Орбансиз Венгрия ташқи сиёсати қандай ўзгариши мумкин?
Энди суверенитет ва интеграция, прагматизм ва қадриятлар, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги мувозанат қайта кўриб чиқилишининг эҳтимоли ошади.

Сўнгги ўн беш йил давомида деярли ўзгармасдек кўринган Венгрия сиёсати кутилмаганда ҳаракатга келди. Виктор Орбан исми – мамлакат сиёсати билан уйғунлашиб кетган шахс – сайловдаги мағлубиятини тан олди ва уни “оғриқли” деб атади. Бу сўзларда оддий мағлубият эмас, балки бутун бир давр тугаётганининг ҳисси бор эди. Орбан ҳатто мухолифат партиясини ғалаба билан табриклади.
Ҳозирда овозларнинг 90 фоиздан ортиғи саналгандан сўнг, конституцион кўпчиликни “Тиса” партияси (Tisza Party) қўлга киритмоқда. Партия етакчиси Петер Мадяр бошчилигидаги ғалаба шунчаки ҳокимият алмашиниши эмас. Буни йиллар давомида қурилган тизим ҳам абадий эмаслигини кўрсатган воқеа дейиш мумкин.
Шунчаки раҳбар эмас эди
Виктор Орбан узоқ вақт давомида фақат бош вазир эмас эди. У алоҳида сиёсий моделнинг муаллифи эди. Унинг даврида Венгрия Европа Иттифоқи таркибида қолган ҳолда, бироқ унинг қоидалари ва қадриятлари билан доимий баҳс олиб борадиган давлат модели бўйича яшади. Орбан даврида Венгрия Ғарб ичида бўлган, лекин айни пайтда ундан бироз четда турган мамлакатга айланди.
Бу иккиёқлама ҳолат айниқса Россия билан муносабатларда яққол намоён бўлди. Европа 2014 йилдан кейин Москвага нисбатан позициясини қатъийлаштира бошлаган бир пайтда, расмий Будапешт эҳтиёткор, баъзан эса мутлақо бошқача йўлни танлади. Орбан Россия президенти Владимир Путин билан мулоқот қилишдан, ҳатто бу мулоқот Европада салбий қабул қилинган пайтларда ҳам, ҳеч қачон воз кечмади,
Россия билан газ шартномалари, “Пакш” атом станциясини кенгайтириш, санкцияларга нисбатан совуқ муносабат – буларнинг барчаси манёвр қилишга уриниш эди. Орбан учун бу прагматизм бўлса, унинг танқидчилари учун Европа бирдамлигига қарши чақириқ эди.
Асосий оғриқли нуқта – Украина масаласи
Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан сўнг Венгрия мураккаб ҳолатда қолди. Бир томондан – ЕИ ва НАТО аъзоси, иккинчи томондан – Москва билан кескин зиддиятга киришни истамаган ҳукумат. Будапешт Киевга ёрдам бўйича қарорларни секинлаштирди, музокаралар зарурлигини таъкидлади ва доим Карпат ортидаги венгер озчилиги масаласини кўтарди.
Ташқаридан бу эҳтиёткорликка ўхшарди. Брюссел учун эса умумий сиёсатга тўсқинлик дея қаралар эди.Айнан шу ерда Венгриянинг “алоҳида йўли” сиёсий ўзига хосликдан муаммога айлана бошлади.
Ташқи сиёсатда ўзгариш эҳтимоли
“Тиса” партиясининг ғалабаси нафақат ички сиёсий чарчоқ, балки ташқи сиёсатдаги тарангликка ҳам жавоб бўлди. Жамият, эҳтимол, Шарқ ва Ғарб ўртасида доимий мувозанат ўйини жуда қимматга тушаётганини ҳис қилди.
Бироқ кескин бурилиш кутилмаслиги керак. Венгрия бир зумда йўналишини ўзгартира олмайди. Энергетика, иқтисодий алоқалар ва ташқи сиёсат мантиғи йиллар давомида шаклланган.
Шу билан бирга, сиёсий тон ўзгариши эҳтимоли катта. Илгари иккиланишлар юз берган жойда аниқлик ва қатъийлик пайдо бўлиши мумкин. Олдин тўхтатиб турилган қарорлар қўллаб-қувватланиши мумкин. Бу, айниқса, Украина масаласида сезилиши табиий.
Агар янги ҳукумат ҳақиқатан ҳам ЕИга яқинлашиш йўлини танласа, Венгрия энди умумий қарорларни секинлаштирадиган “мураккаб ҳамкор” бўлиб қолмаслиги мумкин. Бу Россияга нисбатан кескин сиёсат дегани эмас, лекин воситачи ролидан воз кечишни англатади.
Марказий Осиё билан алоқалар келажаги
Виктор Орбан ташқи сиёсатида Марказий Осиё ва туркий дунё билан алоқалар алоҳида ўрин тутган. Бу сиёсат 2010-йиллар бошидан бошлаб “Шарққа очилиш” (Eastern Opening) деб номланган стратегия доирасида амалга оширилди ва Орбан ташқи сиёсатининг асосий устунларидан бирига айланди.
2010 йилда ҳокимиятга қайтганидан сўнг, Орбан ташқи сиёсатни диверсификация қилишни бошлади. Унинг мақсади – фақат Европа билан чекланиб қолмаслик эди.
Марказий Осиё бу сиёсатда энергетика, транспорт йўлаклари, инвестициялар, таълим дастурлари борасидаги потенциали билан муҳим ўрин эгаллади.
Тўғри, Венгрия ўзини туркийлар ва Марказий Осиё ҳудудидаги халқлар билан тарихий алоқаларини таъкидлаб келади. Лекин бу ерда гап мафкура эмас, балки аниқ ҳисоб-китоб ҳақида эди. ЕИга боғлиқликни камайтириш, янги бозорларга чиқиш, энергетик хавфсизликни мустаҳкамлаш бу сиёсатдаги устунлар эди.
Венгрия – Туркий давлатлар ташкилотида кузатувчи мақомини олган ягона Европа Иттифоқи аъзосидир. Орбан учун бу – Венгрияни Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприкка айлантириш ғоясининг бир қисми эди. 2025 йилда Будапештда Туркий давлатлар ташкилоти саммити ўтказилиши ҳам бу йўналишга берилган аҳамиятни кўрсатди.
Марказий Осиё билан алоқалар Орбаннинг кенгроқ стратегиясининг бир қисми эди. Бу ташқи сиёсатда Туркия билан яқинлашув, Хитой билан иқтисодий ҳамкорлик, Россия билан энергетик алоқаларга эътибор қаратилди. Бу сиёсат Венгрияга ЕИ ичида мустақил мавқеда бўлиш имконини берди.
Орбан кетгач, нима ўзгаради?
Дарҳол таъкидлаш лозим, Марказий Осиё билан алоқалар фақат Орбанга боғлиқ эмас. Улар иқтисодий ва стратегик манфаатларга асосланган. Шу боис, катта эҳтимол билан бу муносабатлар сақланиб қолади. Йўналиш ўзгаради, камроқ сиёсий тус, кўпроқ иқтисодий мазмун касб этади, лекин алоқалар сақланиб қолади. Орбан даврида шарқий йўналиш Ғарбга муқобил сифатида кўрилган бўлса, эндиликда у қўшимча йўналишга айланиши мумкин.
Янги ҳукумат Европа Иттифоқи билан муносабатларни тиклашга ҳаракат қилади, ташқи сиёсатдаги кескин мувозанатни юмшатади, шарқий алоқаларни умумевропа контекстига мослаштиради. Марказий Осиё билан алоқалар давом этади, аммо улар орқали Европа билан интеграция кучайтирилади. Венгрия геосиёсий “мувозанатчи” ролидан аста-секин воз кечиши мумкин. Зеро, Орбаннинг Марказий Осиё ва туркий дунёга қаратилган сиёсати Венгрияни Шарқ ва Ғарб ўртасида мустақил ўйинчига айлантиришга қаратилган эди. Энди Венгрия эҳтимол яна анъанавий моделга қайтади: Европага – асос, Шарққа эса имконият сифатида қараш шаклланади.
Европа учун ҳам муҳим бурилиш нуқтаси
Орбан даврида Венгрия ЕИ ичидаги мухолиф овоз рамзига айланган эди. Энди бу рамз ўзгариши мумкин. Франция президенти Эммануэл Макрон ва Европа Иттифоқи етакчиси Урсула фон дер Ляйен каби расмийларнинг муносабати бу воқеа қанчалик аҳамиятли эканини кўрсатди. Брюссел буни фақат ҳокимият алмашуви эмас, балки бирликни тиклаш имконияти сифатида қабул қилди.
Бироқ Орбан саҳнадан кетгани йўқ. Унинг “биз таслим бўлмаймиз” деган гапи расмий баёнот эмас, балки сиёсий кураш давом этишидан далолат. У яратган сиёсий база ҳали ҳам сақланиб қолган. Жамиятнинг маълум қисми ҳамон унинг қарашларини қўллаб-қувватлайди. Бу эса Венгрия барқарор “Европага қайтиш” эмас, балки икки йўналиш тўқнашадиган янги босқичга кираётганини англатиши мумкин.
Орбан мағлубияти – бу фақат миллий аҳамиятдаги ҳодиса эмас
Орбаннинг мағлуб бўлиши – Европа ичидаги катта жараённинг бир қисмидир. Энди суверенитет ва интеграция, прагматизм ва қадриятлар, Шарқ ва Ғарб ўртасидаги мувозанат қайта кўриб чиқилишининг эҳтимоли ошади. Венгрия эса яна бир бор ўз тарихи давомидаги каби – танлов қилишга мажбур бўлган нуқтада турибди.
“Тиса” партиясини ғалаба билан бир қатор европалик сиёсатчилар аллақачон табриклади. Улар орасида Франция президенти Эммануэл Макрон, Германия канцлери Фридрих Мерц, Буюк Британия бош вазири Кир Стармер, шунингдек, Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен ҳам бор. Хусусан, Ляйен Х ижтиомий тармоғида шундай ёзди: “Венгрия Европани танлади. Европа ҳар доим Венгрияни танлаган. Мамлакат ўзининг европача йўлига қайтмоқда. Иттифоқ янада кучаймоқда”.
Тошкент вақти билан соат 01:40 ҳолатига кўра овозларнинг 89,97 фоизи қайта ишланган. Натижаларга кўра, “Тиса” 138 та мандат олиши мумкин, Виктор Орбан раҳбарлигидаги “Фидес” партияси 54 та, “Бизнинг мамлакат” партияси эса 7 та ўринга эга бўлади. Мухолифат партияси парламентда конституцион кўпчиликни қўлга киритди, бунинг учун 133 та ўрин етарли ҳисобланади.
Маълумот учун, Венгрия давлат йиғини аралаш сайлов тизими асосида шакллантирилади. Парламент 199 нафар депутатдан иборат бўлиб, уларнинг 106 таси якка мандатли округларда мажоритар тизим асосида (яъни нисбий кўпчилик овоз билан) сайланади, 93 таси эса умуммиллий округда партия рўйхатлари бўйича пропорционал тизим орқали, д’Ондт усули қўлланилган ҳолда тақсимланади. Венгрия ичи ва ташқарисида 8,1 миллиондан зиёд фуқаролар овоз бериш ҳуқуқига эга.
Д’Ондт усулида парламентдаги ўринлар навбатма-навбат, бирин-кетин тақсимланади. Ҳар бир босқичда навбатдаги ўрин энг юқори квотага эга бўлган партияга берилади. Бу квота қуйидаги формула бўйича ҳисобланади: V / (s + 1), бу ерда V – партияга берилган умумий овозлар сони, s эса шу босқичгача партия олган ўринлар сони. Ўрин берилгандан сўнг, партиянинг квотаси янги эгалланган ўринлар сонини ҳисобга олган ҳолда қайта ҳисобланади. Сайловда ўтиш тўсиғи: партиялар учун 5%, икки партияли коалициялар учун 10%, уч ва ундан ортиқ партиялар бирлашмалари учун 15%.
2022 йилги сайлов натижаларига кўра, “Фидес” ва Христиан-демократик халқ партияси коалицияси партия рўйхатлари бўйича яримдан кўпроқ овоз олган, бироқ якка мандатли округлардаги муваффақият туфайли парламентда тахминан учдан икки қисм ўринни эгаллаган эди.
Виктор Орбан 1998-2002 йилларда ҳам бош вазир бўлган, 2010 йилда яна бу лавозимни эгаллаб, ҳозиргача тўртинчи муддат давомида мамлакатни бошқариб келаётган эди.
Абулфайз Сайидасқаров
