Трамп Эрон билан 6 апрелгача келишувга эришмоқчи
Аввалроқ АҚШ Эрон электр станцияларига режалаштирилган ҳужумларни кечиктирганди.

АҚШ президенти Доналд Трамп 6 апрелга қадар Теҳрон билан келишувга эришишни мақсад қилган. Бу ҳақда Оқ Уй маълумот берди.
"Президент Truth Socialʼдаги постида 10 кун ичида келишувга эришишни истаётганини айтди. Вақт тугаяпти. Бизда атиги бир неча кун қолди. Қолган вақт ичида нима бўлишини кўрамиз", деди Оқ уй матбуот котиби Кэролин Левитт брифингда.
26 март куни Трамп Эрон билан музокаралар яхши кетаётганини айтди, шунинг учун АҚШ Эрон электр станцияларига режалаштирилган ҳужумларни 6 апрелга қадар кечиктиришга қарор қилди.
Аввалроқ хусийлар Яқин Шарқдаги урушга қўшилганини эълон қилганди. Улар Эронни қўллаб-қувватлайдиган гуруҳ саналади.
Ямандаги гуруҳ томонидан Исроил жанубидаги ҳарбий нишонларга баллистик ракеталар учирилган.
