Солиқ тўлашини эшитиб қўрқиб кетган “бечора” санъаткорлар
Ушбу мақолада ижтимоий соҳа ва артистлар солиғи ўртасидаги адолат ва тенгсизлик, дунё мамлакатларида санъаторлар учун қўлланиладиган солиқлар ҳақида сўз юритамиз.

Сўнгги кунларнинг энг шов-шувли хабари санъаткорларнинг солиққа тортилиши ва уларнинг бунга муносабати бўлмоқда. Артистларнинг тўйлардан тушган даромадини солиққа тортиш масаласи кун тартибига чиқди ҳамки, улар ўзларини “бечора” кўрсатиш кампаниясини бошлаб юборди. Бунинг ортида ким ёки нима тургани ҳозирча маълум эмас.
Гап нимада?
2026 йил 1 сентябрдан 2029 йил 1 январгача санъаткорлар (хонандалар, созандалар, актёрлар ва бошловчилар) учун солиқ тизими жорий этилади. Яъни бу солиққа тортиш муддати негадир 3 йилга ҳам бормайди. Қолаверса, санъаткор тўйга чиқсагина, кейин солиқ тўлайди, тўйга бормаса, солиқ йўқ.
Бу ҳақдаги президент қарори лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан тайёрланиб, жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Янги тартибга кўра, санъаткорлар ҳар бир кўрсатган хизмати (тўй, концерт ёки бошқа тадбир) учун алоҳида солиқ тўлаши керак бўлади.
Барча хизматлар Soliq мобил иловаси орқали мажбурий тарзда рўйхатга олинади. Тўлов миқдори санъаткорнинг рейтинги (суратда) ва тадбир ўтказиладиган ҳудудга боғлиқ бўлиб, базавий ҳисоблаш миқдори(БҲМ)нинг 0,25 бараваридан 3 бараваригача этиб белгиланган. Ижодкорлар йилига камида 1 БҲМ миқдорида ижтимоий солиқ тўласалар, ушбу йил улар учун меҳнат стажи сифатида ҳисобланади.

Ҳозирги кунда концерт-томоша фаолияти билан шуғулланиш учун “Ўзбекконцерт” давлат муассасасидан лицензия олиш талаб этилади. Янги лойиҳага кўра, лицензия учун давлат божи ҳар икки йилда бир марта ундирилиши кўзда тутилган. Давлат тадбирларида бепул хизмат кўрсатиш ҳолатларида ушбу чиқишлар учун алоҳида солиқ тўланмайди.
Агар санъаткор меҳнат шартномаси асосида ишласа (масалан, театр ёки филармонияда), унинг иш ҳақидан 12% даромад солиғи ушлаб қолинади (эл қатори). Лицензия асосида мустақил фаолият юритувчи санъаткорлар ўз даромадлари тўғрисида йиллик декларация топширишлари мумкин. Бироқ 2026 йил 1 сентябрдан 2029 йилгача бўлган ўтиш даврида “бир хизмат – бир тўлов” тизими асосий механизм бўлиши кутилмоқда.
Агар санъаткор хизмат кўрсатиш жойи ва вақтини иловага киритмаса ёки тўловни амалга оширмаса, бу солиқ базасини яшириш деб ҳисобланади. Бундай ҳолатда шартнома қийматининг 20 фоизи миқдорида, лекин БҲМнинг камида 20 баравари миқдорида жарима белгиланиши мумкин.
Санъаткорлар нима дейди?
Актёр ва хонанда Самандар Ҳамроқулов ушбу хабарга дарҳол муносабат билдириб, ўзидан “бечора”ни ёқиб олди. Унинг айтишича, санъаткорларда тўй ва концертдан бошқа даромад манбаи йўқ.
“Биз солиқ тўлашдан қочмаймиз, лекин санъаткорларнинг даромад манбаи фақат тўй. Улар харажат қилади, фалон минг долларга клип олади, қўшиқ ёзади. Халқда тўй бўлсагина, шу пулни қоплайди ё қопламайди, қарз билан ҳам чиқади”, деган Ҳамроқулов.
Унинг фикрича, фикру хаёли тирикчилик бўлса, ижод қилиш имконсиз. Бу борада шунча йилдан бери яхши гонорар ололмаётган, ижодига яраша ҳақ ундиролмаётган ва бу тизимга чидаб келаётган ёзувчи-шоирларга тўзим берсин.
Қўшиқчи Шароф Муқимовнинг пафос тўла айтган гаплари эса бошқа даража. Унга кўра, санъаткор бўлиш касб эмас, балки тақдир.
“Саҳна ортидаги ҳақиқатни ҳамма ҳам билмайди. Санъат ялтироқ эмас, бу уйқусиз тунлар, чарчатувчи хавфли йўллар ва узоқ-узоқ сафарлар, оиладан узоқлик”, деган Муқимов.
Бу билан хонанда бошқа касб эгалари ўйнаб пул топаётганига ишора қилгандек кўринган. Масалан, уйқусиз тунлар чегарада Ватанни қўриқлаётган аскарда ҳам бор. Чарчатувчи хавфли йўллар неча километрдан қор ва лой кечиб пиёда қатнайдиган ўқитувчида ҳам бор. Оиладан узоқлик дам олиш кунини билмайдиган, ярим кечагача (гоҳо тонггача) ишида қоғозларга кўмилиб ўтирадиган миллионлаган давлат хизматчиларида ҳам бор. Уларнинг бари солиқ тўлайди.
Бошловчи Абдувосит Саримсоқов эса Самандар Ҳамроқуловнинг гапига минг фоиз қўшилишини билдирган. Унинг айтишича, йўлларда жаримага тушиб уни тўлолмай юрган, ҳатто таксилик қилаётган санъаткорлар ҳам кўп. Алоҳида таъкидлашича, санъаткорлар касби (Муқимов буни касб демаганди) нуқтаи назаридан костюм-шимда юради.
Бу билан Саримсоқов таксичиларни камситмоқчи бўлганми ёки кўкка кўтармоқчими, бу номаълум. Шуниси аниқки, ўша бошловчи тилга олган таксичилар ҳам шу пайтгача ғинг демай солиғини тўлаб, тирикчилигини ўтказяпти.
Ижтимоий адолат ва тенгсизлик
Амалдаги тартибга кўра, ҳозир ҳам санъаткорлар солиқ тўлашади, лекин тўлов тизими бошқача. Улар асосан лицензия учун пул тўлайди. Бу лицензия ҳам ўзлари учун, яъни тўй ва концерт қўйишларига имкон беради.
Шунингдек, ҳар ойда камида базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлашади. Бу уларга келажакда пенсия олиш ва меҳнат стажига эга бўлиш ҳуқуқини беради.
Амалдаги қонунчиликка кўра, санъаткорлар ҳар йили 1 апрелгача ўзларининг жами даромадлари тўғрисида декларация топширишлари ва шу асосда даромад солиғи тўлашлари керак. Бунинг учун 2025-2026 йиллар ўтиш даври деб эълон қилинган бўлиб, бу вақт ичида санъаткорларга жарималарсиз ўз декларацияларини тўғрилаб олиш имкони берилган. Лекин улар бундан фойдаланишмаган чоғи.
Солиқ органларининг маълумотларига кўра, кўплаб санъаткорлар ўз даромадларини тўлиқ декларация қилмайдилар, яъни “соядаги иқтисодиёт” хавфи ортган. Юқоридаги санъаткорларнинг иддао қилишларича, уларнинг тўй-томошадан бошқа даромад манбаи йўқ. Аммо рекламаларда суратга тушиш, ижтимоий тармоқлардаги миллионлаб аудиторияли саҳифаларига реклама олиш орқали топаётган пуллари ҳақида негадир ҳеч нима гапирмаганлар.
Ҳозир меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори салкам 1,3 млн сўм. Яъни шу суммадан паст қийматда ойлик маош тўлаш мумкин эмас. Шу 100 доллар учун ишлаётган фаррошлар ҳозиргача нолимаган, ҳолбуки улар ҳам шу ойлигидан солиқ тўлайди.
Аниқроқ айтадиган бўлсак, ижтимоий тенгсизлик бор ва мазкур янги сиёсат ишга тушса, тенгсизлик маълум маънода адолатга айланади. Яъни 100 долларга ойлаб ишлаётган фаррош ҳам, тўй мавсумида (ўзбек қишин-ёзин тўй қилади) нечадир минг долларлаб пул топаётган ўша санъаткорлар ҳам бирдек солиқ тўлайди.
Америкада қандай?
АҚШда актёрлар ва қўшиқчилар учун солиқ тизими уларнинг иш мақомига (штатдаги ходим ёки мустақил пудратчи/фрилансер) қараб фарқ қилади. Аксарият санъаткорлар Self-employed (ўзини-ўзи банд қилган) ҳисобланади ва икки турдаги федерал солиқ тўлайди:
- даромад солиғи (Income Tax): соф фойдадан олинади (ставкалар 10% дан 37% гача);
- ўзини-ўзи банд қилиш солиғи (Self-Employment Tax): ставкаси 15.3% ни ташкил этади. Бу ижтимоий таъминот (Social Security) ва тиббий суғурта (Medicare) учун тўловдир.
Шунингдек,санъаткорлар ўз даромадларидан касбий фаолият билан боғлиқ харажатларни айириб ташлаш (Tax Deductions) ҳуқуқига эга. Бу солиқ миқдорини сезиларли даражада камайтиради:
- агент ва менежерлар комиссияси: одатда даромаднинг 10-20% қисми;
- профессионал тайёргарлик: актёрлик маҳорати дарслари, вокал дарслари ва коучинг;
- реклама ва промоушн: хедшотлар (фотосуратлар), видео-демолар, шахсий веб-сайт ва бизнес карточкалар;
- саёҳат харажатлари: кастингларга, суратга олиш майдончаларига ёки гастролларга бориш-келиш харажатлари;
- махсус кийим ва грим: фақат саҳна ёки рол учун ишлатиладиган (кундалик ҳаётда кийиб бўлмайдиган) кийимлар, грим ва соч турмаги харажатлари;
- иттифоқ аъзолик бадаллари: SAG-AFTRA ёки Actors' Equity каби ташкилотларга тўланадиган йиллик тўловлар.
Агар йиллик даромад $16,000 дан кам бўлса ва камида иккита иш берувчидан $200 дан ортиқ маош олган бўлса, харажатларни стандарт чегирмадан ташқари алоҳида чегириб ташлаш мумкин (Qualified Performing Artist (QPA). Ҳозир ушбу чегарани $100,000 гача ошириш бўйича PATPA қонун лойиҳаси кўриб чиқилмоқда.
Мусиқачилар ва қўшиқчилар янги қонунга кўра, АҚШда ёзилган қўшиқ ёки албом (HITS Act) учун кетган харажатларни (студия ижараси, сессия мусиқачилари тўлови) ўша йилнинг ўзида тўлиқ чегириб ташлашлари мумкин (йилига $150,000 гача).
Европада қандай?
Европа давлатларида актёрлар ва қўшиқчилар учун солиқ тизими АҚШникидан фарқ қилади ва асосан иккита йўналишга бўлинади: резидентлар (ўша давлатда яшовчилар) ва хорижлик ижодкорлар (гастролчилар) учун солиқлар.
Агар сиз Европа давлатида резиденти бўлмасангиз, лекин у ерда концерт берсангиз ёки суратга тушсангиз, даромадингиздан автоматик равишда солиқ ушлаб қолинади (Withholding Tax).
Германия
Хорижлик санъаткорлар учун солиқ ставкаси 15% ни ташкил этади (қўшимча равишда 5.5% “солидарлик солиғи” ҳам бўлиши мумкин). Агар харажатларни чегириб ташлашни истасангиз, ставка 30% гача чиқиши мумкин, лекин бу фақат соф фойдадан олинади.
Испания
Европа Иттифоқи резиденти бўлмаганлар учун ставка 24%. Агар харажатларингиз даромаднинг 40% дан кўплигини исботлай олмасангиз, бутун суммадан солиқ олинади.
Истиснолар
Дания, Ирландия ваНидерландия каби давлатлар қисқа муддатли ташриф буюрган хорижлик санъаткорлардан ушлаб қолинадиган солиқни умуман олмайди.
Резидент санъаткорлар учун имтиёзлар
Европанинг кўплаб давлатларида ижодкорлар учун махсус имтиёзли режимлар мавжуд. Масалан, Малтада санъаткорлар учун махсус пасайтирилган ставка – 7.5% (50,000 еврогача бўлган даромад учун) амал қилади.
Франция ва Германияда “Ижтимоий суғурта кассалари” (масалан, Германияда KSK) мавжуд. Бу тизимда санъаткор суғурта бадалининг фақат ярмини тўлайди, қолган ярмини давлат ва ижодкорнинг хизматидан фойдаланувчи компаниялар (буюртмачилар) тўлаб беради.
Испанияда эса ижодий фаолиятдан тушган “нотекис” даромадлар (масалан, 2 йил давомида тайёрланган албом сотуви) учун 30% лик солиқ чегирмаси берилади.
Европада ҳам (АҚШ каби) касбий харажатларни солиқдан чегириб ташлаш мумкин (Deductions). Масалан:
- грим, параклар, саҳна кийимлари ва чолғу асбобларини ижарага олиш;
- агентлар комиссияси, студия ижараси, хореографлар ва вокал ўқитувчилари тўловлари;
- шахсий веб-сайт, промо-роликлар ва портфолио яратиш харажатлари.
Санъаткорлар маълум бир даромад чегарасидан ўтгандан кейин ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатдан ўтишлари керак. Кўплаб Европа давлатларида маданий хизматлар ва чипталар учун пасайтирилган ҚҚС ставкалари қўлланилади.
Хулоса
Кўриб турганингиздек, бутун дунёда санъаткорлар солиқ тўлайди. Энг қизиғи, улар буни санъат даражасига кўтаришади, солиқ тўлаш маданиятини тарғиб қилишади. Ўз даромадларини очиқлаш орқали аҳолининг барча қатлам вакиллари билан тенг эканини исботлашдан уялмайдилар.
Биз ҳали тўйларда қистириладиган долларлар, рекламалардан тушадиган пуллар ва бошқа даромадлар ҳақида ёзмадик. Ижтимоий тармоқда нолиб чиққан санъаткорларнинг асосий даромад манбаи шулардан иборат. Масалан, YouTube орқали топаётган пули учун Америкага ҳам солиқ тўлайдилар, аммо бундан нолиб чиқишганини кўрмаганмиз.
Уларнинг иддаосига кўра, ўша “зўрға” яшаётган санъаткорларнинг ҳам ўз тиллари бор. Негадир улар сукут сақламоқда. Балки солиқ тўламайлик, дейишдан уялаётгандир.
Бобур Жалолов,
Platina.uz бош муҳаррири
