"Яшил" техникумларда экостипендия таъсис этилади
Мазкур стипендия ҳар йили 10 нафаргача иқтидорли ўқувчиларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган ҳажмда тўланади.

"Яшил" техникумларда экостипендия таъсис этилади.
"Эко-маданият" умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни жадаллаштиришга оид комплекс чора-тадбирлар тўғрисида"ги Президент қарори (ПҚ–110-сон, 25.03.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, Университет ҳамда "яшил" техникумлар таълим тизимининг узвийлигини таъминлаш мақсадида 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб:
- "яшил" техникумларда таълим жараёни Университет томонидан ишлаб чиқиладиган ва Касбий таълим агентлиги тасдиқлайдиган таълим дастурлари асосида ташкил этилади;
- "яшил" техникумларда мажбурий ва танлов фанлари Университет томонидан белгиланади;
Университетнинг 1-босқичида ўқитиладиган мутахассислик фанлари "яшил" техникумларнинг 2-босқич ўқув дастурларига махсус курс сифатида киритилади;
- "яшил" техникумларни муваффақиятли битирган инглиз тилидан В2 даражага эга бўлган битирувчиларга Университет томонидан белгиланган баллар ўртача қийматидан (GPA) келиб чиқиб, бакалавриатнинг 2-босқичидан ўқишни давом эттиришга рухсат берилади;
- "яшил" техникумларда экостипендия таъсис этилади ва ҳар йили 10 нафаргача иқтидорли ўқувчиларга меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кам бўлмаган миқдорда стипендия тўланади.
