platina.uz
Жамият

Тошкентда яна дарахткушлик. Масъуллар нима дейди?

Пудратчи ташкилот бу талабларни бажармаган ва ҳатто кесилган дарахтлар ҳақида маълумотни яширишга ҳаракат қилган.

Тошкентдаги Миллий боғ ёнидаги қурилиш ҳудудида 12 туп дарахт илдизи билан қўпориб ташлангани жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлди. Қурилиш компанияси томонидан ўтказилган жамоатчилик эшитувида ушбу масалага изоҳ берилди.

Инвестор компания вакилларининг айтишича, қурилиш ҳудудида ишлаш учун улар билан ҳамкорлик қилган номаълум МЧЖ дарахтларни рухсатсиз кесиб, кўчирган. Инвестор таъкидлашича, бу жараён ҳақида улар олдиндан хабардор бўлмаган.

Маълум қилинишича, пудратчи ташкилот 2 туп ўрик дарахтини кесган ва 10 туп дарахтни рухсатсиз кўчирган. Инвестор вакилларининг сўзларига кўра, шартномага мувофиқ, дарахтларни кўчириш ёки бошқа экологик ишлар амалга оширилишидан олдин қўриқлаш хизмати, техника хавфсизлиги бўлими ҳамда инвестор компания хабардор қилиниши керак эди. Бироқ пудратчи ташкилот бу талабларни бажармаган ва ҳатто кесилган дарахтлар ҳақида маълумотни яширишга ҳаракат қилган.

PD Estates МЧЖ ХК маъмурий менежери Камал Худагулуевнинг айтишича, барча зарур рухсатномаларни олиш, тегишли идораларга мурожаат қилиш, Тошкент Ботаника боғи мутахассисларини жалб этиш ҳамда кўчирилган дарахтларни инвестор компанияга топшириш пудратчи ташкилот зиммасига юклатилган эди. Аммо кейинчалик маълум бўлишича, улар на рухсат олиш учун мурожаат қилган, на мутахассисларни чақирган.

Аввалроқ Экология қўмитаси ушбу ҳудудда 12 туп дарахтнинг илдизи билан қўпориб ташланиши натижасида табиатга 351 миллион сўм миқдорида зарар етказилганини маълум қилган эди. Мазкур ҳолат юзасидан иш Бош прокуратура назоратига ўтказилган.

Инвестор компания вакиллари экология идоралари билан музокаралар ўтказилганини билдириб, кесилган 2 туп дарахт ўрнига 200 туп дарахт экиб берилишини маълум қилди. Шунингдек, дарахт экиш учун Тошкент Дендропарки ҳудудидан жой ажратилиши режалаштирилган.

Экология қўмитаси вакилларининг таъкидлашича, ушбу ҳудудда 2025 йилда қўмитанинг рухсати билан 100 туп дарахт кўчириб ўтказилган. Бироқ 2026 йилда дарахтларни кўчириш учун расмий рухсат берилмаган. Шунга қарамай, ҳудудда 10 туп дарахт рухсатсиз кўчирилгани аниқланган. Бундан ташқари, яна 25 туп дарахтни кўчириш режалаштирилгани ҳам маълум бўлган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан текширув ишлари давом этмоқда. Инвестор номаълум МЧЖ устидан судга мурожаат қилишини билдирган бўлса-да, амалдаги қонунчиликка кўра, буюртмачи сифатида жавобгарлик масаласи ҳали ҳам очиқ қолмоқда.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid