Ҳамма тонналаб шакар еб ётибди – Сурхондарё ҳокими
Улуғбек Қосимов шакар зарарини аниқлаш учун олимларни жалб этганини айтган.

Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов “ҳамма тонналаб шакар еб ётгани”ни гапиргани ҳақида видео тарқалди.
Видеодан маълум бўлишича, ҳоким вилоятда шакар импортини камайтириб, бозорда нарх тушишига эришмоқчи эканини билдирган.
“Кеча олимни олиб келиб, шакарнинг зарарини ўргаттирдим. Ҳамма тонналаб шакар еб ётибди. Биз ҳозир Сурхондарёда минг тонна шакар импортини қисқартирсак, бозорда нархи арзон бўлади. Оёғимиз тагида 3 минг тонна асал ишлаб чиқарар эканмиз, нега асал емаймиз? Шунча балиқчимиз турганда нега балиқни Вьетнамдан олиб келишимиз керак”, деган Қосимов.
Иқтисобдчи блогер Отабек Бакировнинг фикрича, Сурхондарёда шакар импортини қисқартириш шарт эмас, чунки вилоятга шакар импортининг ўзи йўқ ҳисоби.
“Шакарнинг организмга зарари ҳақида гапириш тўғри, лекин шакар гуркираб ривожланаётган озиқ-овқат саноатимиз учун асосий хомашёлардан эканини унутмаслик лозим. Шакар импортини қисқартириб, биз ўз саноатимизга ва экспортимизга зарба берамиз. Қайтанга шакар импорти учун аждарҳо божларни бекор қилиш ҳақида гапириш ўринли бўларди. Шунда қимматлаётган шакар, ҳоким айтаётганидек, бозорда арзон бўлади”, деб ёзган блогер.
