Теҳрон ғарбидаги аҳоли манзилларига ҳужум сабаб 18 киши ҳалок бўлди
Улар орасида икки нафар бола ҳам бор. Йигирма икки киши эса яралангани хабар берилди.

Теҳрон ғарбида жойлашган Алборз провинциясидаги турар-жой массивларига ҳаво ҳужуми натижасида 18 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди.
Fars ахборот агентлиги маҳаллий ҳокимиятга асосланиб хабар беришича, Теҳрондан ғарбда жойлашган турар-жой массивларига қилинган ҳаво ҳужумларида камида 18 киши ҳалок бўлди.
Уларнинг сўзларига кўра, ҳужумлар Алборздаги аҳоли пунктларига қаратилган.
"Ҳозирда 18 ватандош, жумладан, икки ёш бола ҳалок бўлгани тасдиқланди. Йигирма икки киши яраланган", дейилади баёнотда.
Хабар қилинишича, сешанба куни эрталаб Исроил қирувчи самолётлари АҚШ кўмагида Эрон пойтахти ғарбидаги бир нечта турар-жой массивларига ҳужум қилган.
Жавоб ҳужуми сифатида Эрон Яқин Шарқ ва Исроил ҳудудидаги АҚШ ҳарбий нишонларига зарба бермоқда. Можаронинг биринчи кунида, 28 февраль куни мамлакат жанубидаги қизлар мактабига зарба берилди, шунингдек Олий раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий ҳалок бўлди. Ҳужум натижасида тинч аҳоли орасида қурбонлар сони 1300 дан ошди, 20 000 дан ортиқ одам яраланди.
Биргина Исфаҳонда АҚШ ва Исроилнинг турар-жой ҳудудига берган зарбаси 26 тинч аҳолини, жумладан, етти бола ва етти аёл ўлимига сабаб бўлди.
