platina.uz
Таҳлил

Эрондаги уруш қачон тугайди?

Бу савол ҳамон очиқ қолмоқда. Чунки айрим йирик ўйинчилар бу жараён тез тугамаслигидан манфаатдор.

Эрондаги уруш қачон тугайди?

2026 йил март ойининг ўрталарига келиб, Эрон ва АҚШ ҳамда Исроил бошчилигидаги коалиция ўртасидаги ҳарбий можаро нафақат минтақавий уруш, балки глобал иқтисодий беқарорликнинг асосий омилига айланди. Бир ойга етмаган вақт ичида нефт нархи 35-45% га ошди, айрим савдо кунларида Brent нархи 110 доллардан ҳам юқори кўрсаткичларга чиқди. Дунё яна XX асрдаги нефт шокларини эслатувчи ҳолатга қайтди, аммо бу сафар геосиёсий манзара анча мураккаб.

Ҳарбий динамика: тез ғалабадан умид йўқ

Деярли 1 ойдан бери АКШ-Исроил коалициясининг Эронга ракета зарбалари давом этмоқда. Эрон ҳам Исроилга ва АҚШнинг минтақадаги ҳарбий базалари ҳамда қўшни араб давлатларининг иктисодий инфратузилмаларига ракета ва дронлар учириб жавоб бермоқда.

Бироқ Эроннинг зарбалари аввалгидек эмас. Можаронинг илк кунларидаги кўлам ҳозир деярли 90 фоиз камайган. Бу Эрон ракета захираларининг тугаб бораётганини англатади.

Қолаверса, АҚШ ва Исроил самолётлари аллақачон Эрон осмонида ҳукмронлик қилмокда. Чунки Эроннинг Россиядан сотиб олган ҳаводан хужум мудофаа тизимлари худди Венесуэлада бўлгани каби фойдасиз бўлиб чикди. Фойдалилари ҳам коалиция томонидан йўқ қилинди.

Шу боис Эрон ҳозир ўзини ҳимоя қила олмаяпти, фақат ҳужум қилишга имконияти етяпти.

Қолаверса, Эроннинг ракета ва дрон ишлаб чиқариш қувватлари хам секин-аста издан чиқарилмокда. Ҳар бир ракета учирилган пайтда уни учирган қурилмалар аниқланиб, коалиция томонидан йўқ қилинмоқда.

Лекин Эрон режими ҳамон собит қолмоқда. Халқнинг норозилик намойишлари хам, асосий етакчиларнинг ўлдирилгани ҳам, Моссад агентлари хам мавжуд режимни қулата олмади.

Хўш, бу уруш қачон ва қандай тугаши мумкин? Маълум бўлишича, Трампда ҳам, Исроилда ҳам бу борада аниқ жавоб йўқ. Эрон эса кундан-кунга ғазаб отига минмоқда. Ҳормуз бўғозини ёпиб, жаҳон бўйлаб иқтисодий инқирозни кучайтирмоқда.

Мақсадлар нима эди?

Таъкидлаш керак, ушбу можаро томонларининг мақсадлари бошиданоқ фарқ қилган эди.

АҚШ – Эроннинг ҳарбий салоҳиятини заифлаштириш ва минтақадаги таъсирини чеклашни мақсад қилди.

Исроил – ядровий дастур билан боғлиқ инфратузилмани йўқ қилиш ва Эронни заифлаштиришни мақсад қилган эди.

Эрон эса амалдаги режимни сақлаб қолиш ва ташқаридан агрессия бўлган тақдирда жиддий зарар етказа олишини кўрсатишга интилмоқда.

Дастлабки уч ҳафта ичида ўнлаб ҳарбий ва саноат объектларига зарбалар берилди. Эрон юзлаб ракета ва дронлардан фойдаланди. Минтақадаги прокси гуруҳлар (Ҳизбуллоҳ ва шиа жангари гуруҳлари) анча фаоллашди

Бироқ ҳеч бир томон стратегик устунликка эриша олмади. Бу “ғалабасиз чекланган уруш” сценарийси бўлиб, коалицияда технологик устунлик бор, Эронда эса география, мудофаа чуқурлиги ва асимметрик воситалар мавжуд. “Тез ғалаба” эҳтимоли ҳозирда 20% дан кам баҳоланмоқда.

Ҳормуз бўғози: асосий босим воситаси

Ҳормуз бўғози жаҳон энергетикасининг энг муҳим нуқталаридан бири ҳисобланади. Бу ердан одатда кунига 17-20 миллион баррел нефт ўтар эди. Бу жаҳон истеъмолининг тахминан 20% ни ташкил қилади.

Бу жойдаги ҳаракатнинг қисман фалажланиши ҳам ташиш харажатларини 2-3 баробар оширади, таъминотни 10-15% га қисқартиради, энергетика бозорида ваҳима харидларини келтириб чиқаради

Эрон бўғозни тўлиқ ёпмаган, аммо танкерларга ҳужум қилмоқда, айрим денгиз ҳудудларини миналаштирмоқда, хавфни ошириб, нархларни кўтармоқда.

Тан олиш керак, бўғозни тўлиқ блокада қилиш мумкин, лекин Эрон уни бир неча ҳафтадан ортиқ ушлаб тура олмайди.

Шунга қарамасдан, АҚШнинг ҳарбий йўл билан бўғозни очиш, ўтаётган кемаларни ҳимоя қилиб, кузатиб ўтказиб қўйиш режалари амалга ошмаяпти. Қолаверса, НАТОва Ғарб коалицияси ҳам Трамп таклифига қатъий ижобий жавоб бермади.

Нефт нархлари: бозорда хавотир кучли

Феврал охиридан бери Brent маркали нефт нархининг 1 баррели 75 доллардан 115 долларгача ўсди. Айрим пайтларда 120 долларга ҳам чиқди.

Прогнозларга кўра, базавий сценарий – 95-110 доллар, стресс сценарий – 120-140, инқироз сценарийси – 150 долларга қийматни башорат қилади. Эрон томони эса “дунё нефтнинг 1 баррели доимий 200 доллар бўлишига кўникиши лозим” дея хўрозланиб баёнот берди.

Ўсишнинг асосий сабаби – реал танқислик эмас, балки хавфсираш бўлиб, у ҳозир баррелига 20-25 долларни ташкил қилмоқда.

Глобал иқтисодиёт: катта инқироз хавфи

Жаҳон бозорида оқибатлар аллақачон сезилмоқда. Ривожланган давлатларда инфляция 1,5-2% пунктга ошиши мумкин. Жаҳон иқтисодиёти ўсиши 0,5-1% га секинлашмоқда. Транспорт ва саноат харажатлари кескин ошди

Энг кўп зарар кўраётган ҳудудлар – Европадаэнергия импортига юқори қарамлик кузатилади. Осиё – энг йирик нефт истеъмолчиси. Ривожланаётган давлатларда – ёқилғи танқислиги хавфи кучаймоқда.

Молия бозорларидаги вазият ҳам яхши эмас – акция индекслари 8-12% га тушди, олтин ва хавфсиз активлар қимматлашди.

Дипломатия: бошлана олмаётган музокаралар

Ҳарбий ҳаракатларга қарамай, дипломатик алоқалар сақланиб қолган. Бу, асосан, Форс кўрфази давлатлари воситачилиги, Хитой иштирокини жалб қилишга уринишлар, Европа орқали мулоқотларда кўринади.

Афсуски, ҳозирча томонлар муросага тайёр эмас. Эрониннг янги сайланган оятуллоси – ҳозирча тирик ёки ўликлиги номаълум Мужтабога Эрон ижрочи ҳокимияти томонидан урушни тўхтатиш ва сулҳ тузиш таклифи берилган. Бироқ Оятулло унга хос қайсарлик ва кибр билан “ҳозир тинчликнинг вақти эмас” дея жавоб берган.

Бунинг устига томонларнинг талаблари ҳам бир-бирига тўғри келмайди. Ғарб таслим бўлишни сўраяпти, Эрон эса ракета зарбалари учун АҚШ ва Исроилдан товон пули талаб қиляпти. Ўзаро ишонч даражаси сўнгги 10 йилда энг паст кўрсаткични намоён қилмоқда. Шу боис, яқин истиқболда сулҳга эришиш эҳтимоли – 15% дан кам, дея баҳоланган. Трамп маъмуриятидаги манбалар ҳам уруш сентябр ойигача чўзилиши мумкинлигини истисно этмаяпти.

Уруш тугаши сценарийлари

1. Тез сценарий – уруш 1-2 ойда якунланади.

Аммо бунинг учун коалиция кескин ҳарбий муваффақиятга эришуви ёки Эрон ичидаги инқироз ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиши шарт. Бундай сценарий эҳтимол – 10-20 фоизга тенг.

2. Узоқ давом этувчи уруш (3-9 ой)

Бунда даврий зарбалар, қуруқликдаги чекланган операциялар ва иқтисодий босим талаб этилади. Мазкур сценарий эҳтимоли 50-60 фоизга яқин.

3. “Музлатилган” можаро

Бу форматда Суриядагига ўхшаш модел шаклланади. Яъни расмий тинчлик ўрнатилади, лекин доимий кескинлик сақланиб қолади, даврий тўқнашувлар юз бериб туради. Бу вазият эҳтимолини 20-30% дея баҳолаш мумкин.

Нефт инқирози қачон тугайди?

Қайд этиш жоиз, нефт инқирози – уруш билан тенг эмас. Ҳатто ўт очиш тўхтатилгандан кейин ҳам логистика тикланишига 2-6 ой керак бўлади. Нархлар барқарорлашишига эса ўртача 1 йилгача вақт кетади.

Бироқ барқарорлаштирувчи омилларни ҳам санаб ўтиш керак. Улар Ҳормуз бўғозининг очилиши, бошқа давлатлар томонидан нефт ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмининг ортиши ва стратегик захиралардан фойдаланиш кунига 1-2 млн баррелга чиқишидан иборат дейиш мумкин.

Аммо бозор аллақачон ўзгарган: муқобил йўллар аҳамияти ошган. Қолаверса, энергетика бозори диверсификацияга учрай бошлади. Масалан, Германия ва Франция нефт ва газга қарамликни пасайтириб, яна атом энергетикасига қайтиш ҳақида жиддий ўйлана бошлади.

Узоқ муддатли оқибатлар: янги энергетик тартибот

Бу инқироз тарихий бурилиш бўлиши мумкин. Яъни, муқобил – яшил энергияга ўтиш тезлашади. Осиё иқтисодиётларининг роли ортади ва тор логистик нуқталарга қарамлик камаяди. Бу ҳолат 1973 йил инқирозига ўхшаш бўлса-да, аммо фарқлари ҳам бор.

Масалан, ҳозирда бозорларнинг ўзаро боғлиқлиги юқори, реакция тезлиги катта, стратегик захиралар мавжуд.

Хулоса: ноаниқлик даври

Шундай илиб, 2026 йил март ҳолатига кўра энг реал прогноз қуйидагича бўлади:

Фаол уруш босқичи – яна 3-6 ой давом этади.

Беқарорлик даври – 2026 йил охиригача сақланиб қолиши мумкин.

Нефт бозорининг тўлиқ тикланиши 2027 йилда амалга ошса ҳам катта гап.

Зеро, бу инқироз фақат нефт ёки уруш ҳақида эмас. Бу – жаҳон тартиби моделларининг тўқнашувидан иборат.

Шунинг учун “уруш қачон тугайди?” деган савол ҳамон очиқ қолмоқда. Чунки айрим йирик ўйинчилар бу жараён тез тугамаслигидан манфаатдор. Бу масала эса кейинги таҳлиллар учун мавзу...

Абулфайз Сайидасқаров

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid