platina.uz
Сиёсат

1 октябрдан Тошкент шаҳри ва туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил этиш чекланади

Мазут ва ностандарт ёқилғидан фойдаланувчи иссиқхоналар улуши юқори бўлиб, улар чиқараётган NO2, SO2 ва PM2,5 каби хавфли моддалар ҳаво сифатига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

1 октябрдан Тошкент шаҳри ва туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил этиш чекланади

2026 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил этиш чекланади. Бу ҳақда Президентга тақдимот қилинди.

Кўчирилаётган хўжаликларга инфратузилма, кредит ва логистика бўйича имтиёзлар ҳам берилади.

Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида иссиқхона хўжаликлари жуда кўп, улар орасида иситиш манбалари сифатида кўмир, мазут ва ностандарт ёқилғидан фойдаланувчи иссиқхоналар улуши ҳам юқори, улар чиқараётган NO2, SO2 ва PM2,5 каби хавфли моддалар ҳаво сифатига жиддий таъсир кўрсатмоқда.

Қолаверса, Тошкент ҳудудида йиллик қуёш нурланиши қолган ҳудудларга қараганда нисбатан паст бўлгани сабабли бу ерда иссиқхонада маҳсулот етиштириш харажати анча баланд. Масалан, январ ойида Тошкентда ўртача ҳарорат Целсий бўйича 6 даража иссиқ бўлса, Термизда – 10,8 даража иссиқ. 1 тонна иссиқхона маҳсулотини етиштириш харажати Тошкент вилоятида 11,9 миллион сўмни, Сурхондарёда эса 4,9 миллион сўмни ташкил этади.

Маҳсулотларни инсоляция даражаси юқори бўлган ҳудудларда етиштириш иссиқхона хўжаликларининг молиявий ҳолати учун ҳам, ички бозордаги нарх барқарорлиги нуқтаи назаридан ҳам манфаатли ҳисобланади.

Шу боис, Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудлардаги иссиқхоналарни энергия тежамкор ва табиий-иқлим шароити қулай бўлган ҳудудларга босқичма-босқич кўчириш таклифи билдирилди. Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Шеробод туманида камида 940 гектар майдонда агропарк ташкил этиш режалаштирилган. Бу ҳудудда қуёш нурланиши юқори, қиш нисбатан юмшоқ, иситиш харажатлари анча паст бўлиб, бу маҳсулот таннархини кескин тушириш имконини беради.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid