Қарздор вафот этган ёки бедарак йўқолганда унга нисбатан ижро ишлари тугатилади
Бу давлат ижрочисининг қарори билан амалга оширилади. Алиментдан қарзи борларга айрим турдаги молия-кредит ва давлат хизматларидан фойдаланиш чекланиши мумкин.

Айрим ижро ишларини давлат ижрочисининг қарори билан тугатиш амалиёти жорий қилинади.
“Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини рақамлаштириш ва самарадорлигини оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони (ПФ–50-сон, 30.03.2026 й.) қабул қилинди.
Фармонга кўра, айрим тоифадаги ижро ҳужжатлари бўйича қарздор вафот этганда, у вафот этган деб эълон қилинганда ёки бедарак йўқолган деб топилганда унга нисбатан юритилган ижро ишларини давлат ижрочисининг қарори билан тугатиш амалиёти жорий қилинади.
Қонунда назарда тутилган айрим тоифадаги ижро ҳужжатларини мажбурий ижрога тақдим этилгунига қадар тегишли давлат органи, ташкилот ёки унинг мансабдор шахсига топширишни ундирувчининг ҳуқуқи сифатида белгилаш ва ушбу ижро ҳужжатлари тоифасига ундирувни ундирувчи-юридик шахслар томонидан қарздор-жисмоний шахснинг иш ҳақи ва бошқа даромадларига қаратишни назарда тутувчи ижро ҳужжатлари киритилади.
2026 йил 1 майдан алимент тўловларини ундириш тизими самарадорлигини ошириш мақсадида алимент бўйича қарздорлик мавжуд бўлганда қарздорлик тўлиқ бартараф этилгунига қадар алоҳида йирик битимларни амалга ошириш, айрим турдаги молия-кредит ва давлат хизматларидан фойдаланишни чеклаш тартиби жорий этилади.
Муаммоли кредитлар бўйича ижро ҳужжатлари асосида вужудга келган мажбуриятларни ундириш билан боғлиқ ҳаракатларни амалга ошириш ихтисослаштирилган давлат ижрочиларига юкланади.
