Қўқон сари йўл олган "хавфли юк" тўхтатиб қолинди
Икки фуқаро қўшни республикадан Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний ўтказилган 11 650 дона кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қабул қилиб олишган.

Қўқон сари йўл олган "хавфли юк" ўз вақтида тўхтатилди.
Гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Божхона ва Ички ишлар органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.
Жумладан, Қўқон шаҳрида яшовчи, 1994 ва 2002 йилларда туғилган 2 нафар шахс ўзларининг таниши бўлган – Қўштепа туманида истиқомат қилувчи, 2001 й.т. фуқаронинг "Жентра" русумли автомашинасида Фарғона туманига бориб, қўшни республикадан мамлакатимиз ҳудудига ноқонуний ўтказилган 11 650 дона "Регапен" кучли таъсир қилувчи дори воситаларини қабул қилиб олишган.
Сўнгра Қўқон шаҳрига қайтиб кетаётганларида тезкор гуруҳ томонидан Учкўприк тумани ҳудудида тўхтатилган вақтларида, улар автомашинадан дори воситаларини улоқтириб, воқеа жойидан қочмоқчи бўлишган. Лекин, режалари амалга ошмаган.
Аниқланишича, қонунбузарлар бу турдаги дориларни Фарғона ва Қўқон шаҳарларида яшовчи шахсларга сотиш билан шуғулланиб келишган.
Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
