Айрим турдаги шахсга доир маълумотлар Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шартлиги белгиланди
Бунга шахсларнинг биометрик ва генетик маълумотлари ҳам киради.

Шахсга доир маълумотларнинг самарали ҳимоя қилиниши таъминланади.
Қонун (ЎРҚ–1125-сон, 26.03.2026 й.) билан “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Киритилган ўзгартиришларга кўра, қуйидаги шахсга доир маълумотлар Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шарт:
- шахсларнинг биометрик маълумотлари;
- шахсларнинг генетик маълумотлари;
- Ўзбекистон ҳудудида фаолият олиб бораётган телекоммуникациялар операторларидаги уларнинг хизматларидан фойдаланувчи жисмоний шахсларнинг маълумотлари.
Юқорида кўрсатилмаган шахсга доир маълумотлар қуйидаги шартлардан бири бажарилганда, Ўзбекистондан ташқарида сақланиши ва ишлов берилиши мумкин:
- чет давлатни шахсга доир маълумотларнинг бир хил ҳимоя қилинишини таъминловчи давлат сифатида тан олиш;
- оператор томонидан ваколатли давлат органи тасдиқлайдиган талабларга жавоб берувчи стандарт шартномавий шартлар ёки мажбурий корпоратив қоидалар қабул қилиниши ва уларга риоя этилиши;
- рўйхати ваколатли давлат органи томонидан тасдиқланадиган шахсга доир маълумотларни бошқариш ва сақлаш соҳасидаги халқаро стандартларга оператор томонидан риоя этилиши.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
