platina.uz
Жамият

Туркияда яна бир ўзбекистонлик аёл жасади топилди

Текширувларда у 46 ёшли Дилафрўз Чўллиева экани тасдиқланди. Мазкур жиноятни содир этишда гумонланиб 4 нафар шахс қўлга олинган. 

Туркияда яна бир ўзбекистонлик аёл жасади топилди

Истанбулдаги ўрмон ҳудудидан ўзбекистонлик аёл жасади топилди.

Жорий йилнинг 6 март куни Туркия ҳудудида ўлдирилган ва маълум вақт давомида қидирувда бўлган, асли самарқандлик 46 ёшли Дилафрўз Чўллиеванинг жасади Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Меҳнат миграцияси агентлиги кўмагида Ўзбекистонга қайтарилди.

Маълум қилинишича, Дилафрўз Чўллиева 2026 йил 25 январ куни Туркиянинг Баликесир ҳудудидаги иш жойидан номаълум томонга чиқиб кетган ва бедарак йўқолган. Шу муносабат билан унинг ўғли Ташқи ишлар вазирлигининг Консуллик-ҳуқуқий департаменти орқали мурожаат йўллаган.

Мазкур мурожаатдан сўнг, Ўзбекистоннинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналари томонидан Туркия Ташқи ишлар вазирлигига тегишли нота юборилди ҳамда Туркия Ички ишлар вазирлиги Хавфсизлик бош бошқармаси билан ҳамкорликда қидирув ишлари йўлга қўйилди.

Анқарадаги Элчихона ва Истанбулдаги Бош консулхона, диаспора ташкилотлари, адвокатлар ҳамда ижтимоий тармоқ фаоллари томонидан қидирув ишлари олиб борилди.

2026 йил 28 феврал куни Баликесир туманидаги ўрмон ҳудудидан шахси номаълум жасад топилди.

Жасад узоқ вақт давомида қолиб кетганлиги сабабли ташқи кўринишидан аниқлаш имкони бўлмаган. Шу боис топилган жасад ва марҳуманинг ўғлидан қон намуналарини олиш орқали тиббий солиштирув (ДНА) текширувлари ўтказилди ва жасад Дилафрўз Чўллиевага тегишли экани тасдиқланди.

Мазкур жиноятни содир этишда гумонланиб 4 нафар шахс қўлга олинган бўлиб, ҳозирги вақтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввал Истанбулда Сайёра Эргашалиева ва Дурдона Ҳакимованинг жасади топилганди. Бу йил бошидан буён кузатилган учинчи ҳолат саналади.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid