Бугундан метан заправкалар фаолиятига чеклов киритилади
Республика ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массаларининг кириб келиши натижасида табиий газга бўлган талаб ортган.

Ҳаво ҳарорати пасайиши сабабли 10 март куни соат 16:00 дан бошлаб метан заправкалар фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги хабар берди.
Республика ҳудудларига совуқ ва нам ҳаво массаларининг кириб келиши натижасида табиий газга бўлган талаб ортди. Шу сабабли магистрал газ қувурларида босимнинг пасайиши кузатилмоқда.
Бундай шароитда, энг аввало, аҳоли хонадонлари ҳамда ижтимоий соҳа объектларини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш устувор вазифа ҳисобланади.
Шу муносабат билан, бугун, 10 март куни соат 16:00 дан бошлаб Республикадаги метан заправкалар фаолиятига вақтинча чеклов жорий этилади.
Мазкур чора-тадбирлар, аввало, аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини барқарор газ таъминоти билан таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ижтимоий соҳа объектларига хизмат кўрсатувчи ҳамда жамоат транспорт воситалари учун газ таъминоти чекловларсиз, барқарор тарзда давом эттирилади, дейилади вазирлик хабарида.
