Италия кетма-кет учинчи бор ЖЧдан қуруқ қолди
Жаҳон чемпионатининг Европадаги барча иштирокчилари ва Ўзбекистоннинг К гуруҳидаги рақиби ҳам маълум бўлди.

Европада жаҳон чемпионати ўтиш ўйинларининг финал босқичи якунланди. Италия терма жамоаси кетма-кет учинчи марта мундиалга бора олмайдиган бўлди.
Босния-Герцеговина ва Италия учрашувининг асосий вақти 1:1 ҳисобида якунланди. Алессандро Бастони 41-дақиқада қизил карточка олиб, италянларни оғир аҳволга солиб қўйди.
Ўйин тақдирини пеналтилар серияси ҳал қилди. Италия сафида Эспозито ва Кристанте гол уролмади. Ҳисоб 4:1 бўлди ва Италия мундиалдан қуруқ қолди.
Яна бир драматик ўйинда ғолиб пеналтилар сериясида аниқланди. Чехия ва Дания учрашувида 2:2 ҳисоби қайд этилди, пеналтилар бўйича Чехия (3:1) ЖЧга йўлланмани қўлга киритди.
Шунингдек, Туркия Косовони (1:0), Швеция Полшани (3:2) енгиб, Европадан сўнгги вакиллар сифатида жаҳон чемпионатига йўл олишди.
Қитъалараро ўтиш ўйинлари финалида эса Конго ва Ямайка ўйини асосий вақтида ҳисоб очилмади. Экстра таймларнинг 100-дақиқасида бурчакдан узатилган тўпни дарвозага киритган Туанзебе Конгони мундиалга олиб чиқди.
Шу тариқа жаҳон чемпионтида Чехия А гуруҳи, Босния В гуруҳи, Туркия D гуруҳи ва Швеция термаси F гуруҳидан жой олди. К гуруҳида эса Португалия, Конго, Ўзбекистон ва Колумбия ўзаро куч синашади.
ЖЧ-2026, Европа ўтиш ўйинлари, финал
Босния ва Герцеговина - Италия - 1:1 (пен. 4:1)
Швеция - Полша - 3:2
Косово - Туркия - 0:1
Чехия - Дания - 2:2 (пен. 3:1)
ЖЧ-2026, қитъалараро ўтиш ўйини
Конго - Ямайка 1:0
