Украина терма жамоаси ўғрилар ҳужумига учради
Ҳодиса 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун Швецияга қарши плей-офф ўйини олдидан содир бўлган.

Футбол бўйича Украина терма жамоаси Швецияга қарши Жаҳон чемпионати саралаш ўйини олдидан талончиликка учради.
Record газетасининг хабар беришича, Украина миллий футбол жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати учун Швецияга қарши плей-офф ярим финал ўйини олдидан ўғрилар ҳужумига дуч келган.
Манбага кўра, ўғрилар Испаниянинг Бенидорм шаҳридаги жамоа ўйинга тайёргарлик кўраётган меҳмонхонага бостириб киришган.
Ўйинчилар ва мураббийлар штаби қимматбаҳо соатлар, бир неча минг евролик ҳашаматли буюмлар ва нақд пул йўқолганини аниқлаган. Ўғирлик футболчилар ва миллий терма жамоа расмийлари меҳмонхона ташқарисида бўлган пайтда содир бўлган.
Ўйин эса 26 март куни бўлиб ўтди ва Швециянинг 3:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
