Қозоғистондаги референдумда янги Конституция қўллаб-қувватланди
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон раҳбарини янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан табриклади.

Қозоғистонда 15 март куни янги таҳрирдаги Конституция бўйича референдум ўтказилди.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 16 март куни Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев билан телефон орқали мулоқот қилди.
Давлат раҳбари Қозоғистон Президентини янги таҳрирдаги Конституция лойиҳаси бўйича референдум муваффақиятли ўтказилгани билан самимий табриклади.
Қабул қилинган янгиланишлар Қозоғистоннинг барқарор тараққиётини таъминлаш ва мамлакатнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлашга ишончли ҳуқуқий асос бўлиши ва қўшимча суръат бағишлаши таъкидланди.
Ўзбекистон-Қозоғистон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини олий даражадаги келишувларни амалга ошириш нуқтаи назаридан янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт, маданий-гуманитар ва бошқа устувор соҳаларда қўшма лойиҳа ва дастурларни илгари суришга алоҳида эътибор қаратилди.
Етакчилар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашдилар, бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини муҳокама қилдилар.
Давлат раҳбарлари, шунингдек, биродар халқларимизни яқинлашиб келаётган Рамазон ҳайити ва Наврўз байрами билан самимий қутлаб, тинчлик-осойишталик, фаровонлик ва бардавом равнақ тиладилар.
Миллий референдум натижалари қозоғистонликларнинг аксарияти янги Конституция қабул қилинишини қўллаб-қувватлаганини кўрсатди.
Евроосиё интеграцияси институти маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 86,7% асосий қонуннинг янги версиясини қўллаб-қувватлаган. Соcис-А комплекс ижтимоий тадқиқотлар институти томонидан ўтказилган экзит-полл 87,4% ни қўллаб-қувватлаганини кўрсатди.
"Аманат" партиясининг Жамоат сиёсати институти маълумотларига кўра, респондентларнинг 88,6% янги Конституция учун овоз берган. Ушбу экзит-поллга кўра, сайловчиларнинг иштироки 72,1% ни ташкил этди.
Экзит-поллар фуқаролар овоз бергандан сўнг сайлов участкаларидан чиқиб кетаётганда сўров ўтказиш орқали ўтказилади. Бундай сўровларнинг хатолик чегараси одатда 1,5-3% ни ташкил қилади.
Марказий референдум комиссиясининг маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб иштирок 73,24% ни ташкил этди. Унда Қозоғистоннинг жами 9 126 850 фуқароси иштирок этди.
Муҳим жиҳатлардан бири парламентни икки палатали парламентдан бир палатали парламентга ўзгартириш ва унинг номини Қурултой деб ўзгартиришдир. Қурултой беш йиллик муддатга пропорционал тизим, яъни партия рўйхатлари бўйича сайланадиган 145 аъзодан иборат бўлади. 2022 йилги воқеалардан кейин референдум орқали ўзгартирилган амалдаги Конституцияга кўра, қуйи палата - Мажлис аралаш тизим бўйича сайланади: сайловларда партиялар ҳам, мустақил номзодлар ҳам иштирок этади
