platina.uz
Жамият

Наманганда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош архитектори хизмат хонасида ушланди

Фарғонада эса Камбағалликни қисқартириш бўлими бошлиғи ўринбосари ўқишга киритиш ваъдаси эвазига 2 минг доллар олганда қўлга тушди. 

Наманганда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош архитектори хизмат хонасида ушланди

Наманган ва Фарғона вилоятларида коррупцион ҳолатлар аниқланди.

Наманган вилоятида қайд этилган ҳолатда Наманган тумани Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими бош архитектори ушланди. У маҳаллий оилавий корхона раҳбари томонидан ўз яшаш хонадонининг бир қисмида қурилган автомобиллар ювиш шохобчасининг лойиҳа ҳужжатларини расмийлаштириб бериш ҳамда уни тасарруф этиш бўйича қўйилган тақиқни бекор қилиб бериш эвазига 1500 АҚШ доллари талаб қилади.

Шунингдек, жорий йилнинг 1 апрел куни у 500 АҚШ долларини олиб, қолган қисмини тезлаштириб беришини сўрайди.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда мансабдор шахс 1000 АҚШ долларини тамагирлик йўли билан ўз хизмат хонасида олган вақтида ушланди.

Таъкидлаш лозимки, оилавий корхона раҳбари автомобиллар ювиш шохобчасини лойиҳа ҳужжатларисиз қурганлиги юзасидан 2025 йилнинг декабр ойида бош архитектор томонидан тузилган далолатнома асосида суд тайинлаган 43 млн 300 минг сўм миқдоридаги жаримани тўлаган.

Лекин, шунга қарамай, бош архитектор унга қонуний ечим кўрсатмай, аксинча коррупцион ҳаракатларни амалга оширган.

Бу каби қонунбузилиши Фарғона вилоятида ҳам кузатилди. Жумладан, Қўштепа тумани Қамбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими бошлиғи ўринбосари ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда 1999 й.т. маҳаллий фуқаронинг ишончига кириб, юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали, уни Андижон вилоятидаги олий таълим муассасаларидан бирининг сиртқи йўналишига ўқишга киритиб қўйиш эвазига 2 минг АҚШ доллари олган вақтида Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда ҳар учала ҳолат юзасидан қонунбузарларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid