Кинотавсия: “Оқ пуфак”дан ўз юртидан қочган “Бегоналар”гача
Platina.uz қўшалоқ байрам муносабати билан энг сара филмлар тўпламини тавсия қилади.

Рамазон ҳайити ва Наврўз байрамлари шукуҳи кезиб юрган пайтда Platina.uz сизлар учун навбатдаги кинолар тўпламини тайёрлади.
5. Тангалик болалар, 1990
1990 йилда “Ўзбекфилм” киностудияси томонидан суратга олинган машҳур бадиий филм. Бу кино ўзбек болалар киносининг энг сара намуналаридан бири ҳисобланади. Режиссёр Темурмалик Юнусов, сценарий муаллифи Рихсивой Муҳаммаджонов.
Сюжет
Филм Танга қишлоғида яшовчи учта дўст – Зокир, Нортой ва Достоннинг саргузаштлари ҳақида ҳикоя қилади. Улар ўз ташвишлари билан қишлоқдан катта шаҳарга келишади. Филмда болаларнинг шаҳардаги қизиқарли, баъзан драмали ва ибратли саргузаштлари кўрсатилган.
“Тангалик болалар” ўз даврининг ҳаётий муаммоларини, қишлоқ ва шаҳар ҳаёти ўртасидаги фарқни, болаларнинг софдиллиги ва орзуларини очиб бергани учун томошабинлар меҳрини қозонган.
Бош ролларни Достон Убайдуллаев, Муҳаммаджон Раҳимов, Иброҳим Саидаҳмедов, Шаҳноза Фозилжонова, Мурод Ражабов, Ойбарчин Бакирова, Ширин Азизова, Беҳзод Муҳаммадкаримов ижро этган.
4. Оқ пуфак, The White Balloon, 1995 (Эрон)
мазкур филм Эрон киносининг энг машҳур ва халқаро миқёсда эътироф этилган асарларидан биридир. Режиссёр Жаъфар Паноҳий (унинг дебют бадиий филми), сценарий муаллифи Аббос Киаростами (машҳур эронлик режиссёр).
Сюжет
Филм воқеалари Теҳронда, Наврўз арафасида бўлиб ўтади. 7 ёшли Розия исмли қизча Наврўз байрами учун дўконда кўриб қолган чиройли олтин балиқни сотиб олишни жуда хоҳлайди. У онасини кўндириб, оиланинг охирги 500 туман пулини олади ва балиқ сотиб олиш учун йўлга чиқади. Йўлда у пулини йўқотиб қўяди. Филмнинг асосий қисми қизчанинг акаси Али билан биргаликда пулни қайтариб олишга бўлган уринишлари ва бу жараёнда турли инсонлар (илон ўйнатувчилар, тикувчи, афғон ҳаво шарлари сотувчиси ва бошқалар) билан учрашувларига бағишланган.
Филм Канн кинофестивали энг яхши дебют учун “Олтин камера” (Camera d'Or) мукофотини олган. The Guardian нашри уни “барча даврларнинг энг яхши 50 та оилавий филми” рўйхатига киритган.
Филмнинг якуний саҳнасидаги оқ пуфак кўтарган афғон болакай образи рамзий маънога эга бўлиб, томошабинни меҳр-оқибат ва инсонийлик ҳақида мушоҳада юритишга чорлайди.
3. Муннабой-2 (Lage Raho Munna Bhai, Ҳиндистон), 2006
2006 йилда Ражкумар Ҳирани томонидан суратга олинган машҳур комедик драма. Бош ролларда Санжай Датт (Муннабой), Аршад Варси (Саркет), Видя Балан (Жанви) ва Боман Ирани (Лакки).
Филм 4 та Миллий кино мукофотини қўлга киритган. Гарчи биринчи қисмдаги актёрлар (Санжай Датт ва Аршад Варси) ўз ролларини сақлаб қолишган бўлса-да, воқеалар биринчи қисм билан бевосита боғлиқ эмас. Филм Ҳиндистонда Ганди фалсафасига бўлган қизиқишни қайта уйғотган.
Сюжет
Филмда зўравон ва безори Муннабой радиобошловчи Жанвига ошиқ бўлиб қолади. Уни ўзига жалб қилиш учун Мунна ўзини Ганди таълимоти бўйича профессор қилиб кўрсатади.
2. Бегоналар (I Was a Stranger), 2024
2024 йилда режиссёр Брандт Андерсен томонидан суратга олинган, Суриядаги уруш ва қочқинлар ҳаётига бағишланган жуда таъсирли драматик филм. Филмда бош ролларни Умар Си, Ясмин Ал Массри, Яҳя Маҳайни.
Режиссёр Брандт Андерсен узоқ йиллар давомида қочқинлар лагерларида кўнгилли бўлиб ишлаган ва ушбу филмни реал воқеалар асосида яратган. Филмнинг асосий мақсади – қочқинларга шунчаки “рақам” ёки “муаммо” деб эмас, балки ҳар бирининг ўз орзуси ва оиласи бор инсон сифатида қараш кераклигини кўрсатишдир.
Томошабинлар ва танқидчилар филмни инсонийликни тарғиб қилувчи энг кучли драмалардан бири деб аташмоқда.
Бундан ташқари, мазкур филм айни пайтда уруш домида турган дунё учун тинчлик қандай тотли неъмат эканини кўрсатиб беради.
Сюжет
Филм бир-бирига боғлиқ бўлган бешта инсоннинг тақдири ҳақида ҳикоя қилади. Воқеалар Сурия, Туркия ва Греция ҳудудларида бўлиб ўтади. Суриялик педиатр аёл, Алепподаги портлашдан сўнг қизи билан мамлакатдан қочишга мажбур бўлади. Бу йўлда бошқа қочоқлар ва саргузаштларга дуч келади.
1. Форрест Гамп, 1994
Бу филм дунё киносининг энг сара дурдоналаридан бири бўлиб, режиссёр Роберт Земекис томонидан суратга олинган. Ушбу филм Уинстон Грумнинг шу номли романи асосида яратилган. Бош ролдаги Том Хэнкс мазкур роли учун “Оскар” олган.
Филм жами 6 та “Оскар” мукофотини қўлга киритган (жумладан, “Энг яхши филм”, “Энг яхши режиссёр” ва “Энг яхши актёр”). IMDb рейтингида дунёдаги энг яхши филмлар рўйхатида юқори ўринларда туради.
Сюжет
Филм паст IQ даражасига эга бўлган, аммо беғубор ва меҳрибон қалбли Форрест Гамп исмли йигитнинг ҳаёти ҳақида. У АҚШнинг 20-аср иккинчи ярмидаги энг муҳим тарихий воқеаларида (Вьетнам уруши, Хиппилар ҳаракати, Уотергейт можароси) беихтиёр иштирок этади.
Форрест ўз ҳаёти давомида фақат яхшилик қилади ва тақдир унга доим муваффақият келтиради. У машҳур спортчи, уруш қаҳрамони ва миллиардерга айланади, лекин унинг учун энг муҳими – болаликдаги севгиси Женни ва онасининг ўгитларидир.
