Деновдаги газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлди
Бунга махсус автомобилдан пропан газини бўшатиш вақтида технологик жараённинг бузилиши сабаб бўлгани айтилган.

Сурхондарё вилояти, Денов туманидаги газ қуйиш шохобчасида ёнғин юз берди.
7 апрел куни Сурхондарё вилояти ФВБга Денов тумани, "Оқтом" МФЙда жойлашган автомобилларга суюлтирилган газ қуйиш шохобчаси ҳудудида "КАМАЗ" русумли суюлтирилган (пропан) газ ташувчи махсус автомобилдан сиғимга газини қуйиш вақтида сиғимда чақнаш содир бўлиб, натижада ёнғин келиб чиққан.
Ҳодиса жойига 5 та қутқарув бўлинмалари етиб бориб, ёнғин ўраб олинган ва ҳозирда ёнғинни бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда, дейилади ФВВ хабарида.
Дастлабки маълумотга кўра, сиғимнинг ёрилиши сабаби махсус автомобилдан пропан газини бўшатиш вақтида технологик жараённинг бузилиши деб тахмин қилинмоқда.
Воқеа жойига вилоят ФВБ раҳбар ходимлари, Денов тумани ИИБ, ССБ, "Ҳудудгазтаъминот" раҳбар ва ходимлари чиқишган ҳамда ҳодисанинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш ишлари олиб борилмоқда.
Жабрланганлар ҳақида ыозирча маълумот йўқ.
