platina.uz
Сиёсат

Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев ва Гурбангули Бердимуҳамедов билан мулоқот ўтказди

Давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами муносабати билан бир-бирларини табриклади. Томонлар Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёда юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар. 

Шавкат Мирзиёев Илҳом Алиев ва Гурбангули Бердимуҳамедов билан мулоқот ўтказди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 март куни Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев билан телефон орқали мулоқот қилди.

Давлат раҳбарлари яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами муносабати билан бир-бирларини самимий қутлаб, биродар халқларимизга тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва равнақ тиладилар.

Суҳбатда Олий давлатлараро кенгашнинг иккинчи йиғилишида эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Озарбайжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Товар айирбошлаш барқарор ортиб бораётгани, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа устувор соҳаларда қўшма кооперация лойиҳалари илгари сурилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Томонлар, шунингдек, Яқин Шарқдаги вазиятни муҳокама қилдилар. Унинг янада кескинлашиши кенг минтақа учун олдиндан айтиб бўлмайдиган оқибатларга, жаҳон иқтисодиёти рецессиясига олиб келиши мумкинлиги, вазиятни фақат сиёсий-дипломатик воситалар билангина тез фурсатда юмшатиш зарурлиги қайд этилди.

Бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Президент Шавкат Мирзиёев 20 март куни Туркман халқининг миллий етакчиси, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов билан телефон орқали мулоқот қилди.

Суҳбат аввалида етакчилар бир-бирларини муборак Рамазон ҳайити ва баҳорий Наврўз айёми муносабати билан дилдан қутлаб, икки мамлакатнинг қардош халқларига тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва бардавом равнақ тиладилар.

Давлатимиз раҳбари Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовга ҳам самимий табрикларини йўллади.

Ўзбекистон билан Туркманистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди.

Барча даражаларда самарали мулоқотлар давом этмоқда. Товар айирбошлаш ҳажмининг барқарор ўсиши, шу жумладан тайёр маҳсулотларни етказиб бериш орқали таъминланмоқда. Яқинда ишга туширилган “Шовот-Тошҳовуз” савдо зонасининг самарали фаолияти ҳам ўзаро савдонинг ошишига хизмат қилмоқда.

Юк ташишлар ҳажми, шу жумладан Туркманбоши порти орқали изчил ортиб бормоқда. Энергетика, саноат, сув хўжалиги ва транспортда кооперация кенгайиб бормоқда, Парламентлараро, ҳудудлараро, ишбилармонлик ва маданий-гуманитар алмашинувларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Томонлар Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёда юзага келаётган вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Барқарор тинчликка эришишнинг ягона йўли вазиятни сиёсий-дипломатик чоралар билан ҳал этиш экани таъкидланди.

Жорий йилда кўзда тутилган кўп ва икки томонлама тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid