Пойтахтда турли мақсадлар учун бюджетдан қарийб 95 млрд сўм ажратилади
Ёғингарчиликда сув тўпланишининг олдини олиш мақсадида 34 та коллекторда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади. Икки туманда кўчаларнинг ёритиш тизимини янгилашга 10 млрд сўм йўналтирилади.

Тошкент шаҳар бюджетидан турли мақсадлар учун қарийб 95 миллиард сўм йўналтирилади. Бу ҳақда Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгаши қарорида айтилади. Қарор 2026 йил 3 апрел куни эълон қилинди.
Пойтахт бюджетининг эркин қолдиқ маблағлари ҳисобидан йирик лойиҳаларни молиялаштириш белгиланди. Жами 94 695 290,0 минг сўм миқдоридаги маблағ шаҳар инфратузилмасини яхшилаш, ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш ва янги қурилиш ишларига сарфланади.
Гидрометеорология маркази учун Юнусобод тумани, Чинобод кўчасида жойлашган объектни реконструкция қилиш учун 14,7 млрд сўм ажратилади.
Пойтахтда ёғингарчилик пайтида сув тўпланишининг олдини олиш мақсадида 34 та коллекторда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилади (12,7 млрд сўм).
Сергели ва Бектемир туманларидаги ички ва асосий кўчаларнинг ёритиш тизимини янгилашга 10 млрд сўм йўналтирилади.
Чилонзор туманидаги "Анҳор" канали бўйлаб 1,7 км масофада янги сайилгоҳ ташкил этилади (7,5 млрд сўм берилади).
Боғчаларда вақтинча тўхтаб турган гуруҳ хоналарини таъмирлаш ва жиҳозлаш учун 10,5 млрд сўм берилади.
Тошкент давлат иқтисодиёт университетида "смарт" аудиториялар ташкил этиш ва моддий-техник базани янгилашга 1,5 млрд сўм ажратилади. Миллий болалар контентини яратиш лойиҳасига 1,7 млрд сўм йўналтириш кўзда тутилган.
Шаҳар ободонлаштириш бошқармалари учун 12 та асфалт ётқизгич ва 12 та йўл фрезаси харид қилинади (9,1 млрд сўм). Наврўз байрами бўлиб ўтган марказий кўчаларни иллюминация чироқлари билан безатиш харажатларига 6,3 млрд сўм сарфланади.
Тошкент шаҳар футбол маҳорати ассоциациясини молиялаштириш учун 1,5 млрд сўм ажратилади.
Маблағларнинг мақсадли ишлатилиши устидан назорат қилиш Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли комиссияси раиси М. Тоҳиров ва шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Б. Раҳмонов зиммасига юклатилган. Шунингдек, Давлат молиявий назорат инспекцияси маблағларнинг сарфланишини бевосита текшириб боради.
