга бўлди?

Исроил 1960-70-йилларда Франция ёрдамида бошланган махфий дастур ва, масалан, Аргентинадан харид қилинган урандан фойдаланиш орқали ядровий қурол яратди. Ташқи тақиқнинг мавжуд эмаслигининг асосий сабаблари – “ядровий ноаниқлик” сиёсати бўлди. Яъни Исроил ҳозиргача унда атом қуроли мавжудлигини тасдиқламайди ҳам, рад этмайди ҳам. Шунингдек, Исроилнинг Ядровий қуролни тарқатмаслик ҳақидаги халқаро шартномани имзоламагани, энг муҳими – АҚШнинг улкан қўллаб-қувватлаши Тел-Авивга халқаро санкцияларга тушмаслик имконини берди. Зеро, Исроил АҚШнинг Яқин Шарқдаги асосий стратегик иттифоқчиси бўлиб, бу унга БМТ ёки Хавфсизлик Кенгаши томонидан жиддий санкциялардан ҳимояланиш имконини беради.

Исроилнинг таъбирича, душман давлатлар билан ўралган ҳолатда яшаш шароитида ядровий салоҳият Исроил томонидан омон қолиш кафолати сифатида қаралади. Ҳозир Исроил тахминан 90 та ядровий каллакка эга.

Шимолий Кореянинг ядровий дастури

Корея халқ демократик республикаси, яъни Шимолий Корея 1960-70-йиллардан бошлаб ўз ядровий дастурини ривожлантирди. У тегишли шартномани имзолаганига қарамай, СССР реакторлари ва технологияларидан фойдаланиб, Пхенян автономликка эришди. Кейинроқ шартномадан чиқиб, 2006-2017 йилларда олти марта ядровий синов ўтказди. Буни тақиқлаш имкони бўлмади, чунки “қамалдаги қалъа” стратегияси, иттифоқчиларнинг қўллаб-қувватлаши, АҚШнинг ядровий тийиб туриш салоҳияти ва қўшнилар – Хитой ва Россиянинг Шимолий Кореядаги режимнинг қулашига қарши экани ҳам фойда берди.

КХДРнинг қўшнилари Хитой ва Россия режим қулаган вазиятда муҳожирлар оқими ва АҚШ қўшинлари чегарада пайдо бўлишидан хавотирга тушди.

БМТ хавфсизлик кенгашининг қатъий иқтисодий санкцияларига қарамай, КХДР яширин таъминот каналлари ва ички ресурсларга таянган ҳолда ўз ядровий дастурни давом эттирди.

Шу тариқа, 2022 йилда КНДР расман ўз раҳбариятига таҳдид туғилганда превентив ядровий зарба бериш ҳуқуқини тасдиқлади.

Ҳозир КНДР тахминан 30-50 та ядровий каллакларга эга ва уларни етказиш учун ракеталарни фаол ривожлантирмоқда.

Эрон ва унга халқаро сиёсий босим

Ана энди суҳбатимиз бошида қўйилган саволга қайтсак. Хўш, нега бошқаларга мумкину, Эронга мумкин эмас?

Эрон ядровий қуролга эга эмас, аммо унинг ядровий дастури Ғарб давлатларида доимо катта хавотир уйғотади.

Ғарб, авваламбор АҚШ ва Европа Иттифоқи давлатлари ҳамда уларнинг минтақадаги асосий иттифоқчиси – Исроил, Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига бир неча сабабларга кўра қарши чиқади.

Аввало, Эрон раҳбарияти мунтазам Исроилни йўқ қилиши ҳақида чақириқлар билан чиқиб келади. Шу боис Исроил ва АҚШ Эрон ядровий бомбасини яҳудий давлатига тўғридан-тўғри “экзистенциал таҳдид” сифатида кўради.

1979 йилдаги инқилобдан сўнг Франциядан келган Оятулло самолётдан тушган заҳоти “Биз Исроилни йўқ қиламиз” дея баёнот берган. Бу баёнот бир қатор конспирологик назарияларга ҳам сабаб бўлган. Чунки Исроил ўз ҳарбий фаолиятини давом этириши ва Ғарбнинг ҳарбий-молиявий ёрдамини олиб туриши учун доимий ташқи душман бўлиши шарт эди. Ўша пайтларда араб давлатлари нисбатан кўникиб қолган, минтақада бошқа душман йўқ эди ҳисоб. Янги Эрон олий раҳбарининг бу душманона баёноти Исроил учун айни муддао бўлди.

Қолаверса, Эроннинг ядровий қуроли пайдо бўлиши қўшни давлатларни, масалан, Туркия ва Саудия Арабистонини ўз атом дастурларини ишлаб чиқишга ундаши табиий. Бунга Ғарб ҳам тўсқинлик қилмаслигининг эҳтимоли катта. Бундай вазият эса Яқин Шарқда ядровий қуролнинг назоратсиз тарқалишига олиб келади.

Шу билан бирга, Эроннинг ядровий қалқонга эга бўлиши, Теҳрон яратган ва бошқараётган бир қатор бузғунчи ҳарбий гуруҳлар, масалан, “Ҳизбуллоҳ” ва хусийлар орқали янада агрессив ҳаракат қилиш имконини беради. Эрон ва эронпараст шиа жангарилари тўғридан-тўғри ҳарбий ҳужумдан қўрқмай қолишади. Шунингдек, ядровий технологиялар ёки материаллар террористик ташкилотлар қўлига ўтиб кетиш хавфи ҳам реаллашади.

Шу кунларда Эроннинг “Алининг аламини Валидан олиш” тамойили асосида АҚШ ва Исроилнинг ҳужумларига жавобан минтақадаги сунний мусулмон давлатларни аёвсиз вайрон қилаётганига гувоҳ бўлиб турибмиз. Энди тасаввур қилинг, ядро қуроли бўлганида Теҳрон бу давлатларга атом бомбаси ташлашдан ҳам тап тортмас эди. Путиннинг машҳур таъбири билан айтганда, “Улар шунчаки ўлиб кетишади, биз эса жаннатга тушамиз” қабилида иш тутган бўларди.

Бундан ташқари, Эроннинг прокси ҳарбий гуруҳлари Яқин Шарқдаги нотинчликларнинг асосий сабабчиси ҳисобланади. Бу гуруҳлар ўлдирган сунний мусулмонлар сони ғарб давлатлари сабаб бўлган ўлимлардан бир неча марта кўп. Ҳатто Башар Асад режимининг 2013 йилдан 2018 йилгача Сурияда ўз фуқаролари – 2000 дан зиёд сунний мусулмонларни заҳарли кимёвий қурол билан азобли ўлимга гирифтор қилишида ҳам билвосита Оятулло режимининг ёрдами бор. Сурияда Асад ва Оятулло режими Россия ҳарбийлари билан ҳамкорликда 200 мингдан зиёд сунний мусулмонларни қириб юборишди. Фуқаролик урушида жами 600 мингдан зиёд Сурия фуқароси ҳалок бўлди. Миллионлаб сурияликлар қочоққа айланди. Ҳизбуллоҳнинг касофати ва қудрати шунчалик каттаки, ҳатто Ливан бу жангариларни ўз ҳудудидан ҳайдаб чиқариш учун Ғарбдан ёрдам сўрашга мажбур. Исроил учун эса бу прокси гуруҳларнинг мавжудлиги ўз ҳарбий ҳужумларини легаллаштириш, Фаластиндаги хунрезликларини оқлаш учун зўр баҳона бўлмоқда.

Охир-оқибат натижани кўрсак, Эрондаги агрессив ҳарбий тузум мусулмонларга наф ўрнига зарар келтирмоқда. Бу режим фақат шиаларга ва ўз иттифоқчилари Россия, Арманистон ва бошқалар учун фойдали холос.

Қолаверса. Эрон ошкора бўлмаса-да, минтақада туркий бирлик ғоясига қарши чиқади, форслар ирқининг олийлигини тиклаш ғояларига таянади. Ядро қуролига эга Эроннинг пайдо бўлиши Марказий Осиё учун ҳам фойда келтирмайди, балки янги ва кучли таҳдид пайдо бўлади. Шундоғам АҚШ, Россия ва Хитой билан ҳамкорлик ўртасида сиёсий мувозанат ўрнатишга уринаётган Марказий Осий давлатлари энди Эронинг ҳам қош-қовоғига қараб иш тутишга мажбур бўлади.

Хўш, буниси тушунарли, аммо нега Шимолий Корея ошкора тарзда ядро қуролига эга бўлса-да, унга Ғарб ҳужум қилмаяпти? Жавоб эса шу саволнинг ўзида яширин. Чунки Шимолий Кореяда ядро қуроли бор. Унга ҳужум қилиш нафақат минтақа, балки бутун дунёда хавфсизликка улкан таҳдид солган бўларди. Эронда эса ядро қуроли йўқ.

Кўриниб турибдики, ҳозирги дунёда ядро қуролига эгалик ёки унга эга давлатлар билан дўстлашиш, миллий хавфсизликнинг асосий кафолати бўлиб қолмоқда.

Сўзимиз якунида мавзудан бироз четлансак. Жиноят оламида қамоқ романтикаси улуғланади. Қамоққа тушиб чиққан одам ҳурматли ва қудратли деб ўйлашади. Лекин асл қонундаги ўғрилар орасида бир гап бор: “Агар ростан ҳам қудратли ва ақлли бўлганида, қамоққа тушмасликнинг уддасидан чиқарди”, дейишади.

Эронинг ядро қуролига интилишларига маҳлиё бўлаётганлар учун ҳам шу гапни айтиш мумкин. Агар Эрон ростан ақлли ва қудратли бўлганида аллақачон ядро қуроли яратишнинг уддасидан чиқарди.

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid