Тошкент вилоятида адвокат 10 минг доллар билан ушланди
У фуқарога суд идоралари томонидан тайинланган 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўзгартириб беришни ваъда қилган.

10 минг доллар эвазига суд ҳукмини ўзгартириб бермоқчи бўлган адвокат ушланди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси ходимлари тезкор тадбир ўтказган.
Унда адвокатлик бюроси адвокати маҳаллий фуқарога нисбатан суд идоралари томонидан тайинланган 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўзининг суд тизимидаги танишлари орқали озодликни чеклаш жазосига ўзгартириб бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
Ҳозирда адвокатга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Қурилиш вазирлиги бош мутахассиси пора олиб қочишга уринганда ушланганди.
У Тошкентдаги кўп қаватли уйларга хизмат кўрсатувчи МЧЖ раҳбарининг ишончига кириб, 1500 АҚШ доллари олган.
