Тошкентдаги Амир Темур хиёбони 15 кунга ёпилади
Белгиланган муддатда хиёбон ҳудудига олиб чиқувчи метро бекатларининг чиқиш йўллари ҳам вақтинча берк бўлади.

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида ободонлаштириш ишлари олиб борилиши муносабати билан 2026 йил 23 мартдан 7 апрелгача Амир Темур хиёбони ҳудуди бутун периметри бўйлаб вақтинча ёпилади.
Чекловлар фақат Махтумқули, Истиқбол, Сайилгоҳ кўчалари ҳамда Амир Темур ва Мустақиллик шоҳкўчалари чегараларида жойлашган хиёбон майдонининг ўзига тааллуқлидир.

Ишлар давомида пиёдалар йўлаклари қопламасини таъмирлаш ва қисман янгилаш, муҳандислик коммуникациялари ва суғориш тизимини модернизация қилиш, шунингдек, ҳудудни кўкаламзорлаштириш режалаштирилган. Янгиланаётган суғориш тизими сувдан янада оқилона фойдаланишни ҳамда мавжуд яшил майдонларни янада самаралироқ суғоришни таъминлайди.
Ҳокимиятнинг ишонтиришича, олиб борилаётган ишлар доирасида мавжуд бирорта ҳам дарахтга зиён етказилмайди. Аксинча, қўшимча кўчатлар экиш ва ҳудудни кўкаламзорлаштиришни кучайтириш ишлари кўзда тутилган.
Бунда туташ кўчаларда автотранспорт ҳаракати ва йўл бўйида тўхтаб туриш имконияти одатдаги тартибда сақланиб қолади.
Белгиланган муддатда хиёбон ҳудудига олиб чиқувчи метро бекатларининг чиқиш йўллари ҳам вақтинча ёпилади.
