Фарғонада жамоат транспорти тўлиқ нақдсиз тўловга ўтди
Бу ҳақда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг тегишли қарори чиқди. Ҳужжат дарҳол кучга кириши белгиланган.

Фарғона шаҳрида жамоат транспорти тўлиқ элекрон тўловга ўтди. Бу ҳақда 5 март куни вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг тегишли қарори эълон қилинди.
Қарорга кўра, Фарғона вилоятининг шаҳарларида, шаҳар йўловчилар транспортида йўловчилар ва багаж ташиш хизматларининг чекланган тарифи, автобусларда бир нафар йўловчи учун йўл ҳақи 3000 (уч минг) сўм бўлди. Жамоат транспортида нақд пулсиз тўлов тизимини жозибадорлигини ошириш, мазкур тизимдан фойдаланишда йўловчиларни кенг жалб қилиш, соҳадаги яширин иқтисодиёт улушини камайтириш мақсадида автобусларда электрон шаклда тўланган тўловлар (транспорт картаси, АТТО, банк карталар) орқали бир нафар йўловчи учун бир марталик рағбатлантирувчи йўл ҳақи тарифи 2400 (икки минг тўрт юз) сўм қилиб белгиланди.
Ушбу қарор эълон қилинган кундан кучга кириши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, январдан Бухорода жамоат транспорти учун нақд пулсиз тўлов тизими жорий этилганди. Бу ҳақда 24 январ куни вилоят ҳокими Ботир Зариповнинг қарори эълон қилинган.
