Тинчлик учун Нобел мукофоти: эътирофми ёки сиёсий қурол?
АҚШ президентлари кам ҳаракати, иши ёки бирор ташаббуси учун олган мазкур мукофотга Доналд Трамп нега бунчалик иштиёқманд бўлиб қолдию, нимага унга беришмаяпти?

Эрон атрофида можаролар тинмаётган бир пайтда эронлик ҳуқуқ ҳимоячиси ва 2023 йилги Тинчлик бўйича Нобел мукофоти лауреати Наргис Муҳаммадий 7,5 йилга озодликдан маҳрум этилгани ҳам юзага чиқди. Кўплаб давлатлар ўз орасидан ҳеч бўлмаса биттагина Нобел мукофоти совриндори бўлишини орзу қилади. Лекин Эронда борини ҳам жазолашгани бу мукофот аҳамияти ва қиммати ҳақида саволлар туғдиради. Хўш, Нобел мукофоти қандай мукофот ва у кимларга берилади, ўз соҳибига қандай имтиёзлар келтиради?
Нобел мукофоти обрў белгисими?
АҚШ президенти Доналд Трампнинг Тинчлик бўйича Нобел мукофотини олишга интилиши муҳокама қилинади. Трамп ҳам бу орзусини яширмайди. Нақд 8 та урушни тўхтатганини айтиб, қайта-қайта фахрланади. Тўғри, Эрондаги воқеалар бу орзуга андак соя солгандек кўринмоқда. Лекин бунга ҳам жавоб тайёр: “Трамп Яқин Шарқда тинчлик ўрнатилиши учун курашмоқда. Шу боис бу тинчликка раҳна солиши мумкин бўлган кучларни йўқ қилмоқда”.
Доналд Трампнинг асосий аргументи – у Исроил ва қатор араб давлатлари ўртасида муносабатларни нормаллаштиришда (“Иброҳим келишувлари”) ҳал қилувчи рол ўйнаган, шунингдек, Шимолий Корея атрофидаги дипломатик ташаббусларда иштирок этган эмиш.
Трамп бир интервюсида шундай деган: “Улар уни Обамага сайловдан кейин дарҳол беришди. Мен эса анча кўпроқ иш қилдим”.
Трамп учун Нобел мукофоти фақат шахсий эътироф масаласи эмас. Бу – мақом рамзи. Тинчлик бўйича Нобел мукофоти халқаро майдонда легитимликни мустаҳкамловчи кучли инструмент ҳисобланади.
Бироқ шунга қарамай, Трамп деярли Нобел мукофотига эга бўлди. Шу йил бошида Венесуэла мухолифати етакчиси Мария Корина Мачадо ўзининг Тинчлик бўйича Нобел мукофоти медалини Доналд Трампга “эркинлигимизга бўлган садоқатини эътироф этиш рамзи сифатида” топширди. АҚШ президенти медални қабул қилиб, буни “ўзаро ҳурматнинг гўзал ишораси” деб атади.
Бироқ Нобел қўмитаси медал бошқа шахсга ўтказилиши мумкин эмаслигини эслатди. Қўмита баёнотида шундай дейилган: “Нобел мукофоти эълон қилинганидан сўнг у қайтариб олиниши, бўлиниши ёки бошқа шахсларга топширилиши мумкин эмас. Қарор якуний ҳисобланади ва доимий кучга эга”.
Нобелни кимлар ва қайси хизматлари учун олган?
Тинчлик бўйича Нобел мукофоти (шведча – Nobelpriset, инглизча – Nobel Prize) 1901 йилдан бери бериб келинади. У таниқли швед ихтирочи ва саноатчиси Алфред Нобел (1833-1896) васиятига кўра таъсис этилган бўлиб, инсонлар ўртасида биродарликни мустаҳкамлаш, қуролсизланиш ва тинчликни рағбатлантиришга қаратилган. Нобелнинг энг машҳур ихтироси – динамит, яъни портловчи модда эди. Гарчи Нобел динамитни тинч мақсадларда – қурилиш ва кон ишлари учун ихтиро қилган бўлса-да, унинг кашфиёти кейинчалик вайронкор қурол ва одамларни йўқ қилиш воситаси сифатида қўлланилганидан қаттиқ изтироб чеккан.
Бутун дунёда тинчликка ҳисса қўшишни истаган Алфред вафотидан сўнг ўз бойлигини қандай тақсимлаш ҳақида ўйлай бошлайди. 1895 йил 27 ноябрда у Парижда учинчи ва охирги васиятномасини тузади. Унга кўра, мол-мулкининг катта қисмини физика, кимё, физиология ёки тиббиёт, адабиёт ва тинчлик соҳаларида “ўтган йил давомида инсониятга энг катта наф келтирган шахслар”ни тақдирлаш учун Нобел мукофотларини таъсис этишга бағишлайди.
Тарихчилар тасдиқлайдиган кенг тарқалган талқинга кўра, Алфред Нобел 1888 йилда газеталар унинг некрологини адашиб чоп этганидан кейин ўз обрўсини яхшилаш мақсадида мукофот таъсис этган. Газеталар уни вафот этган акаси Людвиг Нобел билан адаштириб юборган ва француз нашри “Ўлим савдогари ўлди” сарлавҳаси билан мақола чоп этган. Динамит ихтиросини вайронкор деб атаган бу мақола Нобелни ўз мероси ҳақида жиддий ўйлашга мажбур қилган. У ўзини қурол яратувчиси сифатида эмас, балки инсониятга наф келтирган шахс сифатида хотирлашларини истаган.
Шунинг учун у 1895 йилда, ўз номини оқлаш ниятида, вафотидан бир йил олдин, деярли барча бойлигини фан, адабиёт ва тинчликни рағбатлантирувчи мукофот таъсис этишга васият қилган.
Биринчи тақдирлаш
Илк Нобел мукофотлари 1901 йилда топширилган. Лауреат – физика соҳасидаги биринчи лауреат немис олими Вилҳелм Конрад Рентген бўлиб, у ўз номи билан аталган нурларни кашф этгани учун мукофотга сазовор бўлган.
Алфред Нобел ўз васиятномасига математика фанини киритмаган. Чунки мукофот инсониятга бевосита, амалий наф келтирадиган кашфиётлар(физика, кимё, тиббиёт)ни рағбатлантириш учун мўлжалланган эди.
Машҳур афсонага кўра, Нобелнинг рақиби бўлган математик Магнус Густав Миттаг-Леффлер унинг севгилисига муҳаббат изҳор қилгани сабабли математика соҳаси мукофотдан четлатилган. Аммо бу ҳикоя тўқима ҳисобланади: Нобел ҳеч қачон уйланмаган, Миттаг-Леффлер билан эса, эҳтимол, яқин муносабатда бўлмаган.
Асосий сабаб шуки, Нобел ҳаётни яхшилайдиган аниқ ихтиро ёки кашфиётлар учун мукофот беришни истаган. У абстракт, гарчи буюк бўлса-да, назарий ғоялар эмас, балки амалий натижаларни қадрлаган.
Машҳур лауреатлар
Нобел мукофотини ҳозиргача 100 дан ортиқ шахс ва ташкилотлар олган. Масалан, Теодор Рузвелт Россия-Япония урушида воситачилик қилгани учун ушбу мукофотни олган. У Нобел олган илк АҚШ президенти ҳисобланади.
Тарихдаги энг машҳур лауреатлардан баъзилари – Мартин Лютер Кинг АҚШда ирқий тенглик учун курашгани учун (1964), Нелсон Мандела Жанубий Африкада апартеидни тугатишдаги роли учун (1993), Малала Юсуфзай қизлар таълими ҳуқуқи учун курашганига (2014), Барак Обама халқаро дипломатия ва ядровий қуролсизланиш ташаббуслари учун (2009) ушбу мукофотни олишган.
Қайси миллат вакиллари энг кўп Нобел мукофоти олган?
Кўпчилик яҳудийларни ақлли, Нобел мукофоти лауреатларининг кўпчилиги (яъни 50%дан ортиғи) яҳудийлар, деган фикрда. Аммо бу тўғри эмас. Яҳудийлар ёки ота-оналаридан бири яҳудий бўлган шахслар лауреатлар орасида тахминан 22%ни ташкил қилади. 1901-2025 йиллар оралиғидаги 965дан ортиқ индивидуал лауреатдан камида 220 кишининг келиб чиқиши яҳудий бўлган. Қиёслаш учун – яҳудийлар дунё аҳолисининг фақат тахминан 0,2%ини ташкил қилади. Демак, уларнинг Нобел лауреатлари орасидаги улуши бутун дунё аҳолисига нисбатан 110 марта юқори.
Шунингдек, баъзида мусулмонлар энг кам Нобел мукофоти олган деган ишонч ҳам бор. Статистик маълумотларга кўра, мусулмонлар дунё аҳолисининг 20%дан ортиғини ташкил этади, лекин улар орасида Нобел лауреатлари улуши бошқа гуруҳлар билан солиштирганда жуда кам. Бутун тарихда тахминан 10-15 нафар мусулмон Нобел мукофотига сазовор бўлган, уларнинг эса табиий фанлар (физика, кимё) бўйича лауреатлари жуда кам.
Кимлар мукофот учун курашган, аммо ололмаган?
Тарихда Нобел тинчлик мукофотига номзод бўлган, аммо ололмаган шахслар ҳам кўп. Масалан, Маҳатма Ганди бир неча бор номзод бўлган, лекин унга мукофот берилмаган. Кейинчалик Нобел қўмитаси буни “энг катта камчиликлардан бири” деб тан олган.
Владимир Зеленский сўнгги йилларда номзод сифатида тилга олинган, аммо мукофот олмаган. Нобел танлови ҳар доим сиёсий муҳокамалар марказида бўлиб келган.
Мукофот қандай имтиёзлар беради?
Тинчлик мукофоти лауреатига тахминан 11 миллион швед кронаси (сўнгги йилларда) миқдоридаги пул мукофоти берилади. Расмий тақдирлаш маросими Ослода ўтказилади. Мукофот лауреат глобал сиёсий ва ахлоқий нуфузга эга бўлади. Мукофотнинг моддий томони муҳим, аммо маънавий ва сиёсий капитали анча кучлироқ.
Нобел – бу халқаро легитимлик рамзи. У сиёсий имижни яхшилайди, халқаро майдонда обрўни оширади, ички аудитория учун кучли пропаганда воситаси бўлади, тарихда ном қолдириш имконини беради. Бундай истиқбол Доналд Трамп учун айни муддао бўлса креак.
Хулоса
Нобел тинчлик мукофоти ҳақиқий тинчликка эришганлар учун берилиши керакми?
Ёки уни стратегик равишда бериб, можароларни юмшатиш воситаси сифатида ишлатиш мумкинми?
Назаримизда, мукофот аввало амалий натижа берган ҳаракатлар учун топширилиши керак. Чунки ҳақиқий тинчлик – рамз эмас, ҳаёт сақлаб қолишдир.
Қисқа қилиб айтганда, Нобел урушларни тўхтата олмайди. Аммо у инсониятга тўғри йўналиш ва ибрат кўрсатиши мумкин холос.
Абулфайз Сайидасқаров
