АҚШ Эроннинг янги раҳбари ва бошқа йирик амалдорлар ҳақида маълумот учун 10 млн долларгача мукофот эълон қилди
Эълон "Адолат учун мукофотлар" дастури остида жойлаштирилди. АҚШ расмийлари Эроннинг янги Олий раҳбари Можтаба Хоманаийга алоҳида эътибор қаратган.

АҚШ Давлат департаменти Эрон олий раҳбари ва Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг асосий раҳбарлари ҳақида маълумот учун 10 миллион долларгача мукофот эълон қилди.
Эълон "Адолат учун мукофотлар" дастури остида жойлаштирилди. АҚШ расмийлари Эроннинг янги Олий раҳбари Можтаба Хоманаийга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Дастурга кўра, мамлакат олий раҳбариятини ифодаловчи жами ўн киши қидирувда.
Рўйхатда ким бор?
Можтаба Хоманаийдан ташқари, АҚШ расмийлари Эрон раҳбариятининг яна тўққиз аъзоси ҳақида маълумот сўрамоқда.

Улар орасида: Олий раҳбарнинг штаб бошлиғи Али Асғар Ҳижози;
Миллий хавфсизлик кенгаши котиби Али Ларижоний;
Олий раҳбарнинг катта ҳарбий маслаҳатчиси Яҳё Раҳим Сафавий;
Ички ишлар вазири Эскандар Момени ва Разведка вазири Исмоил Хатиб бор.
Рўйхатда шунингдек, Мудофаа кенгаши котиби, Олий раҳбарнинг маслаҳатчиси, Раҳбар девонининг ҳарбий бошқармаси бошлиғи ва корпус қўмондони каби лавозимлар ҳам бор.
Дастур шартлари
Таъкидланишича, Давлат департаменти дастури бўйича 10 миллион доллар мукофотнинг максимал миқдори эмас. Амалдаги қоидаларга кўра, тўловлар 25 миллион долларга етиши мумкин.
Махфий маълумотларни тақдим этган информаторларга эвакуация ва хавфсизлик чоралари таклиф қилиниши мумкин. Маълумот узатиш учун Тор браузери ва Сигнал мессенжери каби хавфсиз алоқа каналлари тавсия этилади.
Мукофот эълон қилиниши Яқин Шарқдаги можаронинг кучайиши фонида бўлди. 28 феврал куни Қўшма Штатлар ва Исроил Эрон ҳудудига катта ҳаво ҳужумларини уюштириб, "Эпик ғазаб" ҳарбий операцияси бошланганини эълон қилишди.
АҚШ президенти Доналд Трампнинг сўзларига кўра, дастлабки ҳужумларда тахминан 40 нафар юқори лавозимли Эрон амалдори ҳалок бўлган. Ҳалок бўлганлар орасида Олий Раҳбар Оятуллоҳ Али Хоманаий, шунингдек, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси қўмондони Муҳаммад Пакпур, Мудофаа Кенгаши котиби Али Шамхоний, Бош штаб бошлиғи Абдулраҳим Мусавий ва Мудофаа вазири Азиз Носирзода бор эди.
Кейинчалик янги Олий Раҳбар бўлган Али Хоманаийнинг ўғли Можтаба Хоменеи яраланган. Унинг рафиқаси ва ўғли ҳам ҳужумларда ҳалок бўлган.
