platina.uz
Жамият

Тошкент йўлларида янги тизим

Ушбу тизим пойтахтда тирбандликларни камайтириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва фуқароларнинг йўлда сарфлайдиган вақтини қисқартиришга ёрдам беради. 

Тошкент шаҳар ҳокимлигида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази (ЙҲТЭМ) мутасаддилари иштирокида пойтахт йўлларини ягона интеллектуал тизимга бирлаштиришга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Тошкентда йўл ҳаракатини бошқариш учун “ақлли” транспорт тизими жорий этилаётгани маълум қилинди.

Мазкур тизим транспорт оқимини реал вақт режимида таҳлил қилиб, чорраҳалардаги светофорларнинг ишлашини автоматик бошқаради. Махсус камералар ва датчиклар орқали йўллардаги ҳаракат зичлиги кузатилади ва керакли йўналишларда яшил чироқ вақти узайтирилади. Бу тирбандликларни камайтириш ва йўл ҳаракатини янада самарали ташкил этишга ёрдам беради.

Янги тизим жамоат транспортига ҳам устуворлик беради. ЖПС орқали чорраҳага яқинлашаётган автобус аниқланиб, унга тезроқ ўтиш имконияти яратилади. Натижада автобуслар бекатларга тезроқ етиб боради ва йўловчиларнинг кутиш вақти қисқаради.

Шу билан бирга, ЙҲТЭМ маълумотларига кўра, ҳозирда тизимга 125 та муҳим чорраҳа уланган. 2026 йилда бу кўрсаткични 545 тага етказиш режалаштирилган. Умуман олганда, Тошкентда қарийб 1000 та светофорли чорраҳа мавжуд. Ҳар бир ақлли чорраҳа камералар ва транспорт оқимини ўлчовчи датчиклар билан жиҳозланади. Ушбу маълумотлар махсус таҳлил марказига узатилади ва мутахассислар томонидан қайта ишланади.

Шунингдек, пойтахтда транспорт инфратузилмасини яхшилаш доирасида светофорларга таймерлар ўрнатиш, автобус бекатларини янгилаш, чорраҳаларни реконструкция қилиш ҳамда пуллик автотураргоҳлар ташкил этиш режалаштирилган. Биринчи босқичда 100 километрга яқин кўча ва 14 та чорраҳа қамраб олинади. Улардан 10 тасида реконструкция ишлари олиб борилади, қолган 4 тасида эса қўшимча йўллар очилади.

Мутахассислар фикрича, ушбу тизим Тошкентда тирбандликларни камайтириш, йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш ва фуқароларнинг йўлда сарфлайдиган вақтини қисқартиришга ёрдам беради.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid