"Ливанга ҳужумлар фонида сулҳдан маъно йўқ" — Эрон томони баёнот билан чиқди
8 апрелда Исроил мудофаа кучлари Ливан ҳудудига йирик ҳужум уюштирди. Эрон қасос ваъда қилган.

Эрон Исроил Ливанга сўнгги зарбалари билан сулҳни бузганини айтди ва қасос олишини билдирди.
Расмий Теҳрон Ливанга ҳужумлар давом этар экан, музокаларни "маъносиз" деб атади.
"Сулҳ бутун минтақага тегишли. Исроил ваъдаларини бузиши билан машҳур; уни фақат ўқлар ушлаб тура олади", дейди Эрон расмийларидан бири Al-Jazeera телеканалига.
Унинг сўзларига кўра, Эрон "Исроилни Ливанда сулҳни бузган ҳолда содир этган жинояти учун жазолайди".
Эрон оммавий ахборот воситалари ҳам расмийлар Исроилнинг ҳаракатларига жавоб тайёрлаётгани ҳақида хабар беришди.
Аввалроқ АҚШ президенти Доналд Трамп Теҳрон томонидан тақдим этилган таклифлар асосида музокара олиб боришга тайёрлигини билдирган ва Эронга зарбаларни икки ҳафтага тўхтатишини эълон қилган эди.
Эрон ва Исроил ҳам зарбаларни тўхтатишга келишиб олдилар. Бироқ, кейинчалик Исроил бош вазири Бенямин Нетаняху идораси Покистон бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг АҚШ ва Эрон ўртасидаги сулҳ Ливанга ҳам тегишли эканлиги ҳақидаги баёнотини рад этди.
Чоршанба куни Исроил мудофаа кучлари 28 февралдан бери Ливан ҳудудига энг йирик мувофиқлаштирилган зарбалар ҳақида хабар берди. Ҳарбийлар 10 дақиқа ичида 100 дан ортиқ "Ҳизбуллоҳ" қўмондонлик марказлари ва ҳарбий иншоотларига зарба берганликларини даъво қилишди.
Эслатиб ўтамиз, 8 апрел куни Эрон ва АҚШ икки ҳафталик сулҳ эълон қилди.
