Замонавий можароларда психологик уруш авж оляпти
Сўнгги пайтларда Марказий Осиё халқларини гиж-гижлаш, сепаратистик оғу уруғини қадаш, халқлар ўртасига низо солишга уринишлар кўпайди. Бирор давлатнинг муваффақиятлари ҳақида ёзилса, албатта, негатив фикр билдирадиган ботлар пайдо бўлиб, бу ютуқларни қадрсизлантиришга, ҳукуматга ишончни камайтиришга уринмоқда.

Замонавий қуролли можаролар тобора анъанавий жанг майдони доирасидан чиқиб бормоқда. Танклар, авиация ва аниқ нишонга урадиган ракеталар билан бир қаторда инсон онгига таъсир қилиш учун кураш ҳам тобора катта аҳамият касб этмоқда. Шу сабабли психологик уруш замонавий геосиёсатнинг муҳим воситаларидан бирига айланди.
Психологик уруш деганда рақиб армияси, можарода иштирок этаётган мамлакатлар аҳолиси ҳамда халқаро жамоатчилик онгига таъсир кўрсатишга қаратилган ҳаракатлар мажмуаси тушунилади. Унинг асосий мақсади – рақибни руҳан заифлаштириш, қўрқув ва ишончсизлик муҳитини яратиш, давлат институтларига бўлган ишончни сусайтириш ва шу орқали одамларнинг хулқ-атвори ҳамда сиёсий қарорларига таъсир ўтказишдир.
XXI асрда психологик уруш “ахборот уруши” ва “когнитив уруш” каби тушунчалар билан чамбарчас боғлиқ. Рақамли технологиялар, ижтимоий тармоқлар ва сунъий интеллектнинг ривожланиши оммавий онгга таъсир ўтказиш имкониятларини сезиларли даражада кенгайтирди. Натижада ахборот макони ҳам тўлақонли жанг майдонига айланди.
Психологик урушнинг тарихий ривожланиши
“Психологик уруш” атамаси XX асрда кенг қўлланила бошлаган эса-да, унинг элементлари анча аввалдан мавжуд эди.
Масалан, Биринчи жаҳон уруши даврида душман позицияларига самолётлар орқали ташланган тарғибот варақалари кенг қўлланилган. Уларда аскарларни таслим бўлишга чақириш, уларнинг армияси оғир аҳволда экани ҳақида хабарлар тарқатиш ва турли миш-мишлар ёйиш мақсад қилинган.
Иккинчи жаҳон уруши даврида эса психологик операциялар янада кенг кўламга чиқди. Жумладан, рақиб тилида эфирга узатиладиган радиодастурлар орқали аскарлар руҳиятига таъсир ўтказишга ҳаракат қилинган. Бундай дастурлар кўпинча “дўстона” услубда, воқеаларни холис ёритиш ва таҳлил қилиш ниқоби остида юритилган бўлса-да, аста-секин рақиб давлат ҳукумат сиёсатига нисбатан шубҳа уйғотишга қаратилган эди.
Телевидениенинг пайдо бўлиши психологик таъсир имкониятларини янада кенгайтирди. Бироқ ҳақиқий бурилиш интернет ва ижтимоий тармоқлар ривожланиши билан юз берди. Бугун ахборот бир неча сония ичида бутун дунёга тарқалиши мумкин, унинг манбасини текшириш ҳар доим ҳам осон эмас. Бу ҳолат дезинформация кампаниялари учун қулай шароит яратди.
Замонавий психологик уруш воситалари
Бугунги кунда психологик операциялар сиёсий тарғибот, кибертехнологиялар ва ахборот оқимларини манипуляция қилиш усулларини уйғунлаштирган ҳолда амалга оширилади.
Энг кенг тарқалган усуллардан бири дезинформация ва ахборот кампанияларидир. Бунда ёлғон ёки бузиб кўрсатилган маълумотлар тарқатилади. Унинг бир усули “ёлғон ахборот қувури” деб аталадиган стратегиядир. Мазкур усулнинг моҳияти – жуда кўп миқдордаги, ҳатто бир-бирига зид хабарларни турли каналлар орқали тарқатишдан иборат. Бу эса аудиторияни чалғитади ва ахборот манбаларига бўлган ишончни сусайтиради.
Тарғибот – пропагандада мақсад ва аудиториядан келиб чиққан ҳолда уч хил маълумот тарқатилади. Улар шартли равишда қора, кулранг ва оқ рангларга ажратилади.
Масалан, бир таснифга кўра, Оқ пропаганда деб – ахборот расмий манба томонидан бевосита тақдим этиладиган ҳолатга айтилади. Кулранг пропаганда тарқиталганида ахборотда аниқ манба кўрсатилмайди. Қора пропаганда – ахборотнинг ҳақиқий манбаси яширилади ёки бошқа манба номидан тақдим этиладиган ҳолат ҳисобланади.
Бошқа бир таснифга кўра, оқ пропагандада холис маълумот тарқатилади. Кулранг маълумотда эса холис маълумотга рақибга зарба берувчи бироз ёлғон қўшилади. Қора маълумот эса батамом ёлғон ва салбий маълумотлардан иборат бўлади.
Ижтимоий тармоқлар ва рақамли платформалар
Замонавий психологик урушда Telegram, X (Twitter) ва Facebook каби платформалар муҳим рол ўйнайди. Бу тармоқлар орқали ахборот миллионлаб фойдаланувчиларга жуда тез тарқалади.
Бундан ташқари, автоматлаштирилган аккаунтлар – ботлар ҳам кенг қўлланилади. Улар муайян ғояларни оммавий қўллаб-қувватланаётгандек кўрсатиш ёки пропагандани кенг тарқатиш учун хизмат қилади.
Меметик уруш
Ҳозирги даврда кенг қўлланилаётган ва ҳаётга татбиқ этилаётган янги ҳодисалардан бири – меметик урушдир. Бунда интернет-мемлар рақибни масхара қилиш, сиёсий ғояларни тарқатиш ва аудиторияга эмоционал таъсир кўрсатиш воситасига айланади. Улар оддий ва тез тарқалувчи бўлгани сабабли қисқа вақт ичида катта аудиторияни қамраб олиши мумкин. Бу каби маълумотлар рақиб халқини ҳукуматдан бездириш, нафратини ошириш ва ҳукумат обрўси ва легитимлигини пасайтиришни мақсад қилади.
Россия-Украина уруши
XXI асрдаги психологик урушнинг энг ёрқин мисолларидан бири – Россия Украина урушидир. Бу можарода ҳар икки томон ахборот кампанияларидан фаол фойдаланмоқда.
Россия томонидан амалга оширилган айрим ахборот операциялари Украина раҳбариятини дискредитация қилиш – обрўсини тўкиш ва Ғарб давлатларининг қўллаб-қувватлашини сусайтиришга қаратилган материалларни тарқатишни ўз ичига олган.
Украина эса медиа орқали ҳарбий муваффақиятларини намойиш этишга катта эътибор қаратмоқда. Дронлар зарбалари ёзилган видеолар, озод қилинган шаҳарлардан кадрлар ва ҳарбийларнинг мурожаатлари жамият руҳиятини кўтариш ва халқаро қўллаб-қувватлашни сақлаб қолишга хизмат қилмоқда. Шу тариқа ахборот макони можаронинг муҳим фронтларидан бирига айланди.
Исроил – ҲАМАС можароси
Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги тўқнашувларда ҳам психологик таъсир катта аҳамиятга эга.
ҲАМАС турли видеолар ва материалларни тарқатиш орқали эмоционал таъсир ўтказишга ҳаракат қилади. Бу материаллар кўпинча жамоатчиликда кучли ҳис-туйғулар уйғотишга қаратилган. Хусусан, одамларнинг диний ва миллий туйғуларига таъсир қилиш, раҳмдиллик туйғусини кучайтиришга эътибор қаратилади. Исроил армияси зарбалари оқибатида ўлган болалар, вайрон қилинган масжид ва черковлар қийналаётган одамлар ва бошқа тасвир-маълумотлар шулар жумласидандир.
Исроил эса ахборот кампаниялари орқали ўз ҳарбий ҳаракатларининг мақсад ва воситаларини “тўғри” тушунтириш ва халқаро қўллаб-қувватлашни сақлаб қолишга интилади. Глобал медиа шароитида халқаро жамоатчилик фикри учун кураш муҳим стратегик вазифага айланган.
Таъкидлаш лозим, аввал медиамаконда Исроил ва унинг тарафдорлари якка ҳоким эди. Бироқ ижтимоий тармоқларнинг пайдо бўлиши ахборот олиш каналлари ва манабаларини кўпайтирди, ахборот тарқалиши тезлигига ижобий таъсир қилди. Натижада Исроилга ишонч пасайди ва ҳатто нафратга айланди. Айни пайтда халқаро ҳамжамиятнинг муносабати фақат Исроилнинг қилмишларини оқлаш ва Фаластин геноцидига кўз юмишдан иборат эмас.
Суриядаги фуқаролик уруши
Сурия фуқаролик уруши ижтимоий тармоқлар катта рол ўйнаган дастлабки можаролардан бири ҳисобланади.
Можаро иштирокчилари жанглар видеоларини тарқатиш, рақибларни ҳарбий жиноятларда айблаш ва халқаро ҳамжамият қўллаб-қувватлашини жалб қилишга уринишган. Шу тариқа ижтимоий тармоқлар пропаганда ва ахборот курашининг муҳим майдонига айланди.
Масалан, Сурия ҳукуматининг ўз халқи манфаатлари эмас, балки ўз ҳомийлари бўлмиш Эрон ва Россиянинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилгани, сунний сурияликларни қириш учун кимёвий ва кассет бомбалардан фойдалангани, Башар Асад ва унинг қариндошлари Сурия бойликларини ноқонуний равишда ўзлаштираётгани ҳақидаги ҳаққоний маълумотлар яхши самара берди. Афсуски, Россия ахборот ҳудудига қарам бўлган ҳудудлар, жумладан, Марказий Осиё аҳолиси орасида Башар Асад режимига хайрихоҳлик сақланиб турди. Бу ҳам Россия пропагандасининг психологик урушда Марказий Осиё аҳолиси онгига таъсир қила олганига мисол бўла олади.
Эрондаги можаро
Маълумки, Яқин Шарқдаги бузғунчиликларда ва миллионлаб сунний мусулмонларнинг оммавий ўлдирилиши ҳамда жон сақлаш учун хорижга қочиб кетишида бевосита марҳум Оятулло Ҳоманаийнинг роли катта бўлган. Унинг шафқатсиз ва муросасиз позицияси кўплаб халқлар бошига кулфат солиб, коррупциялашган ва ёвуз диктатор Башар Асад режимини сақлаб қолган. Бироқ шунга қарамасдан, кенг кўламли Эрон ва Россия пропагандаси натижасида Марказий Осиё минтақаси аҳолиси ҳамон Оятуллони беозор ва мулойим “авлиё”, дунё мусулмонлари раҳнамоси деб ўйлайди. У вафот этганида пропаганда таъсиридаги кўплаб инсонлар унга чин дилдан қайғурди, АҚШ ва Исроилга лаънат ўқиди.
Сабаби, пропаганда таъсирида реал вазият ва холис ахборотларга ҳам эътибгор пасаяди. Масалан, Марказий Осиё учун муҳим стратегик ҳамкорлар – Озарбайжон ва Туркияда Эрон ҳудудидан дрон ва баллистик ракета зарбалари берилганида, айрим гуруҳлар бунга ишонмади, уларни Исроил провокацияси деб атади. Хавфли жиҳати шундаки, бу пропаганда оқибатида маҳаллий ҳукуматларга ишонч ҳамда ватанпарварлик туйғуларига ҳам зарар етмоқда. Масалан, Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарларининг мувозанатлашган дипломатик сиёсатига қарамасдан, мавжуд вазият юзасидан муносабати ва қарорлари айрим гуруҳлар томонидан шубҳа ҳамда ғазаб билан қарши олинмоқда.
Лекин фактларга тик боқиш фазилат. Ушбу пропаганда таъсири остидаги одамлар Эрон учун қайғургани яхшидир, лекин ўз халқини ўйламайдиган, январ намойишларида 20 мингдан зиёд аҳолисини отиб ташлаган Эрон ушбу пропаганда қурбонлари учун қайғурмаслиги аниқ.
Нега Эрон дунёда энг кўп нефт захиралари ва бойликка эга бўлса-да, аҳолиси ойига ўртача 50 доллар маошга яшайди, шунча пуллар қаёққа кетяпти, деган савол ҳам ўринли. Эрон халқи фаровон ва озод яшаши учун эмас, Оятулло режимини тахтда сақлаб қолиш учун курашаётгани, қуролланишга зўр бераётганига ҳам кўз юммаслик керак.
Террорчи ташкилотларнинг медиа стратегияси
Террористик ташкилотлар ҳам психологик таъсир усулларидан фойдаланади. Бунга энг машҳур мисоллардан бири – Исломий давлат ташкилотидир.
Бу гуруҳ интернет орқали пропагандистик видеолар ва материалларни тарқатиш учун махсус медиа тармоқлар яратган эди. Уларнинг мақсади янги тарафдорларни жалб қилиш билан бирга, бутун дунёда қўрқув муҳитини шакллантиришдан иборат бўлган.
Психологик урушнинг таъсири
Психологик операциялар можароларнинг боришига сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин.
Масалан, психологик урушнинг армияга таъсири кучли бўлса, қатор салбий оқибатларга олиб келади. Жумладан, рақиб армиясини руҳан заифлаштириш унинг жанговар қобилиятини пасайтиради, қўрқув ва тартибсизлик келтириб чиқаради. Тарих шуни кўрсатадики, кўп ҳолларда ҳарбий ғалаба фақат қурол-яроғга эмас, балки армия руҳиятига ҳам боғлиқ.
Психологик уруш аҳолига таъсир қилса, дезинформация ва тарғибот аҳоли ўртасида қўрқув, ишончсизлик ва сиёсий беқарорликни келтириб чиқариши мумкин. Бу эса ички ижтимоий зиддиятларни кучайтириши эҳтимолини оширади.
Масалан, охирги пайтларда ижтимоий тармоқларда Марказий Осиё халқларини гиж-гижлаш, сепаратистик оғу уруғини қадаш, халқлар ўртасига низо солишга уринишлар кўпайди. Шунингдек, бирор давлатнинг муваффақиятлари ҳақида ёзилса, албатта, негатив фикр билдирадиган ботлар пайдо бўлиб, бу ютуқларни қадрсизлантиришга, ҳукуматга ишончни камайтиришга уринмоқда. Бу эса айрим душманларимизнинг “бўлиб ташлаб, ҳукмронлик қил” стратегиясига мувофиқ психологик уруш юритаётганидан дарак беради.
Айтайлик, Ўзбекистоннинг фазога сунъий йўлдош чиқариши ва илк ўзбек космонавтини тайёрлаш борасидаги режалари парда ортидаги рақибларимизнинг аламини келтирган кўринади. Ўзбек фойдаланувчилари ниқобидаги ботлар “Ҳамма муаммолар ҳал бўлдию, энди фазога чиқамизми?” қабилида фикрлар қолдирган бўлса, бешинчи колонна ёки россияпараст кучлар “палов, носвой ва чойхона” стереотипларидан самарали фойдаланди: “палов кучи билан осмонга чиқиб, носвой чекиб келсизларми; Ойга чиқиб чойхона очасизларми; ўзбекларнинг қўлидан ош пишириш ва ейишдан бошқа нарса келмайди – фазога чиқишга йўл бўлсин: русларсиз ўзбеклар фазо тугул тоққа ҳам чиқа олмайди, ҳатто АЭСни руслар қуриб беряпти-ку”, қабилидаги масхараомуз муносабатлар кўпайди.
Ёки бўлмаса, Фаластиндаги геноцид чоғида “нега Ўзбекистон ҳукумати фаластинликларга ёрдам бермайди?” деб дод-вой солган қатламлар, Ўзбекистон Ғазони тиклаш учун ташкил этилган “Тинчлик кенгаши”га аъзо бўлганида ҳамда Ғазода қурилиш ва бунёдкорлик ишлари учун тайёрлигини эълони қилганида бошқача “сайрай” бошлади: “ўзимизда муаммо камми, нега Ғазога ёрдам беришимиз керак?” деган изоҳлар кўпайди. Демакки, психологик уруш самара бермоқда, минтақа, хусусан, Ўзбекистонга мафкуравий ва маънавий таъсир кучаймоқда. Зеро, психологик урушни юритаётганлар ва уларнинг қурбонлари учун ватан манфаати мавжуд эмас, улар ўзлари билиб ёки билмаган ҳолда ана шу психологик урушдан манфаатдор кучларга хизмат қилади.
Халқаро майдондаги таъсирга келсак, ахборот кампаниялари халқаро жамоатчилик фикрига ҳам таъсир кўрсатади. Бу эса санкциялар, дипломатик қарорлар ва иттифоқчиларнинг позициясига таъсир қилиши мумкин.
Масалан, маълумотларга кўра, Эрон ҳукумати минтақада мунтазам нотинчлик ва сунний араб давлатларига нисбатан нодўстона муносабатда бўлиб келган. Лекин 28 февралда АҚШ-Исроил коалицияси Эронга зарбалар бера бошлагач, Оятулло режими мусулмонларнинг диний туйғуларига эътибор қарата бошлади. Эрон ҳукумати бу урушни бутун мусулмон дунёсига қарши уруш сифатида кўрсатишга уринмоқда. Шунингдек, АҚШ ва Исроил ҳукуматлари обрўсини тўкадиган холис ёки дезинформацион ахборотларни тарқатишга куч бермоқда. Киберҳужумлар ҳам бунга катта ёрдам беряпти.
Психологик урушнинг келажаги борми?
Келгуси йилларда психологик уруш янада технологик тус олиши кутиляпти. Сунъий интеллект технологиялари реалга ўхшаш ёлғон материалларни яратиш имкониятини беради.
Айниқса, сунъий интеллект ёрдамида олинган дипфейк видеолар катта хавф туғдирмоқда. Бундай видеолар сиёсатчилар ёки ҳарбий қўмондонлар номидан сохта мурожаатлар тайёрлаш имконини беради. Бу эса жиддий сиёсий инқирозларга ёки аҳоли орасида ваҳимага сабаб бўлиши мумкин.
Масалан, яқинда Эрон томони АҚШ ҳарбий авиаташувчисига ракета ёрдамида зарба бериб, портлатгани акс этган видео тарқалди. Бироқ кейинчалик унинг фейк видео экани аниқланди.
Бундан ташқари, катта маълумотлар таҳлили муайян аудитория гуруҳларини аниқлаб, уларга мақсадли ахборот таъсирини йўналтириш имконини беради. Шу сабабли психологик уруш гибрид можароларнинг ажралмас қисмига айланиши кузатиляпти.
Хулоса
Психологик уруш замонавий можароларнинг муҳим элементига айланди. Бугунги глобал ахборот маконида кураш нафақат ҳудудлар учун, балки одамлар онги учун ҳам олиб борилмоқда.
Тарихий тажриба шуни кўрсатадики, жамият ва армия руҳияти уруш натижасига катта таъсир кўрсатиши мумкин. Ижтимоий тармоқлар ва рақамли технологиялар шароитида психологик операциялар янада кучли таъсир воситасига айланмоқда.
Шу боис кўплаб таҳлилчилар XXI асрда можароларда ғалаба фақат ҳарбий кучга эмас, балки ахборот маконини назорат қилиш ва жамоатчилик фикрини шакллантириш қобилиятига ҳам боғлиқ деб ҳисоблайди. Психологик уруш эса глобал рақобатнинг янги фронтига айланиб боряпти.
Абулфайз Сайидасқаров
