platina.uz
Сиёсат

Ўзбекистон бўйлаб Миллий дендрология боғлари қурилади

Тошкентда бундай боғ 108 гектар ерда барпо этилиб, унга 50 минг туп дарахт кўчати ва 100 минг туп бута ўсимликлари экилиши режалаштирилган. 

Ўзбекистон бўйлаб Миллий дендрология боғлари қурилади

Тошкентда Миллий дендрология боғини барпо этилади. Бу ҳақдаги концепция Президентга тақдимот қилинди.

Ушбу йирик яшил ҳудуднинг умумий майдони 108 гектарни ташкил этиши белгиланган. Лойиҳа доирасида 50 минг туп дарахт кўчати ва 100 минг туп бута ўсимликлари экилиши назарда тутилган. Парк биологик хилма-хилликни сақлаш, ҳаво сифатини яхшилаш, углерод ютилишини ошириш, илмий тадқиқот ва селекция ишларини йўлга қўйиш, шунингдек, шаҳар микроиқлимини соғломлаштиришга хизмат қилади. Боғ ҳаво ҳароратини 2-4 даражага пасайтириб, намликни 10-15 фоизга ошириши мумкин.

2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш режа қилинган. Натижада 2030 йилгача мамлакатда умумий яшиллик даражасини 14,2 фоиздан 30 фоизгача ошириш, PM2,5 ва PM10 концентрациясини 20-25 фоизга камайтириш, иқлими оғир ҳудудларда ҳаво ҳароратини ўртача 1,5-2 даражага пасайтириш мақсад қилинган.

Миллий дендрология боғи фақат кўкаламзор ҳудуд эмас, балки илмий, маърифий ва жамоат макони сифатида ҳам шакллантирилади. Унда “Дунё дарахтлари” ҳудуди, 6 та иқлим минтақасига хос ўсимликлар коллекцияси, мевали ва маҳаллий дарахтзорлар, доривор ўсимликлар боғи, оранжерея, гулзорлар, дам олиш майдонлари, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, автотураргоҳ, ташриф буюрувчиларни кутиб олиш майдони барпо этилади.

Боғнинг марказий қисмида 1 гектарлик сунъий кўл ва унинг атрофида сакура боғи ташкил қилиш режалаштирилган. Парк инфратузилмасида қуёш панеллари, қайта ишланган материаллардан тайёрланган скамейка ва беседкалар, автоматлаштирилган томчилатиб суғориш тизими каби замонавий экологик технологиялардан фойдаланиш кўзда тутилган. Бу ер Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши университети (“Green University”) учун табиий лаборатория, аҳоли учун эса биотуризм ва экотаълим марказига айланади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid