Россиялик ёзувчи Нобел мукофотининг муқобилини яратишни таклиф этди
Захар Прелипиннинг ғояси президент Владимир Путин томонидан қўллаб-қувватланган.

Россиялик ёзувчи Захар Прилепин Нобел мукофотига муқобил сифатида халқаро адабий мукофот яратишни таклиф қилди. У бу ташаббусни Россия президенти маданият кенгаши йиғилишида тақдим этди.
Унинг ғояси президент Владимир Путин томонидан қўллаб-қувватланди.
Прилепин сўнгги ўн йилликларда Нобел мукофоти "шубҳасиз сиёсий восита"га айланганини таъкидлади. У Иккинчи Жаҳон уруши бошланганидан кейин адабиёт соҳасидаги тахминан 20 нафар собиқ Нобел мукофоти лауреати урушга қарши хатни имзолаганини мисол қилиб келтирди.
"Бундай шароитда нафақат Россия, балки глобал кўпчиликни қамраб олувчи янги глобал адабий мукофотнинг мавжудлиги ва яратилиши зарур", деб қўшимча қилди Прилепин.
Унинг фикрича, янги мукофотни яратиш 2024 йилда Россияда таъсис этилган "Слово" адабий мукофотига тақлид қилиниши керак.
"Ғоя асосли ва яхши. Одамларда муқобиллар бўлиши керак - ажойиб натижаларга эришган ва бу натижаларни мамлакатимизга ва бутун глобал китобхонлар ҳамжамиятига намойиш этадиган истеъдодли одамлар учун мукофот", деб жавоб берди Путин.
Эслатиб ўтамиз, Нобел мукофоти 1901 йилдан бери ҳар йили топшириб келинади. Стокголмдаги Швеция академияси лауреатларни танлаш учун масъулдир. Унинг таркибига Нобел адабиёт қўмитаси, номинацияларни баҳолайдиган ва академияга тавсияларини тақдим этадиган тўрт-беш кишидан иборат ишчи гуруҳ киради.
Турли вақтларда рус ёзувчиларидан Иван Бунин (1933), Борис Пастернак (1958), Михаил Шолохов (1965) ва Александр Солженицин (1970) лауреатлар сифатида тан олинган.
