platina.uz
Маданият

Кинотавсия: “English Vinglish”дан оналар оёғи остидаги “Жаннат”гача

Platina.uz ҳар якшанба куни уйда маданий ҳордиқ чиқариш учун киноларни тавсия қилиб боради. Лойиҳанинг илк сони аёллар ва оналар байрамига тўғри келди.

Кинотавсия: “English Vinglish”дан оналар оёғи остидаги “Жаннат”гача
Фотоколлаж: Platina.uz

Platina.uz янги лойиҳани бошлади. Энди ҳар якшанба куни уйда маданий ҳордиқ чиқариш учун киноларни тавсия қилиб борамиз. Лойиҳанинг илк сони аёллар ва оналар байрамига тўғри келди.

Демак, 8 ва 9 март (бу кун ҳам дам олинади) кунлари байрамона кайфиятни янада кўтариш учун азиз аёлларимиз ва оналаримизни улуғлайдиган энг яхши 5 та филмни тавсия қиламиз.

5. “Хотира кундалиги”, 2004

Ҳақиқий ишқ қиссаси ҳисобланмиш мазкур кино Ҳолливуд ижодкорлари томонидан бундан 22 йил аввал суратга олинган.

“Хотира кундалиги” (The Notebook) жаҳон киносининг энг машҳур романтик драмаларидан бири. Филм Николас Спаркснинг шу номли бестселлер романи асосида ишланган. Мелодрама жанридаги мазкур картинада бош ролларни Райан Гослинг ва Рейчел Макадамс ўйнаган. Режиссёр Ник Кассаветис.

Сюжет

Филм қариялар уйида яшовчи кекса кишининг бир аёлга кундаликдан ўқиб бераётган севги қиссаси ҳақида. Ҳикоя 1940-йилларда турли ижтимоий қатламга мансуб бўлган икки ёш – Ной ва Эллининг кучли муҳаббати, уруш ва оилавий тўсиқлар туфайли айрилиши ҳамда йиллар ўтиб қайта топишиши ҳақида. Филм ўзининг таъсирли ва кутилмаган якуни билан томошабинлар қалбидан чуқур жой олган.

4. English Vinglish, 2012

English Vinglish (Инглиш-винглиш) 2012 йилда Ҳиндистонда суратга олинган, аёлларнинг жамиятдаги ва оиладаги ўрнини гўзал тарзда кўрсатиб берган машҳур комедик драма.

Бош ролни афсонавий актриса Шридеви ижро этган, бу унинг 15 йиллик танаффусдан кейинги филми бўлган. Режиссёр: Гаури Шинде.

Сюжет

Филм марказида Шаши исмли оддий ҳинд уй бекаси туради. У мазали ширинликлар (ладду) пиширади, аммо инглиз тилини билмагани учун эри ва қизи томонидан доим масхара қилинади.

Шаши жиянининг тўйига ёрдам бериш учун Ню-Йоркка боради ва у ерда яширинча 4 ҳафталик тезлаштирилган инглиз тили курсига ёзилади. Бу жараёнда у нафақат тил ўрганади, балки ўзлигини англайди, ўзига бўлган ишончни қайта тиклайди ва атрофдагиларнинг ҳурматини қозонади.

Ҳиссиётга бой ва илҳомлантирувчи ушбу кино инсон ёши ва шароитидан қатъи назар, ҳар доим янги нарса ўрганиши ва ўзини ривожлантириши мумкинлигини исботлайди.

Шридевининг ижроси бутун дунёда юқори баҳоланган ва у “Ҳиндистоннинг Мерил Стрипи” деб таърифланган.

3. “Сен етим эмассан”, 1962

8 мартга деб ишланган ўзбек киноси йўқ. Лекин ҳар байрамда намойиш этса бўладиган мумтоз ва бошқа миллий киноларимиз талайгина. Аммо биз ўз бағрикенглиги ва меҳмондўстлиги билан тилга тушган қаҳрамон она тимсолини тавсия қиламиз.

“Сен етим эмассан” филми 1962 йилда “Ўзбекфилм” киностудияси томонидан суратга олинган, ўзбек киносининг энг сара дурдоналаридан бири ҳисобланади. Режиссёр: Шуҳрат Аббосов, сценарий муаллифи: Раҳмат Файзий. Бош ролларда Лутфихоним Саримсоқова ва Обид Жалилов.

Сюжет

Филм реал воқеаларга асосланган бўлиб, иккинчи жаҳон уруши давридаги тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов ва унинг рафиқаси Баҳри Акрамованинг қаҳрамонлиги ҳақида ҳикоя қилади. Улар турли миллатга мансуб 14 нафар етим болани асраб олиб, ўз фарзандларидек тарбиялайдилар.

Филм ўзбек халқининг бағрикенглиги, меҳмондорчилиги ва урушнинг оғир йилларида ҳам ўзгалар дардига шерик бўла олишини бутун дунёга кўрсатиб берган. Тошкент марказидаги “Халқлар дўстлиги” майдонида айнан шу оилага бағишланган ҳайкал ўрнатилган. Лутфихоним Саримсоқованинг ижроси миллионлаб томошабинларни йиғлатган ва ҳақиқий “ўзбек онаси” тимсолини яратган.

2. “Оналар”, 2012

“Оналар” (Мамы) киноси 2012 йилда Россияда суратга олинган, бир нечта қисқа ҳикоялардан иборат машҳур алманах-филм. У 8 март байрамига бағишланган бўлиб, она ва фарзанд ўртасидаги чексиз муҳаббат ҳақида ҳикоя қилади.

Филм 8 та алоҳида режиссёр томонидан суратга олинган 8 та турли ҳикоядан иборат. Бош ролларда Сергей Безруков, Дмитрий Дюжев, Михаил Пореченков, Егор Бероев ва бошқа кўплаб юлдузлар қатнашган.

Сюжет

Филм сюжети 8 март куни телефон алоқаси ишламай қолган вазиятдан бошланади. Байрам куни оналарига қўнғироқ қила олмаган фарзандлар ҳар қандай тўсиқларни енгиб, уларни шахсан табриклашга йўл оладилар. Ҳар бир ҳикоя ўзига хос: бирида бой тадбиркор онасининг қишлоғига боради, бошқасида эса кичкина болакай “дунёдаги энг яхши она” танловида қатнашади.

1. Жаннат оналар оёғи остида, 2024

Кинотавсиямизнинг биринчи ўрнига қардош қирғиз кино ижодкорлари суратга олган ўша машҳур филмни қўйдик.

“Жаннат оналар оёғи остида” (қирғизча: Бейиш – эненин таманында) 2024 йилда экранларга чиққан ва бутун Марказий Осиёни ларзага солган. Режиссёр Руслан Акун. Бош ролларда: Эмил Эсеналиев (Одил) ва Анаркул Назаркулова (Райҳон опа).

Филм Қозоғистон ва Ўзбекистонда кассабоп хитга айланди ва Қирғизистондан “Оскар” мукофотига номзод сифатида танлаб олинди.

Сюжет

Филмда 35 ёшли, аммо ақлий ривожланиши 8 ёшли бола даражасида бўлган Одил исмли шахснинг ҳикояси сўзланади. У 75 ёшли онаси Райҳон опа билан бирга яшайди. Бир куни Одил агар онасини муқаддас Макка шаҳрига пиёда олиб борса, онаси жаннатга тушиши мумкинлигини эшитади.

Одил онасини аравада етаклаб, Қирғизистондан то Саудия Арабистонигача бўлган узоқ ва хавфли сафарга отланади. Улар Ўзбекистон, Қозоғистон, Озарбайжон, Туркия ва Сурия каби давлатларни босиб ўтадилар. Бу йўл давомида кўплаб қийинчиликларга дуч келадилар, бироқ турли миллат вакилларининг меҳр-оқибати ва ёрдамига гувоҳ бўладилар.

2026 йилда мазкур филмнинг иккинчи қисми – “Жаннат: онамга мактуб” намойиши бошланди. Уни кинотеатрларда кўришингиз мумкин.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid