Тошкент зилзиласида кўрилган зарар 10 млрд АҚШ доллари миқдорида бўлган
2020-2025 йилларда йиғилган суғурта мукофотлари ва тўланган товонлар динамикаси, уларнинг муносабати таҳлил қилинади. Табиий офатлар ҳажмини камайтириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси ижросини танқидий кўриб чиқиш тавсия этилади.

Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар молиявий секторнинг барча тармоқлари қаторида суғурта бозорининг ҳам жадал ривожланишига замин яратмоқда. Айниқса, 2020-2025 йиллар давомида суғурта хизматларига бўлган талабнинг ортиши, янги суғурта маҳсулотларининг жорий этилиши ҳамда рақамлаштириш жараёнларининг кенгайиши ушбу соҳанинг сифат жиҳатидан бир поғона юқори босқичга чиқишига олиб келди.
Иқлим ўзгариши, табиий ва техноген фалокатлар сонининг ортиб бориши аҳоли ва бизнес субъектларини молиявий ҳимоя қилиш механизмларига, хусусан, суғурта хизматларига бўлган талабнинг ортишига олиб келмоқда. Дунё миқёсида иқлим ўзгаришлари билан боғлиқ ва техноген фалокатларнинг сони, кўлами ва оқибатлари ортиб, Марказий Осиё, жумладан, Ўзбекистон аҳолиси булардан энг кўп зарар кўрмоқда. Жумладан, мамлакатимиз сўнгги 20 йил ичида биргина кучли гидрологик қурғоқчилик билан боғлиқ бир қанча ҳолатларга дуч келди ва энг кўп зарарланган ҳудудларда экинлар ҳосилининг 45 фоиздан 75 фоизгача қисми йўқотилди. Бу ҳақда қатор босма ва интернет нашрлардан тортиб хорижий экспертларнинг тадқиқотларида етарли маълумот олишимиз мумкин.
Биргина мисол, 2026 йилнинг 26 апрел куни Тошкент зилзиласи содир бўлганига 60 йил бўлади. Ушбу зилзила оқибатида Тошкентнинг марказий қисмидаги 2 миллион квадрат метрдан зиёд турар жой майдони, 236 та маъмурий, 700 га яқин савдо ва умумий овқатланиш, 181 та таълим муассасаси, 185 та тиббиёт, 245 та саноат биноси бутунлай вайрон бўлиб, кўрилган иқтисодий йўқотиш ўша давр курси бўйича 10 млрд АҚШ доллари миқдорида экани ҳамда дунё миқиёсида зилзилалар юз беришини онлайн кузатиш имкониятлари шахс, жамият ва давлатнинг аҳоли, унинг мол-мулкини турли хатар ва қалтисликлардан кўрилиши мумкин бўлган зарарларни бозор механизмларига асосан қоплаш тизимини шакллантиришга бефарқ қарамасликка ундайди. Макродаражада суғурта мукофотлари ҳажмининг ўсиши билан бирга, суғурта товонлари тўлови мутлақ кўрсаткичлари ортишига ундовчи институционал тузилманинг мавжудлиги – суғурталанувчиларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳимоя қилинганини кўрсатиш билан бирга, аҳолининг ушбу институтга ишончини орттиришга хизмат қилади.
Шу билан бирга, суғурта бозори қонунчилигини ривожлантириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, давлат томонидан тартибга солиш механизмларининг такомиллашуви ва аҳоли ўртасида, айниқса, ОАВ орқали тарғибот-ташвиқот тадбирларини тизимли олиб бориш аҳолининг суғурта маданиятининг босқичма-босқич ошишига, соҳанинг барқарор ривожланишига ўз таъсирини кўрсатади. Айни пайтда, суғурта мукофоти ва суғурта товони миқдорлари ўртасидаги мутаносиблик, суғурта товони салмоғининг ортиб (камайиб) бориш динамикаси суғурта бозори самарадорлигини мижоз-суғурталанувчи томонидан баҳолаш долзарб ҳисобланади.

2020-2025 йилларда Ўзбекистон суғурта бозорида йиғилган суғурта мукофотлари ва тўланган суғурта товонлари динамикаси изчил ўсиш тенденциясини намоён этди. Ушбу даврда бозор ҳажмининг кенгайиши, янги иштирокчиларнинг кириб келиши ва суғурта хизматларига бўлган талабнинг ортиши асосий омиллардан бўлди. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2020 йилдан бошлаб суғурта мукофотлари ҳажми йилдан йилга ўсиб борган. Агар 2020 йилда бозор ҳажми нисбатан паст бўлган эса, 2023-2024 йилларга келиб у бир неча баробарга ошган. 2024 йилда суғурта мукофотлари ҳажми қарийб 9-10 трлн сўмга етгани бозорда юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолаётганини кўрсатади. Бунга мажбурий суғурта турларининг кенгайиши, корпоратив мижозлар улушининг ортиши, рақамли суғурта хизматларининг жорий этилиши сабаб бўлди.
“Энг яхши ташвиқот-суғурта товони тўланиши” ақидаси нуқтаи назаридан ёндашганимизда 2022 йилгача бўлган даврда ялпи суғурта мукофотлари улушида тўланган ялпи суғурта товонлари миқдори салмоқли бўлгани ва ўсиш тенденциясига эгалигини қуйидаги расмда кўриш мумкин. Бироқ 2022 йилдан шу кунга қадар эса суғурта товонларини тўлаш коэффиценти пастлаб бораётганини кузатиш мумкин. ОАВ ва онлайн платформаларда фуқаролар томонидан ушбу йўналишда қилинган мурожаатлар ҳам буни яққол тасдиқлайди.

Аҳоли мурожаатлари ва расмда қайд этилган тенденциянинг мавжудлиги:
- суғурта ҳодисаси содир бўлганда уни қайд этиш, рақамлаштириш ва суғурта товони тўлаш муддатларини максимал даражада қисқартиришнинг институционал механизмларининг маромига етказилиши;
- аҳоли ва уларнинг мол-мулкини суғурта қилишни тарғиб қилишга тижорат рекламаси сифатида ёндашиш амалиёти ва қонунчилигининг қайта кўриб чиқилиши;
- аҳолининг суғурта маданиятини ошириш ишларини фундаментал қайта кўриб чиқиш, ОАВ, телевидение ва радиода намойиш этиладиган кўрсатув ва эшттиришлар, кинофилм, мултипликационфилм, ҳужжатли, илмий-оммабоп, ўқув, воқеали кинофилмлар ва киножурналларнинг адабий сценарийларига турли хатар ва қалтисликлардан кўрилиши мумкин бўлган зарарларнинг бозор механизмларини тарғиб этувчи содда ва халқчил лавҳалар киритилишини таъминлаш, бунда хорижий тажриба ва амалиётдан кенг фойдаланилиши;
- суғурта шартнома шартларини соддалаштириш, шаффоф тўлов механизмларини яратиш ва суғурта компанияларининг жавобгарлиги оширилиши;
- суғуртанинг ижтимойи-иқтисодий аҳамиятини барча фуқаролар, айниқса, зиёлилар ва барча бўғин раҳбарларига тушунтириш учун семинарлар, вебинарлар, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда мақсадли пост ва бошқа ахборот-тарғибот материаллари яратилиши;
- таълим дастурларига молиявий саводхонлик мавзуларининг киритилиши каби шу ва бошқа муаммо – масалалар комплекс тарзда ўз ечими топилиши зарурлигини белгилаб беради.
Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, аҳоли ва унинг мол-мулкини турли хатар ва қалтисликлардан ҳимоя қилишни янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, “2015-2030 йилларда офатлар хавфини камайтириш бўйича Сендай ҳадли дастури” мақсадларига Ўзбекистонда эришиш стратегиясини 2019-2030 йиллар даврида амалга ошириш бўйича Миллий ҳаракатлар режаси ижросини танқидий кўриб чиқиш тавсия этилади.
Айни пайтда аҳоли уй-жойларини мажбурий ёки ярим мажбурий суғурта қилиш механизмининг жорий этилиши ортиб бораётган хатар ва қалтисликлардан кўрилиши мумкин бўлган зарарлардан аҳоли ва унинг мол-мулки ишончли ҳимоя қилинишини кучайтириб, давлат бюджетига тушадиган фавқулодда харажатларни қисқартиришга, пировардида аҳоли фаровонлигининг ошишига олиб келади.
Тадқиқот натижалари барча соҳаларга сунъий интеллект шиддат билан кириб бораётган, давлат бюджети чеклангани, аҳоли ва унинг мол-мулкини турли хатар ва қалтисликлардан кўрилиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш каби бошқа (масалан, бюджет танқислиги ва ҳ.к) қатор масалаларга бозор ечими бўлмиш – Ўзбекистон суғурта бозорининг барқарор ўсиши, молиявий барқарорлиги мустаҳкамланишининг институционал-ташкилий-иқтисодий механизмларининг маромига етказилиши зарурлигини кўрсатади.
Самидилло Маҳмудов,
мустақил тадқиқотчи
