platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Вячеслав Голишев вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди

Голишев аввал бош вазир ўринбосари, иқтисодиёт вазири, Президентнинг давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлаган. 

Шавкат Мирзиёев Вячеслав Голишев вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев давлат ва жамоат арбоби Голишев Вячеслав Аркадевич вафоти сабаб ҳамдардлик билдирди.

Вячеслав Голишев шу йилнинг 7 апрел куни 75 ёшида вафот этди.

Вячеслав Голишев 1951 йил 4 майда Россия Федерациясининг Омск шаҳрида туғилди. 1972 йилда Тошкент халқ хўжалиги институтини (ҳозирги Тошкент давлат иқтисодиёт университети) тугатиб, иқтисодчи мутахассислигини олди. 1980 йилда М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети аспирантурасини тамомлади ва номзодлик диссертациясини ҳимоя қилди.

Меҳнат фаолиятини матбаа соҳасида иқтисодчи сифатида бошлаб, кейинчалик Тошкент халқ хўжалиги институти, Ўзбекистон Давлат режа қўмитаси ҳузуридаги Иқтисодиёт ва нормативлар илмий-тадқиқот институти ҳамда республика партия ва давлат органларида турли лавозимларда ишлади.

1992-1995 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жаҳон муаммолари институти директори ўринбосари, Истиқболни белгилаш ва статистика давлат қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари лавозимларида фаолият кўрсатди. В.А.Голишев 2005-2006 йилларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, иқтисодиёт вазири, иқтисодиёт ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари комплекси раҳбари лавозимларида меҳнат қилиб, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини таъминлашнинг муҳим йўналишларига раҳбарлик қилди.

Давлат бошқаруви соҳасидаги фаол ва ташаббускор ходим сифатида кўп йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси лавозимида ишлади. Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий сиёсатига оид давлат дастурлари ва концептуал ҳужжатларни ишлаб чиқишда бевосита қатнашди.

Бир неча марта Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутатлигига сайланди, парламентаризм, мамлакатимиздаги ўзгаришларнинг қонунчилик базасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди.

Янги авлод иқтисодчи кадрларини тайёрлаш борасида ҳам фаол иш олиб борди.

Вячеслав Голишев “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи” фахрий унвони, “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid