Хоразмда “Медиа ҳафталик” якунланди: 1000 дан ортиқ иштирокчи бир майдонда жамланди
Хоразм вилоятида ўтган “Медиа ҳафталик” юзлаб журналист, блогер ва контент яратувчиларни бирлаштириб, улар учун замонавий билим ва амалий кўникмалар мактабига айланди. Ҳафталик якунида ўтказилган йирик медиа-форум эса соҳадаги мулоқот ва тажриба алмашинувининг муҳим майдони бўлди.

Жорий ҳафта Хоразм вилояти медиа вакиллари учун муҳим ва фойдали мулоқот майдонига айланди. Қорақалпоғистон Республикасида бошланган “Медиа ҳафталик” бу ерда давом эттирилиб, иштирокчиларга замонавий билим ва амалий кўникмалар беришга хизмат қилди.

Мазкур лойиҳанинг асосий мақсади – глобал ахборот маконида рақобатбардош, замонавий талаб ва мезонларга жавоб бера оладиган контент яратувчиларни кўпайтириш, медиа соҳада янги авлод профессионалларини шакллантириш ҳамда ахборот соҳасида сифат жиҳатидан янги босқичга чиқишдан иборат.

“Медиа ҳафталик” доирасида ташкил этилган машғулотлар мазмунан кенг қамровли бўлиб, уларда назарий билимлар билан бир қаторда амалий кўникмаларга алоҳида урғу берилмоқда. Хусусан, стратегик коммуникация, антикризис PR ва репутация бошқаруви, фактчекинг ва фейк хабарларга қарши курашиш усуллари, сунъий интеллект асосида контент яратиш, визуал сторителлинг, мобилография, ижтимоий тармоқлар алгоритмлари билан ишлаш каби йўналишлар бўйича иштирокчиларга замонавий билим ва тажрибалар етказилмоқда. Айниқса, сунъий интеллект технологияларидан фойдаланиш бўйича амалий сессиялар медиа соҳасида янги ёндашувларни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Медиа ҳафталикда 50 дан зиёд матбуот котиби ва ахборот хизмати ходимлари, 60 нафар давлат ва нодавлат телеканаллари ижодкорлари – муҳаррир, мухбир, монтажчи ва тасвирчилар, 30 дан ортиқ босма ва интернет ОАВ вакиллари, 50 нафар маҳаллий блогерлар, 200 дан зиёд мобилографлар, 250 нафар SMM мутахассислари ҳамда 300 нафар контент яратишга қизиқувчи ёшлар ягона платформада жамланди.
Ҳафталик якунида ўтказилган медиа-форум эса ушбу жараённинг энг йирик нуқтасига айланиб, 1000 дан зиёд медиа вакиллари ва ёшларни бир майдонда бирлаштирди.

Иштирокчилар бешта асосий йўналиш бўйича ўқитилди: босма ва интернет ОАВ вакиллари рақамли контент, сунъий интеллект ва фактчекингни ўзлаштирди; телевидение ижодкорлари репортаж ва тасвир сифатини оширишга эътибор қаратди; ахборот хизмати ходимлари коммуникация, очиқлик ва KPI бўйича амалий кўникмалар олди; SMM мутахассислари ва блогерлар эса замонавий контент яратиш ва аудитория билан ишлаш усулларини ўргандилар.
Медиа ҳафталик доирасида ахборот соҳаси вакиллари учун икки муҳим методик нашр тақдим этилди: “Давлат органлари ва ОАВ ҳамда блогер ўртасидаги муносабатларни тартибга солишнинг ҳуқуқий асослари” қўлланмаси ахборот алмашинувини қонуний ва шаффоф ташкил этиш механизмларини белгилаб берса, “Давлат идораларининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларини верификация қилиш бўйича йўриқнома” Facebook, Instagram, Telegram, YouTube ва X каби платформаларда расмий белгини олиш тартибини тушунтириб, рақамли маконда ишончли ахборот муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

Хоразм вилоятида ўтказилган медиа ҳафталик медиа вакилларини бирлаштирган йирик Медиа форум ва иштирокчиларни рағбатлантиришга қаратилган сертификатлар топшириш маросими билан ўз якунига етди. Навбатдаги босқич жорий йилнинг 13-17 апрель кунлари Сурхондарё вилоятида бўлиб ўтади. Лойиҳада иштирок этиш истагида бўлганлар Ёшлар ишлари агентлигининг ҳудудий бошқармалари орқали рўйхатдан ўтишлари мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Оммавий ахборот воситалари учун контент маркази томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда йўлга қўйилган мазкур лойиҳа бутун республикадан қарийб 12,5 минг иштирокчини қамраб олиши ва жорий йилнинг 30 мартидан 26 июнига қадар давом этиши хабар берилганди.
